Андижонда

Маҳаллада сиёсий жараён: СИЗ КИМГА ИШОНЧ БИЛДИРАСИЗ?


09.04.2022   633

Бу ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайловида кун саволига айланади

Фуқаролар йиғинлари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Ҳамиджон Оманов билан бўлган суҳбатимиз сайлов қонунчилиги, жараёнга тайёргарлик ишлари хусусида бўлди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан жараённи ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, сенаторлар, вилоят кенгаши депутатлари, оммавий ахборот воситалари раҳбарларидан иборат 27 кишилик комиссия таркиби тасдиқланди. Тадбирлар режаси белгилаб олинди. Бу шаҳар ва туманларда ҳам йўлга қўйилди. Сайловни ташкилий-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан таъминлаш учун тайёргарлик ишлари изчил олиб борилмоқда, - деди суҳбатимиз аввалида Ҳамиджон Оманов.

– Ҳар бир ҳудуднинг ўз етакчисига бўлган ишончи, эътибори, эътирофи эртага хайрли саъй-ҳаракатларда ёрқин намоён бўлиши шубҳасиз. Ўз ўрнида фуқаролар сайлов қонунчилиги билан яхши таниш бўлиши керак.Шундай эмасми?

Маҳалла дунёда муқобили йўқ тизим сифатида эътироф этилган. Шу йилнинг май ойида бўладиган сайловда вилоятимизда 887 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланиши кутилмоқда.Бу маҳалла ҳаётида мутлақо янги босқич амалга оширилиши билан боғлиқ жараёндир. Мазкур институтнинг бошқаруви ва назорати, фаолият самарадорлиги ортиб бормоқда. Эндиликда маҳалла раисларига ойлик иш ҳақи у бириктирилган ҳудуддаги хонадонлар сонига қараб белгиланади. Жараённинг қонунийлигини, очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида аҳоли қатламига қонун ҳужжатлари кенг тушунтирилмоқда.

– Мазкур сайловда кимлар овоз бериш ҳуқуқига эга ва кимлар иштирок этиши мумкин эмас?

Сайлов куни 18 ёшга тўлган ҳамда маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар сайловда иштирок этиши мумкин эмас.

– Сайловни ўтказиш учун аҳоли қандай жалб этилади ёки чақирилади?

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда чақирилади ва ўтказилади.

Фуқаролар вакилларининг йиғилишига, сайловга ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг вакиллари юборилади.

–Фуқаролар вакиллари кимлар ва неча нафар бўлиши мумкин?

Ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган фуқаролар, қоида тариқасида, фуқароларнинг вакиллари бўлиши мумкин; сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 (ўн икки) фоизи кўчалар, кўп қаватли уйлар кесимида вакиллик нормаси белгиланади.

– Сайловда давлат органларининг роли қандай?

Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда давлат органлари фуқаролар йиғинларига кўмаклашади, зарур ҳолларда эса уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаши шарт.

– Сайловниўтказиш тартиби ва муддатлари қандай белгиланади?

Сайловга тайёргарлик тадбирларини ўтказиш ва муддатларини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан белгиланади.

– Маҳалла раиси лавозимига номзодлар қандай танланади?

Номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.

Ишчи гуруҳлар номзодларни хужжатларини тайёрлайди ва номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги илова қилинади.

– Яна бир ўхшаш савол, раис лавозимига номзодлар қандай кўрсатилади?

Ишчи гуруҳлар томонидан раисликка номзодларнинг хужжатлари туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга камида 10 (ўн) кун олдин тақдим этилади.

Туман ёки шаҳар ҳокими номзодларнинг хужжатларини 3 (уч) кун муддатда кўриб чиқади ва асослантирилган хулосаларини ишчи гуруҳларга топшириш учун тегишли кўмаклашувчи комиссияларга юборади.

Ишчи гуруҳи хулосани олгандан кейин фуқаролар йиғини раиси лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида 5 (беш) кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга илиб қўяди.

– Раис лавозимига номзодларга қандай талаблар қўйилади?

Номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида 5 (беш) йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши керак. Шунингдек,ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эгалиги ҳам ҳисобга олинади.

– Фуқаролар йиғинираиси лавозимига сайланиш учун кимларнинг номзоди кўрсатилмайди?

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;оғир ёхуд ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган;судланганлиги олиб ташланмаган шахслар; суднинг ҳукми билан озодликдан махрум этиш жойларида сақланаётганлар; ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар; диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

–Суҳбатингиз учун раҳмат. Биз ҳам сайловга тайёргарлик жараёнлари хусусида газетамиз саҳифаларида ва andijonnoma.uz электрон сайтимизда хабардор қилиб борамиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.