Атрофга назар

КЎНГИЛДАГИ БИТИКЛАР


17.11.2022   283

Аёл ҳамиша, ҳар жойда эъзозга муносиб. Ер куррасининг қай бурчаги бўлмасин, хотин-қизларга кўрсатиладиган эътибор юксаклигининг гувоҳи бўламиз. Ҳаётда, турмушда аёлнинг оқилалиги муҳим ўрин тутади. Умр йўлдош танлашда ҳам, энг аввало, унинг зеҳнига, ўқимишлилигига аҳамият берилса, турмуш муштларида, рўзғор ғорида муаммолар гирдоби тортиб кетмайди. қиз-аёлларнинг диний-дунёвий илм олишлари оилада, фарзанд тарбиясида алоҳида аҳамият касб этади, дея ҳисобланади.

ИЛК ҚАДАМ

Оилада қиз фарзанд туғилди. Она бўлмиш шод: “ҳадемай ёрдамчимга айланади...” Ота бўлмишнинг кўнглида ширин орзиқиш: “қиз отага меҳрибон бўлади, дейишади. Онамдайин куюгим бўлади ҳали...”

Атак-чечак қилаётган жажжи қизалоқ “ая”, “дада” деганида ота-онанинг орзу тўла қалби тоғ қадар ўсади. У илк бор жамалак сочларига оппоққина лента тақиб, мактабга қатнай бошлаганидаёқ суянчиқларининг қалбига хавотир ўрмалади: “қиз бола нозик, тарбияси ундан-да нозик...” Мактабни битириш арафасида турган қизойимнинг ташвиши эса унга масъулларнинг елкасига катта масъулият юклайди.

ТАРИХГА НАЗАР

Тарихнинг олтин зарварақларига ўзининг иқтидори, ўткир заковати ила муҳрланган нозикжинс вакилалари талайгина. Улар нафақат ўзларининг сулолаларининг шаънини юксакка кўтарган, балки миллатимиз шуҳратини ҳам оламга ёйган зеҳн маликаларидир. Фарзандининг мардона ўлими қошида ўзини йўқотмай, халқ тинчлиги йўлида минг бир курашларни жасорати, идроки билан енгган ватанпарвар Тўмарис давлат ва жамоат ишларидаги муаммоларини ўткир ақли, юксак фаросати ила бартараф эта олган Бибихоним, мумтоз адабиётимизнинг ёрқин вакилалари Нодирабегим, Увайсий, Зебунисобегим, Анбар отинлар тарихга айланиб улгурган. Саида Зунунова, Зулфияхоним сингари ўзбек зиёли аёлларининг ҳаёт йўллари чинакам ибратга лойиқ. Ўз даврининг машаққатини ҳис этиб, халқ дардига шерик, малҳам бўлиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Аёлликнинг назокатларига турмушнинг оғиру енгилини ўраб, оиласига, юртига наф келтира олишнинг ўзи катта иш. Ўтмиш саҳифаларида кулиб юз очаётган нурсиймо момоларимиз ибрати ҳар қадамда биз - ёшларга сабоқ бўлмоғи лозим.

БУГУННИНГ ҚИЗЛАРИ

Бугун юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ҳар қачонгидан юқори. Давлат, жамоат ишларида ўзининг ақлу заковати билан фаол иштирок этаётган аёлларимизнинг фаолияти ҳақида ҳар қанча гапирсакарзийди.

Бугуннинг қизлари Зулфияхоним издошлари, Навоий, Беруний, Президент номидаги стипендиялар соҳибалари... улар ўз салоҳияти, заковати, тадбиркорлиги билан юрт равнақига ҳисса қўшаётгани қувонарли хол. Фан, маданият, адабиёт, санъат, спорт каби соҳаларнинг ривожига ўзларининг улкан ютуқлари, юксак ғалабалари билан ривож қўшаётган назокату нафосат маликаларига қараб ҳавасингиз келади. Беихтиёр қизингизнинг улар каби ўқимишли, оқила бўлишини, оиласининг, юртининг фахрига айланишини ич-ичингиздан истаб қоласиз...

