Атрофга назар

МАГНИТ БЎРОНЛАРИ ОРГАНИЗМ УЧУН ХАВФЛИМИ?


30.05.2023   124

Яқин дугонамнинг бирданига қон босими ошиб ёки тушиб кетади. Асаб тизимидан шикояти йўқ. Бир гапириб ўн кулади. Бундай ҳолларда бизга ҳолатини изоҳлаганча “ҳавода магнит бўронлари бор шекилли-да” деб қўяди.

Кейинги вақтларда шу иборага кўп дуч келяпмиз. Ҳатто айрим оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда об-ҳаво маълумоти билан бирга магнит бўронлари ҳақида ҳам қисқа маълумотлар берила бошланди.

Магнит бўрони нима?

Магнит, яъни геомагнит бўронлари Қуёшда пайдо бўлган чақнашлар оқибатида ҳосил бўлган шамол билан микрозарралар учиб келиб, Ернинг электромагнит қатламига таъсир қилиш жараёнидир. Одатда бундай жараёнлар ўртача 6-7 соат давом этади. Чақнашдан сўнг Ернинг электромагнит қатлами ўртача 3 сутка давомида ўз ҳолига қайтади.

Магнит бўронлари ҳақида дастлабки тадқиқотларни инглиз олими Ричард Кэррингтон ўтказган. 1859 йилда у Қуёшдаги чақнашларни кузатиш асносида бу жараёндан бир неча соат ўтиб геомагнит фаоллик кескин ошишини аниқлаган.

Магнит бўронларининг қайталаниш сони Қуёш ҳолатига бевосита боғлиқ. Қуёш минимуми кузатилган йилларда бундай жараёнлар йилига атиги 1-2 марта кузатилса, Қуёш фаоллиги юқори даражага чиққан йилларда бу кўрсаткич 50 мартагача етиши мумкин. Шу боис умумий ўлчов учун 11 йиллик цикл ўрганилади. Ҳисоб-китобларга кўра 75 йил умр кечирган инсон ўрта ҳисобда 2250 марта магнит бўронларини бошдан кечиради ёки умрининг 15 йилини шу жараён остида кечиради. Шу боис бу табиий ҳодисани ваҳима билан қабул қилишга ўрин йўқ. Мисол тариқасида ўтган асрнинг сўнгги чораги (1976-2000 йиллар) давомида 798 марта магнит бўронлари кузатилган.

“Магнит бўрони сабабли бошим оғрияпти, қон босимимда ўзгариш бўляпти...”

Магнит бўронларининг саломатликка таъсири бўйича турли-туман тадқиқотлар ўтказилган ва уларнинг аксарияти юрак-қон томир тизимига тааллуқли. Шунинг учун ҳам юрак-қон томир тизими хасталикларидан азият чекувчи кишилар магнит бўронлари чоғида эҳтиёт бўлишлари даркор.

Таъкидлаш керак, инсон организмида Менделеев даврий жадвалининг кўпгина элементлари мавжуд. Жумладан, темир моддаси ҳам. У қизил қон таначалари (эритроцитлар) таркибида бўлиб, манфий зарядга эга. Физикадаги бир хил зарядланган заррачаларнинг ўзаро итарилиш қонунига кўра, томирда қоннинг эркин ҳаракати юзага келади. Шу темир моддасига магнит бўрони таъсир қилганида эса зарядлар ўзгаради. Бир-бирини итариш ўрнига торта бошлаган таначалар томирларда қоннинг эркин ҳаракатини қийинлаштиради. Натижада қон босими ортади. Қон босимининг ошиб туриши томирлар ички деворининг шикастлайди.

Шикастланган деворчаларга қоннинг шаклли элементлари ёпишиб, томирларда тромб ҳосил қилади. Сурункали хасталикларга, айниқса юрак-қон томир тизими касалликлари, гипертония ва гипертензияга чалинган беморларда инфаркт ҳамда инсульт каби асоратларнинг хавфи ортади. Бунинг олдини олиш учун эса бемордан шифокор тавсия қилган қонни суюлтирувчи ва бошқа дори воситаларни ўз вақтида қабул қилиш, фаол турмуш тарзини кечириш, юқори калорияли таомларни мева сабзавотлар билан алмаштириш шунингдек, соғлом турмуш тарзига риоя этиш талаб қилинади.

Бундан ташқари табиат инжиқлиги нерв толаларини ҳам четда қолдирмайди. Магнит бўрони натижасида организмда адреналин ва норадреналин гормонлари ишлаб чиқарилади. Бу гормонлар соғлом инсонда бош айланиши, мушакларда оғриқ, уйқучанлик ёки уйқусизлик, кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, асабийлик, бош айланиши каби белгиларни юзага келтирса, хасталикка мойиллиги бор беморлар ва қарияларда мияга қон қуйилиши хавфи ортиши мумкин.

Магнит бўронининг содир бўлиши олдиндан сезиладими?

Орамизда қачон қор - ёмғир ёғишини аниқ айтиб берувчи инсонлар яшашади. Уларни ярим ҳазил, ярим чин оҳангда табиий барометрлар дейишади. Бундай кишилар об-ҳавонинг инжиқликлари ёки кутилаётган магнит бўронини танасининг маълум аъзоларидаги ўзгаришлар, оғриқ ёки санчиқлар орқали сезади. Бутунлай соғлом инсонларнинг организми бундай белгиларни ҳис этолмайди, бироқ сурункали хасталиклардан азият чекувчи беморларда эса юқоридаги аломатлар бўй кўрсатиши мумкин.

Нерв толаларида ҳам хавф туғилади

Бундай табиат инжиқлиги нерв толаларини ҳам четда қолдирмайди. Маълумки, нерв толалари мушакларнинг асосий қувват манбаи ҳисобланади. Магнит бўрони натижасида организмда адреналин ва норадренолин гормонлари ишлаб чиқарилади. Бу гормонлар соғлом инсонда бош айланиши, мушакларда оғрик, уйқучанлик ёки уйқусизлик, кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, асабийлик, бош айланиши каби белгиларни юзага келтирса, хасталикка мойиллиги бор беморлар ва қарияларда мияга қон қуйилиши хавфи орттиши мумкин.

Шифокор тавсияси

Мутахассислар қуйидаги тавсияларга амал қилиб боришни таъкидлайдилар:

- қон томирларида тромблар ҳосил бўлишининг олдини олиш учун организмда холестерин миқдорини камайтириш керак. Қаттиқ қовурилган ва ёғли таомларни чеклаш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан бутунлай воз кечиш мақсадга мувофиқ;

- қондаги адреналин ва норадренолин миқдорини меъёрга келтириш учун қувватни сайр қилишга сарфлаш тавсия этилади. Ёки лимонўт, мармарак каби ўсимликлардан дамлама тайёрлаб кун давомида оз-оздан ичиб бориш лозим;

- контраст душ қабул қилиш керак;

- интернет тармоғидан магнит бўрони юз бериши кутилаётган кунларни аниқлаштириб олиб, шу кунларда жисмоний ҳаракатни имкон қадар чеклаш зарур;

- имкон қадар тозаланган, ҳеч бўлмаганда, тиндирилган сув ичиш шарт.

Хулоса шуки, магнит бўронлари табиат инжиқлиги, борлиқнинг жиддий ҳодисаси. Саломатлик борасида айримларга хавф туғдирувчи таъсирот. Бу борада эҳтиёткорлик мақсадга мувофиқ.

Зилола РАҲМОНОВА

тайёрлади