Атрофга назар

КЎНГИЛГА ТАШРИФ


04.05.2023   173

ёхуд забонсиз муҳаббат ҳикояси

Ҳаёт – бизга инъом этилган энг бебаҳо неъмат. Сарвари коинот инсонларга бу неъматни берибгина қолмай, уларни дунё гўзалликларидан баҳраманд бўлмоқ учун кўз, бутун оламни идрок этиш учун онг, тинглаш учун қулоқ ва изҳори дил учун забон билан ҳам сийлаган. “Олдингдан оққан сувнинг - қадри йўқ”, деб бежиз айтилмаган. Бу неъматларнинг қадрига етиш тугул, гоҳо борлигини ҳам унутамиз. Ношукрлик қиламиз, имкониятлардан етарли фойдаланмаймиз. Аммо, сизда бор неъматлар айрим инсонларда йўқлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

- Ота-онам кар-соқовлигимни 3 ёшимгача билишмаган, - ҳикоя қилади Бузире Аҳмаджонова(сурдотаржимон орқали). - Қийинчиликда катта бўлдим. Ахир, уйимизда ҳеч ким имо-ишора тилини билмасди. 8 ёшимда мен учун махсус мактаб излай-излай Қорасувдаги кар-соқовлар махсус мактаб-интернатини топишган.

Асли Қирғизистонлик Бузире туғма кар-соқовлиги боис, мактабни битиргач, иш топишга қийналди. “Андижонга бориб, ишлаб чиқаришда ишлайман, чеварчиликда тил керак бўлмайди”, деб туриб олди қиз.

Бузире уста чеварлардан бичиш-тикиш сирларини ўрганди, тикув цехига ишга кирди. Кейинроқ Андижон ип-газлама комбинати(ХБК) нинг моҳир чеварларидан бирига айланди. Ўзи каби эшитиш ва гапириш имкониятидан маҳрум Тоҳиржонни учратди. Ёшлар бир-бирига кўнгил қўйиб, турмуш қурдилар. Мана, 43 йилдирки, жуфтлик тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда.

- Янги турмуш қурган пайтлар жуда қийналганмиз. Уйимиз йўқ эди, болаларим ётоқхонада яшаётганимизда туғилишган. Имкониятимиз чеклангани, фабрикада ишлаганимиз учун давлат бизга уй берди. Ўша уйда болаларимизни катта қилдик, мактабга бердик.

Бузире ва Тоҳиржон узоқ йиллар Андижон шаҳридаги Карлар жамиятининг Ўқув ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилдилар. Ширин турмушлари давомида уч ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказдилар.

-Бир ўғлим Польшада, яна бири Германияда ишлайди, кичик ўғлим ўзимизда тадбиркор, қизим эса доктор бўлган. Бизни жуда яхши парвариш қилишади, янги уйлар олиб беришган. Дадасини Умра сафарига жўнатишди. Ҳозир 16 та невара, 1 та чеварамиз бор, - дейди фахр билан Бузире опа.

- Фарзандларингиз соғломми?

-Худога шукр, ҳаммаси соғлом, тил-забони бор. Кичиклигида бизни гапира олмаслигимизни билиб анча хафа бўлишган. Лекин кейин имо-ишора тилини ўрганишди. Ҳатто, набираларимиз ҳам биз билан бемалол гаплашишади.

- Кўча-кўйда, одамлар билан мулоқотда қийналмайсизларми? Ахир, ҳамма ҳам имо-ишора тилини билмайди-ку?!

- Икки нафар сурдотаржимонимиз бор. Тадбирлар, маросимлар, меҳмонлар билан мулоқотда, давлат ташкилотларига ишимиз тушганда, улар бизга яқиндан ёрдам беришади. (Сўнг айёрона кулиб) Сизга бир сирни айтайми? Одамларнинг лаб ҳаракатларига қараб, нима деётганини тушуна оламан.

Бузире Аҳмаджонова саёҳат қилишни, дўстлар даврасини, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан баҳра олиб яшашни яхши кўришини таъкидлар экан, ҳар икки имо-ишорасининг бирида шукр келтириб яшашини тушунтирар эди.

"Ҳаётга ишониш, одамларга яхшилик қилиш, Ислом динини севиш учун - тил бўлиши ҳам шарт эмас! Муҳими, қалбинг соқов, виждонинг кар бўлмасин”, - дейди Бузире опа.

Ўзбекистон Карлар жамиятининг вилоят бўлими маълумотларига кўра, бугунги кунда Андижонда 2282 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган инсонлар истиқомат қилади.

Бу инсонлар нуқсонли бўлишига қарамасдан, меҳнати ва интилиши билан ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамият равнақига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилиб келмоқда.Карлар жамияти Андижон бўлими қошидаги ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари (ЎИЧК) да 34 нафар кар-соқовлар иш билан таъминланган.

- Агар нуқсонли бўлмаганимда, ё шифокор, ё ўқитувчи бўлардим. Биз ногиронларнинг ҳам яхши жойларда ишлагимиз, “катта одам” бўлгимиз келади. Аммо, ҳеч қачон Яратганга исён қилмаганман. Кар-соқов бўлсамда, қўл-оёғим бус-бутун, Тангрим мени севиш-севилиш бахти билан сийлаган. Сизларга маслаҳатим: ўзингизда бор нарсаларни қадрлашга ўрганинг, йўқларига ўкинманг. Бир-бирингизни чин дилдан севинг, меҳр беринг, эҳтиёт қилинг. Ахир сизда забон бор, эшита оласиз, тўрт мучангиз соғ, бу - энг катта бахт эмасми?

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Сурдотаржимон Ҳилола Раҳмонова