“ОТАНГГА РАҲМАТ”НИНГ КАЛИТИ

Ўзбекнинг яхши бир гапи бор: “Фарзандимнинг нонибутун бўлсин”. Бу “бутунлик”нинг асосида шаксиз, ўқиш-ўрганиш, ҳунарли бўлиш мужассам. Ота-она фарзандининг бирор соҳа эгаси бўлиши учун қайғуриши шарт. Оила аслида тарбия ўчоғи. Фарзандлар камоли бенуқсон бўлишда оиладаги муҳит катта аҳамият касб этади. Чиройли насиҳатлар, ўрнак бўларли ишлар қиладиган ота-оналар дилбандлари келажаги учун яхшиликдан пойдевор қўядилар. Шунингдек, қизларига ёшлигидан илм бериб, қўлларига китоб тутиб, уларнинг яхши фарзанд, яхши рафиқа, яхши келин, яхши уй бекаси, яхши она бўлишлари учун етарлича таълим – тарбия олишларига имконият яратган, уларнинг орзу ва қизиқишларини ҳамиша қўллаб-қувватлаган ота-оналар энг хайрли иш соҳибларидир.

Ўзга хонадон остонасига қадам қўйган келинчак оқилалиги, чаққонлиги туфайли янги оилада ҳурмат қозонди: “Отангизга раҳмат, қизим!”

Кўзларида севинч ёши милтиллаган қизнинг қулоғи остида олқиш жаранглади: “Отангга раҳмат!”

“ҚИЗИМ ЎҚИМАЙДИ!” ДЕГАНЛАРГА...

Кундалик ҳаётимизда қизларнинг ўқишларига қаршилик қилувчи айрим оилалар, афсуски, учраб туради. Оиладаги носоғлом муҳит туфайли осмон қадар орзуларидан воз кечаётган қизлар йўқ эмас, албатта. қулоғимизга тез-тез чалингувчи “қиз бола ўқиб, шаҳар олиб берармиди?”, “қиз боланинг ўқиб-ўргангани қаерга борарди?” қабилидаги бемаза гапларни эшитиб, ҳайронлик ортади. Ваҳоланки, бундай иллатга барҳам бериш вақти аллақачон келган.

Яна бир тоифалар борки, улар қизини ўқитиш истагида эканини айтадию бироқ сўзларини қуйидагича якунлашни маъқул кўришади.

- Қиз бола ўқиса яхши-да. Замонни кўряпсиз-ку. Эртага эрининг қўлига қараб қолмасин, дейман. Ўзини уддаласин, харажатларни бемалол ўзи қоплай оладиган бўлсин, деб ният қиламан.

Келин олиш истагидаги қайноналарнинг аксарияти ҳам ўқимишли қиз қидираётганини гапиришади, аслида сабаби айрим ҳолларда шундай бўлади(яна буни ўзлари тан олади!):

  • Пайпоққаям, памперсгаям ўғлимдан пул сўрайвермайди, дейман-да. Ўқимишли қиз ўзини ўзи уддалайди-да...

Энди бу фикрлар ва жамиятимиз ҳолатига қаранг. “Амаллар ниятга боғлиқ” эканлиги яна бир бор тасдиғини топиб қолмаяптими?

Аччиқ ҳақиқатни англашни истамаймизу аммо қаерга қарамайлик, “ўзини уддалаётган” аёлларга кўзимиз тушаверади. Ахир аёл учун ўзини ўзи уддалаш қандай оғир эканини наҳотки билмаймиз?!

Қизларни “ўқимасин”, деманг. Улар албатта ўқиши керак!

Лекин зинҳор ўзини ўзи уддалаши учун эмас! Биринчи навбатда дунёга теран назар сола олиши учун, турмушнинг икир-чикирларида тўғри қарорлар қабул қилишни ўрганиши учун, фарзандларига тўғри тарбия бера олиши учун, турли ҳолатларда турмуш ўртоғига яхши маслаҳатчи бўла олиши учун, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бора олиши учун ўқитиш зарур!

Ваниҳоят, илми кўпайиб юқоридаги ишлардан ҳам ортиб қолгудек бўлса, жамият ривожига ҳам ҳисса қўша олиши учун ўқишлари керак қизлар!

Ўзини уддалаб яшашни ҳеч бир аёлнинг бошига солмасин. Уни отаси уддаласин, эри таъминотини қилсин, кексайганида фарзандлари ардоғида бўлсин.

Азиз ота-оналар, келинг, қизларимизнинг ўқиб ўрганишлари учун замин шароит яратайлик. Зеро, оила ва жамият фаровонлиги, авлодларнинг юксак камолоти, маънавияти аёллар зиммасидадир.

Зилола РАҲМОНОВА.