Кун саволи: Андижон аэропортининг фаолияти нега тўхтатилган?
25.11.2024 313
Андижонга ҳаво йўллари орқали қўшни вилоят ва қўшни давлатлардан кириб келишга кўникканларни шу савол ўйлантираётгани аниқ. Хўш, чиндан ҳам аэропорт нега ишламаяпти?
Ҳақли саволга жавоб беришдан аввал бироз ортга назар ташласак.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, 1992 йилда аэропорт Ўзбекистоннинг юрисдикциясига ўтган. Андижон халқаро аэропорти сифатида фуқаролик мақсадларида фойдаланилади. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига уй аэропоти ҳисобланади. Аэровокзал биноси 1976-1978 йилларда курилган бўлиб, 1979 йилда фойдаланишга топширилган, соатига 200 та йўловчига хизмат кўрсатилган.
2015 йилда халқаро аэропорт мақоми берилган ва 2019 йилдан бошлаб “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтган. Бинода йўловчиларнинг келиш-кетиш терминали, транзит йўловчилар зали ва расмий делегацияларга хизмат кўрсатиш зали мавжуд.
2020 йилда давлатимиз раҳбарининг “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан аэропортга “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номи берилган.
2020 йил 1 августдан мазкур халқаро аэропортда “бешинчи ҳаво эркинлиги” ҳуқуқини қўллаган ҳолда очиқ осмон режими жорий этилган.
Айни пайтда Андижон халқаро аэропортида рейслар амалга оширилмаяпти. 2023 йил 1 апрелдан реконструкция қилиниши муносабати билан парвозлар учун ёпилган.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарининг трансформация қилиш ва қўллаб қувватлаш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 январдаги Баёнига асосан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги“Андижон халқаро аэропорти” аэродром ҳудудидаги мавжуд инфратузилмани реконструкция қилиш бўйича аэродром қопламаси элементларини реконструкция килиш ишлари (хаво кемаларини учиш ва қўниш йўлаги) 2024 йил февраль ойидан бошланган, ушбу лойиҳани 2024-2025 йилларда амалга ошириш белгиланган. Реконструкция доирасида янги аэродром мажмуаси, жумладан, узунлиги 3300 м. ва эни 60 м. бўлган учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари, самолётлар учун еттита тўхташ жойига эга перронни қуриш кўзда тутилган, - дейди директор Сохибжон Кенжаев. - Эслатиб ўтиш жоиз, учиш-қўниш йўлаги 1941 йилда қурилган ва 1967-1968 йиллари реконструкция қилинган ва 1980 йилда қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофа Вазирлиги балансидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси балансига ўтказилган. Аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги ҳаво кемаларини ва барча турдаги вертолётларни ҳамда чекланган миқдорда Б-757-200 (кунига 1 марта учиш қўниш) ва Ил-76 (147400кг кунига 1 марта учиш қўниш) ҳаво кемаларини қабул қилишга мўжалланган ва кунига 18-20 та ҳаво кемаларига хизмат кўрсатилган.
Шу кунга қадар аэропортнинг мавжуд учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2985 метр ва эни 44 метр бўлиб, йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти паст, шунингдек, замонавий ёритиш тизими йўқлиги сабабли кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда ва тунда фаолият олиб боришда чекловлар мавжуд эди. Эндиликда реконструкция жараёнларида аэродром мажмуасида барча турдаги ҳаво кемаларини тунги вақтда ва қийин об-ҳаво шароитида қабул қилиш-жўнатиш имконини берувчи ICAO иккинчи (CAT-II) тоифали ёритиш мосламалари ўрнатилади.
Янги аэродром мажмуаси учун узунлиги 3300 м., эни 60 м. бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилади, шунингдек, тунги вақтда ва оғир об-ҳаво шароитида барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш имконини берувчи ёритиш мосламалари билан жиҳозланади.
********
Ҳозирда “Uzbekistan Airports” АЖ буюртмасига асосан бош лойиҳа ташкилоти - “Аэро-йўл лойиҳа” МЧЖ ҳамда бош пудрат ташкилоти – “DORKOMPLEKTSNABPLUS” МЧЖ томонидан реконструкция ишлари олиб борилмокда.
Зилола РАҲМОНОВА