Коррупцияга қарши кураш доимо долзарб аҳамият касб этади
23.09.2026 22
Коррупция кенг ёйилган иллат бўлиб, унга қарши кураш газ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга ошириш даврида долзарб аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда шахс ва жамият манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, коррупцияни олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниши ҳам амалий саъй-ҳаракатларнинг бир кўринишидир.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳақида қонуннинг 3-моддасида асосий тушунчалар берилган. Ушбу қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар – аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат. Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатлари, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жавобгарлик белгиланган ижтимоий хавфли қилмишлар коррупциявий жиноятлар ҳисобланади. Бу ўзлаштириш, талон-торож қилиш, жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш, ҳoкимият ёки мaнсaб вaкoлaтини суиистеъмoл қилиш, ҳoкимият ёки мaнсaб вaкoлaти дoирaсидaн четгa чиқишдир. Шунингдек, ҳoкимият ҳaрaкaтсизлиги, пoрa oлиш, пoрa бериш; пoрa oлиш-беришдa вoситaчилик қилиш, товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш, ва бошқалардан иборатдир.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамиша муҳим бўлиб келган. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши учун ҳар бир фуқаро ҳушёр бўлиши, бу иллатга қарши курашиши керак. Шунда бу иллатнинг илдизи кесилади.
Ушбу қонуннинг 5-бобида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги назарда тутилган. Мазкур қонун давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми сифатида хизмат қилади.
Турсунбой Расулов,
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг Моддий ресурлардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими бошлиғи
