Андижон 24

Кун мавзуси: СОFЛОМ ҲАЁТ САРИ ҚАДАМ ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШДАН БОШЛАНАДИ


18.12.2021   50

Ортиқча вазн ҳар доим ҳам энг глобал мавзудаги муаммолардан бири бўлиб келган. Яқиндан буён бу ҳолат жиддий тус олиб, инсон ҳаётига катта хавф туғдирмоқда.

Тўғри овқатланмаслик, ярим тайёр маҳсулотлар истеъмоли, фаст-фудлар, шунингдек, кам ҳаракатлилик вазнни ортишига, инсон саломатлигига жиддий таъсир қилишига, қандли диабет, гипертония ошқозон-ичаккасалликлари, каби бедаво дардларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Диетологлар, ушбу соҳа мутахассислари сўнгги йилларда бу жараён билан кескин курашиб, озишнинг самарали ва инсон саломатлигига зарар етказмай вазн ташлаш йўлларини қидирмоқдалар. Телеграмм гуруҳларида, кўча-кўйда "Тўғри овқатланиш", "Соғлом турмуш тарзи" сингари эълонларга дуч келяпмиз. Халқ тилида буни "ПП" – "правильнўй питание", яъни – "тўғри овқатланиш", деб юритилади.

Тўғри овқатланиш– соғлом турмуш тарзининг асосий бўлаги ҳисобланиб, инсон фойдали минерал ва витаминларга бой маҳсулотлар тановул қилиши лозим.Таркибида оқсил, калций ва бошқафойдали клетчаткаларга бой, овқатланиш ратционини бойитган ҳолда организмга ҳеч қандай зарар бермасдан соғлом озишмақсадга мувофиқ. Бу барчамиз билгандек парҳез эмас, балкимева-сабзавот, дуккаклилар, оқсиллар билан танани соғломлаштириш, чиниқтиришдир.

Тўғри овқатланиш инсонга нима беради?

Аввало тартиб билан овқатланилади.Бунда нонушта, тушлик, оралиқ вақтдаги кичик тушликларни ўз вақтида сабзавотлар ва оқсиллар билан биргаликда тановул қиламиз.

Доимий сув ичиб юрилади. Ҳар бир кишикунига камида 2 литр сув ичиши керак. Ўз қонун-қоидаси билан, аввал оч қоринга эрталаб200 мл атрофида, сўнгра ҳар тановулдан ярим соат олдин ичилади. Кечки соат олтидан сўнг ичилган сув буйракни тез ишдан чиқаради.

Баъзида фақатгина гречка ёки қатиқ, гуручдан фойдаланиб олиб борилган парҳезлар инсон онгига емаган нарсасини доимий сигнал қилиб туради. Қачонки, бу парҳез тугатилиб, маълум вазн ташлангандан сўнг,олдингидан ҳам кўпроқ тақиқланган нарсани егиси келади натижада йўқотилган вазн икки баробар ортади.

-Албатта жисмоний фаоллик билан биргаликда олиб борилади. Тўғри овқатланиб ортиқча вазн ташлаш жараёнида тери бўшашиб, осилиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам доимий спорт билан шуғулланиш- югуриш, пиёда юриш, велосипед минишкаби доимийжисмоний фаоллик қоматни гўзал бўлишига, танани чиниқишига олиб келади.

Аслида мумкин бўлган маҳсулотлар тақиқланганларидан кўп ва фойдалироқдир. Кўпчилик бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмаслиги туфайли тўғри келган озиқ-овқат билан таомланишга ўрганиб қолган. Шу сабабли ҳам доимий углеводлар билан овқатланадилар.

Мумкин бўлган маҳсулотлар - минерал сув, мол гўшти, товуқ гўшти, балиқ, жигар, тухум, тил, қази, холодес, қизил сабзи, сабзавотларнинг ҳамма тури, кўкатлар, мевалар, сули ёрмаси, барча дуккаклилар, қора нон, қуритилган мевалар, чақ-чуқлар, сут маҳсулотлари, зайтун ёғи ва мевалари, аччиқ шоколад, асал, йогурт ва шакарсиз кофе.

