Атрофга назар

“МАҲАЛЛА БАНКИРЛАРИ” ФАОЛИЯТ БОШЛАЙДИ


20.01.2025   1930

Маълумки, ўтган йил 16 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш чора-тадбирлари бўйича топшириқлар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилда жами 5 миллион 200 минг нафар, жумладан, банклар томонидан 3 миллиондан зиёд аҳолини банд қилиш режалаштирилди.

Мазкур топшириқлар ижроси юзасидан вилоятимизда амалга оширилиши бошланган ишлар хусусида Марказий банкнинг вилоят Бош бошқармаси бошлиғи Ойбек Исақовга мурожаат қилдик.

  • “Маҳалла лойиҳаси” дастурининг банк тизимига оид жиҳатлари қайси мезонларда намоён бўляпти?
  • Видеоселекторда ҳар бир маҳалла бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган “маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида ажратиладиган 1 миллиард доллар кредит ресурслари банклар ва ҳудудлар кесимида тақсимланди. Лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит ажратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича туман банки раҳбарига ойма-ой самарадорлик кўрсаткичи қўйилди. Мазкур лойиҳа дастури асосида эндиликда барча туман банкларида “маҳаллабай ишлаш бўлимлари” ташкил қилинади. Яъни, жорий йилнинг 1 февралига қадар туман банклари филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга “маҳалла банкирлари” тайинланади. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада улар билан бирга ишлайдиган “ёрдамчи-агентлар” танлаб олинади.
  • “Маҳалла банкирлари” ва “ёрдамчи-агентлар” қандай вазифани бажарадилар?
  • “Маҳалла банкири” – маҳалланинг тадбиркорлик қилиш имкониятларини ўрганадиган, аҳоли билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш чораларини кўрадиган, аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнесини очиш, маҳсулотини сотишга ўргатадиган ва кўмаклашадиган банк ходими.
  • Андижонда мазкур топшириқ юзасидан қандай амалий бошланди?
  • Мавжуд 909 та маҳаллалардаги ишсиз, камбағал аҳолининг доимий иш ўрнига эга бўлишни истаган ёки тадбиркорлик қилиш хоҳишини билдирган фуқароларга тижорат банклари орқали ҳар томонлама босқичма – босқич кўмак бериб борилади.
  • Мазкур амалиётнинг моддий қўллаб-қувватланиши қандай амалга оширилади?
  • Бунинг учун тижорат банклари томонидан жорий йилда 1 трлн. 272 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиши белгиланди. Хусусан, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари” доирасида
    344 млрд.сўм, “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳасида микроқарзлар 252 млрд.сўм, “Ҳамрох аёл тадбиркор дастури” доирасида 30 млрд.сўм, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида
    645 млрд.сўм кредитлар ажратилади. Албатта, “Маҳалла лойиҳаси” дастури буларга қўшимча тарзда ишлаб чиқилди.
  • “Маҳалла банкирлари” тайинландими?
  • Ҳозирда барча ушбу лавозимга аввал тижорат банкларида иш фаолиятини олиб борган, тегишли малакага эга бўлган номзодлар танлаб олиниб, тайинлаш ишлари олиб борилмоқда. Яъни, танланган номзодлар ҳужжатлари бош банкларга ўрганиб чиқиш учун тақдим этилгди.
  • Бугун вилоятда тижорат банкларитомонидан молиявий пакетларни етказиб бериш қандай олиб бориляпти?
  • Андижонда ҳам “Сайҳунобод тажрибаси”нинг бир бўғини бўлган ҳар бир маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларнинг йиллик даромадларини 50-60 млн.сўмга олиб чиқиш бўйича намунали хонадонга айлантиришда камида 3 тадан молиявий пакетлар етказиб бериш вазифаси юклатилган. Уларни жорий қилишда тижорат банклари томонидан “Бизнесга биринчи қадам”, “Оилавий тадбиркорлик”, “Микроқарз” кредит маҳсулотларидан фойдаланиб, 2 минг 727 тахонадонларгажами 7 минг 196 та молиявий пакетлар етказиб берилди. 1 минг 986 та хонадонларда мавжуд 1 донадан пакетларнинг ёнига қўшимча 3-4 тадан йўналишлар ташкил қилиб, хонадонларнинг даромадлари оширишга эришилди. Қолган 741 та хонадонга тўлиқ янгидан молиявий пакетлар етказиб берилди.
  • Йиғилишда 2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда ҳал қилувчи йил бўлиши таъкидланди. Бу борада фикрингиз?
  • Бу жорий йилда ҳам юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали одамларнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган амалий ишлар янги босқичга чиқишига ишорадир. Маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ушбу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар чекка-чекка ҳудудларнинг ўзида бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни кенг қулоч ёйишига ҳамда аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади. Фақат шундагина тизимли ишлар ўз самарасини бераверади.

“Ёрдамчи-агент” эса аҳалладаги ҳар бир хонадонни яхши биладиган, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини банк хизматларига қизиқтириш орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш бўйича маҳалла банкирига кўмак берувчи, ойлик иш ҳақини жалб қилинган янги мижозга қараб олувчи жисмоний шахсдир.

Улар аҳолини банкларнинг тайёр бизнес лойиҳалари билан таништириб боради, амалга ошириш кўникмаларини ўргатади. “online-mahalla.uz”, “bank-kredit.uz” ва “soliq.uz” ахборот тизимлари интеграция қилиниб, масъулларга юклатилган вазифалар ижроси кунлик таҳлил қилиб борилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, янги тадбиркорлик субъектлари сонини янада кенгайтириш ва ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга замин ҳозирлайди.

Бунда, жорий йилнинг якунига қадар 86 минг 123 нафар фуқароларимизни доимий иш ўринлари билан таъминлашда тижорат банкларининг мижозлари орқали вакант бўлган иш ўринларига жойланади. Шу билан бирга, 123 минг нафар аҳолини ўз-ўзини банд қилиши, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик мақомга эга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилишига кўмак берилади.

Ўтган 2024 йилда Халқ банки орқали 748 нафар аввалги йилларда Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредит маблағи олиб, муваффаққиятли фойдаланиб, кредит маблағини тўлиқ сўндирган фуқароларимизни яна бир-бор қўллаб қувватлаш мақсадида 32,5 млрд.сўм миқдорида (кредит шартлари - 3 йил муддатга, 50 млн.сўмгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан, камида 2 йил фаолият кўрсатган) кредит маблағлари ажратилган.

Ушбу амалиётни жорий йилда ҳам давом эттириш мақсадида тижорат банклари ўзларига бириктирилган маҳаллалардаги аҳолининг аввал оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида муваффаққиятли фойдаланиб, кредит маблағини тўлиқ сўндирган фуқароларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз кредит маҳсулотларини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Бу борада вилоятимизга 64 млрд.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА

суҳбатлашди