Кун мулоҳазаси: Газета - тирик тарих, буюк донишманддир
09.06.2025 309
Бугун одамлар интернет уммонига шўнғиб кетган. Тонгда уйқудан кўз очибоқ, кафтдек матоҳдаги ижтимоий тармоқларга назар ташламаса, дунёдан бехабар қолиб кетади, гўё. Транспортда, жамоат жойларида, яширмаймиз, ҳатто дарс жараёнларида ёки мажлисда ҳам дафтар ёки китобни пана қилиб, телефон “титкилаймиз”. Ҳафа бўлманг-у, ота-онамизни йўқлаб борганимизда ҳам қўлимиздан телефон тушмайди-да!
Ижтимоий тармоқ, росту ёлғон аралаш бонг ураётган глобал ахборот макони бизни реал ҳаётдан узоқлаштириб юборяпти. Ана шу “маънавий таҳдид” дан бироз бўлса-да нари бўлиш мақсадида талабалар билан тез-тез кутубхоналарга, таҳририятларга, китоб дўконларига бориб турамиз. Китоб, газета, журналларни варақлашнинг завқи ўзгача.
Таҳририятларнинг бирида ишлайдиган тажрибали, қалами ўткир журналист опахон шундай деган эди: “Олийгоҳнинг филология факультетини қизил дипломга битирган талаба сифатида гўё мендан билимдони йўқдек газетада иш бошладим. Кўп ўтмай, назария ўз йўлига, амалиёт эса умуман бошқа эканини англаб етдим.
Ҳар бир мухбирнинг ўз услуби, сўзларни моҳирона қўллаши, синонимлардан унумли фойдаланиши, ёритмоқчи бўлган соҳасига оид қонунчиликни, янгиликларни, терминологиясини чуқур билиши мени лол қолдирган. Таҳририятдаги барча устозлардан бир бошидан жуда кўп илм олдим.”
Бу гап талабаларимизга яхши туртки бўлди. Улар опанинг сўзларидан сўнг тез-тез газеталар ўқишни одат қилдилар. Факультетимизда мамлакатимиз ҳамда хорижда чоп этилаётган газета ва журналлар тахламлари кўп. Уларни мутолаа қилар эканмиз, албатта, ниманидир ўрганамиз. Айниқса, ўзбек тилида чоп этилаётган “Халқ сўзи,” “Янги Ўзбекистон”, “Жадид”, “Ҳуррият”, “Ишонч” газеталарини ўқибгина қолмай, мутахассис сифатида стилистик равонлик, сарлавҳа танлаш, мавзуни очиб бериш жаҳатларига эътибор қаратамиз.
Талабаларимиз уйларига борсалар, албатта, вилоятларида чоп этилаётган газеталарни олиб келадилар. Маҳаллий газеталарда бериб борилаётган мунозарали мавзулар эътиборимизни тортади. Айниқса, “Андижоннома”, “Зарафшон”, “Тошкент ҳақиқати” даги материаллар долзарблиги, таҳлилийлиги билан ажралиб туради.
Бундан ташқари инглиз тили биринчи факультети 2 -3- босқич талабалари Моҳира Суюнбоева, Асила Ғаниева, Зебунисо Жамолова, Жамолиддин Бурҳонов, Абдуллоҳ Ҳакимжонов, Насиба Раҳмонқулова билан биргаликда Алишер Навоий номидаги кутубхонага бориб, вилоят газеталари таҳламларини кўздан кечирганимизда улар саводхонлик, стилистик равонлик, содда ва қўшма гапларнинг ўринли қўлланилиши, халқона қочиримлар, ибораларнинг топиб айтилиши борасида катта мактаб эканига гувоҳ бўлдик. Маънавият, соғлом турмуш тарзи, бугунги етишиб чиқаётган кадрлар салоҳияти, ўқувчи нега репетиторга боради каби мулоҳазага чорловчи мавзуларни машғулотларимиз давомида биргаликда муҳокама қилиб борамиз.
Газета тили она тилимизга ҳамоҳангдир. Интернетдаги хатоларга лиқ матнлардан чарчаб, асабингиз қақшаганда газета саҳифаларидаги жумлалар сизга таскин беради. Унда сўзлар пайдар-пай қўлланилмайди, энг саралари танлаб олинади. Мақолаларга сарлавҳа топиш ҳам бир маҳорат. Хуллас, газетанинг ҳар бир сонига алоҳида ёндашилади, бири иккинчисини такрорламайди, саҳифаларда манавият, маърифат уфуриб турарди.
Телефондан, ижтимоий тармоқлардаги миш-мишлару, кимўзарга ҳали боласини, ҳали еган овқатини, ҳали фалон миллион сўм турадиган либосини мақтанаётган шоу бизнеснинг енгил-елпи фикрларидан толиққанингизда газета ўқинг, китобни қўлга олинг. Фейсбук, телеграм, инстаграм, тик-ток... буларнинг бари энг қимматли вақтингизни ўғирлайди, сизни ялқов қилиб қўяди, миянгизни ортиқча ва кераксиз маълумотлар омборига айлантиради.
Газета – тирик тарих, оҳанрабоси бор донишмандга ўхшайди. Уни варақлаган инсон ишқибозига айланади. Ҳар сонини интиқлик билан кутадиганлар, почтага ҳам қарамай, таҳририятдан олиб кетадиганлар бисёр. Унда берилаётган хабарлар, албатта, асосли, таҳлиллари исботи билан, танқидлари эса ўринли бўлади.
Филолог бўлганимиз боис, ОАВдаги ҳар бир айтилаётган гапни мутахассис сифатида таҳлил қилишга кўникканмиз. Ҳозирда интернет сайтлари, ҳатто телевидение ва радиода ҳам газета тилидек ширали, турли қайтариқларсиз, равон тил кўрмадим. Хулосамиз шу, газета ва сара китобларни кўпроқ ўқинг. Кеч бўлмасидан ҳақиқий ҳаёт, чин саодат, илмли устоз газета ва китоблар эканини англайсиз.
Ҳаётхон ЎРИНБОЕВА,
Қизлархон ДЖАББОРОВА,
ЎзДЖТУ, инглиз тили назарияси аспектлари 1 кафедраси
катта ўқитувчилари.