Мумкин бўлмаган маҳсулотлар - картошка (қайнатилган, қовурилган), оқ ун маҳсулотлари (оқ нон, булочка, батон, хамирли егуликлар), гуруч, шакар, ширинликлар, аччиқ ва шўр нарсалар, газли ичимликлар, фаст-фудлар, музқаймоқ ва соклар.

Мумкин бўлган таомлар - гречка, мошхўрда, мошкичири, шўрва, кўза шўрва, кабоблар, мангалда пишган гўшт, жигар қовурма, дўлма, нўхат, карам, ток, булғори дўлмалари.

Юқорида берилган маҳсулотлардан фойдаланиб ҳам зарарсиз ҳамда организмга етарли бўлган минераллар билан соғлом озиш мумкин.

Нилуфар Собирова, уй бекаси 48 ёш: - менда ортиқча вазн ортиб, бошим касалдан чиқмай қолди. Ҳали қон босимим кўтарилган, ҳали ўт пуфагим димланган. Кунда,кунора касалхонага қатнайман. Вазним 100 килодан ортиқ эди, семизлигимдан уялиб янаям асабийлашдим. Бир куни тўғри овқатланишдастурига дуч келдим ва шу асосида таомлана бошладим.Тобора соғломлашиб, бир ойда 9 кило вазн ташладим. Хурсандлигимни таърифлолмайман. Озиб, қоматим гўзаллашиб борган сари соғлиғимда ҳам катта ўзгаришлар содир бўла бошлади.Уч ойдан буён тўғри овқатланмоқдаман. Ўз-ўзидан соғлиғим тикланди, мени қийнаётган муаммолар ечимини топа бошлади. Ҳозирда 75 кг бўлдим, шахсий ҳаётимдаги ўзгаришлар, танам билан бирга руҳиятим ҳам гўзаллашмоқда. Фарзандларим, оиламдагиларга ҳам тўғри овқатланишни ўргатдим. Шуни билдимки,соғлиғимизга ўзимиз жавобгар эканмиз.

Дилдора Ботирова, соғ-лом турмуш тарзи етакчиси, фитнес тренер 49 ёш: - фаолиятим давомида жуда кўплаб аёллар билан ишладим. Асосан ортиқча вазн муаммоси билан ҳузуримга келишади. Аввало, уларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмай, ички муаммолари, семизликни келиб чиқиш сабаблари, гормонал ўзгаришлар, ҳаётидаги муаммолари билан қизиқаман. Бирданига уни ема, буни е, деб айтолмайман. Бундай кескинлик ёш болани севимлиўйинчоғини қўлидан олиб қўйишдек гап. Секин-асталик билан тушунтириб, зинама-зина давом эттираман. Инсон психологияси бунда биринчи ўринда туради. Очлик энг катта душманимиздир. Киши қачон оч ҳолатда бўлса тез ва хоҳлаган нарсасини ейишга ошиқади. Шу сабабли қачонки қорнингиз очганини ҳис қилсангиз биринчи ўринда сув ичинг. Бу нотўғри овқатланишни олдини олиб, сизга тўқлик ҳиссини беради. Аёллар кучли ва курашувчандирлар. Албатта, мақсад қилдиларми, бунга эришадилар. Мен ҳам меҳнатларим самарасини кўриб қувонаман. Ортиқча вазндан халос бўлган қиз-жувонлар тўғри овқатланиб, ўзлари истаган натижага эришганларида мендан бахтли инсон бўлмайди.

Шундай экан келинг соғ-лом ҳаёт сари бугундан қадам ташлайлик. Ишимизга ёки борадиган масканимизга бироз бўлса-да пиёда отланайлик. Умримизнинг энг гўзал даврлари саломатлик билан боғлиқ экан. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасини бахтиёрлик билан ўтказайлик.

Моҳигул СИДДИҚОВА тайёрлади.