Андижонда

Малакали кадрлар тайёрлаш тизимида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар


23.09.2026   18

Газ соҳаси иқтисодиёт ва энергетиканинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, унинг ривожи малакали мутахассислар билан таъминланишга боғлиқ. Аммо анъанавий таълим тизими кўпинча амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашда етарли эмас. Натижада, соҳада ишчи кучи танқислиги юзага келмоқда. Бу муаммони ҳал қилишда дуал таълим тизими – назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштирувчи усул – дунё тажрибасида самарали ечим сифатида эътироф этилмоқда.

Шундай экан, дуал таълимнинг ўзи нима? деган савол туғилади. Бу тизимда талабалар билимни ўқув юртларида олади, амалий кўникмаларни эса корхоналарда эгаллайди. Ривожланган давлатлардан Германия ва Швейцария бу борада етакчи ҳисобланади. Германияда олий таълим муассасаси битирувчиларининг ярми, Швейцарияда эса учдан икки қисми дуал таълимни танлайди. Натижада, бу давлатларда ёшлар орасида ишсизлик даражаси паст (Германияда 6%, Швейцарияда 3-4%) ва иқтисодиёт тармоқларига мос кадрлар етишади. Энергетика соҳаси ҳам айнан амалий тажрибага таянадиган соҳа бўлиб, дуал таълим бу эҳтиёжни қоплашга ёрдам беради.

Ана шундай илғор тажрибалар Андижондаги олий ўқув юртларида ҳам қўлланилмоқда. Андижон давлат техника институтининг 4-босқич талаблари ҳам “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалига ташриф буюришиб, дуал таълим бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширмоқдалар. Мазкур институтнинг “Нефт ва нефт-газни қайта ишлаш технологияси” йўналиши талабалари Филиалда малакали мутахассислар билан учрашиб, дарс соатларида амалиётдаги ишга доир мавзуларда маърузалар тинглашмоқда.

“...Бугун талабаларимиз билан газ соҳасисининг хусусиятлари ва миллий иқтисодиётдаги ўрни ҳамда корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари” мавзуларида суҳбатлашдик, - дейди Андижон давлат техника институти “Иқтисодиёт” кафедраси катта ўқитувчиси Мавлудахон Тургинова. – Шунингдек уларга, айнан соҳада ишлаб келаётган малакали мутахассислар ҳам мавзуга мос маърузалар қилишди ҳамда реал иш жараёнидаги ҳолатлар бўйича маълумотлар беришди. Бу эса битирувчи талабалар иш бошлагандан кейин кўпроқ нималарга аҳамият бериши зарурлиги бўйича асқотади, албатта...”

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, дуал таълим Ўзбекистонда энергетика соҳасида ҳам кадрлар муаммосини ҳал қилишнинг самарали усули бўла олади. Натижада, ёшлар рақобатбардош малака олади, миллий иқтисодиёт эса тайёр мутахассислар билан таъминланади. Бу тизим таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги кўприк бўлиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати