Атрофга назар

Кун мавзуси: “Чиқиндидан қарзимни тўламайман – светсиз қоламанми?”


15.11.2024   453

Энди аҳоли чиқинди пулини вақтида тўлашга ҳаракат қилади. “Свет”сиз қолиш ҳадиги бугун одамларни сергаклантиргани рост. Чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларга СМС хабарномалар огоҳлантирувчи тарзида юборилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар авж олди. Ижтимоий тармоқларда ҳам “Ўзбекистонда аҳоли чиқинди пулини тўламагани учун электр энергиясини ўчириб қўйишни бошлади” мазмунидаги хабарлар тарқалди.

Маълум бўлишича, давлатимиз раҳбарининг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентлар СМС орқали хабардор қилиб бориш амалиёти белгиланган.

Шунингдек, мазкур фармон асосида чиқинди бўйича қарздорлик ҳақида огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаган истеъмолчиларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти жорий этилиши қайд этилган. Таъкидланишича, ижрони таъминлаш мақсадида 2024 йилнинг октябрь ойидан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали мазкур огоҳлантириш хабарларини юбориш амалга оширила бошланди.

Аммо чиқинди қарздорлиги учун юборилган хабарномалар юзасидан истеъмолчилардан шикоятлар ҳам келиб чиқиши бор гап. Бу масала бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ томонидан чиқинди йиғиш ва ташиш хизматларига мурожаат қилиш сўралган: Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги тақдим этган маълумотлар асосида хабар юбораётганлиги маълум қилинган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, аввалроқ 2024 йил 1 июндан Ўзбекистонда чиқинди олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда истеъмолчи электр энергияси учун пул тўлай олмаслиги хабар қилинганди. Бунда 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун, 2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун, 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан эса республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга оширишда чекловлар ўрнатилади.

Хўш, асос қилиб олинаётган меъёрий ҳужжат - “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида мазкур масалада асосан қайси ҳолатлар назарда тутилган?

Энг муҳим бандларга назар ташлаймиз:

- 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

- 2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

- 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга оширишда чекланади.

Демак, кўринадики, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар асоссиз эмас. Ва мамлакатнинг ҳар бир фуқароси қонун ва қонуности ҳужжатларга бефарқ бўлмаслиги керак. Чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни “ёпиш” учун ўз вақтида ҳаракат қилиш бугунимизнинг вазифаси. Чунки олдимизда қишли-қировли мавсум турибди. Эртага совуқнинг аёзида “свет”сиз ўтириш кимга ҳам ёқади?

Дарвоқе, шу ўринда вилоятимизда куз-қиз мавсумига тайёргарлик бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Андижон ҳудудий филиали томонидан олиб борилаётган ишлар билан қизиқдик.

- Айни вақтда вилоят аҳолиси, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларига 138 дона подстанция, 19 минг 124 км. ҳаво электр узатиш тармоқлари, 224 дона катта куч трансформаторлари ҳамда 8 минг
273 дона паст кучланишли трансформатор пунктлари орқали 707 765та истеъмолчиларга, жумладан, 685 145 та аҳоли хонадонлари, 22 620та тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси белгиланган тартибда етказиб берилмоқда, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг вилоят филиали матбуот котиби Мухлиса Собирова. - Жорий йилда режага асосан 2171 км. электр узатиш тармоқлари ва 828 дона трансформатор пунктлари мукаммал ҳамда 4126 км электр узатиш тармоқлари, подстанциялардаги196дона куч трансформаторлари ва 1592 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди. Андижонликларга янада қулайлик яратиш мақсадида, яъни ҳудудларда меъёридан ортиқ юклама билан ишлаётган куч трансформаторларини катта қувватлисига алмаштириш учун Хитой халқ республикасидан 10 та қуввати 40 МВА кучланиши 110/35/10 кВ. куч трансформаторлари олиб келинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги “Андижон вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Бўстон ва Улуғнор туманлари истеъмолчиларининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 110 кВ. кучланишли 35,2 км. узунликдаги электр узатиш тармоғи ҳамда 2 та қуввати 2х40 МВА бўлган подстансия қуриш ишлари бошланган.

*****

Аёзли кунлар яқин. Электр энергияси, табиий газ таъминоти ўтган мавсумлардагидан-да долзарб. Ҳеч ким қишнинг изғиринида, шамолли-ёмғирли мавсумда “иссиқлик”сиз қолишни хоҳламайди. Албатта, масъуллар вилоят аҳлини электр таъминоти билан узлуксиз таъминлаш борасидаги амалий ишлар билан банд. Аммо қарс икки қўлдан чиқишини ҳам унутмаслигимиз керак. Юқорида мавзуни бошлаганимиз – чиқинди хизматидан қарздорлик бўйича муаммоларни бартараф этсак бас... СМС хабарномаларга эса бефарқ бўлмайлик.

Зилола РАҲМОНОВА