МАҲАЛЛАЛАР ИНФРАТУЗИЛМАСИ ЯХШИЛАНМОҚДА
05.05.2023 267
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш учун Марҳамат туманида 36 млрд 822 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирда лойиҳа ишлари 85 фоизга бажарилди.
- Ушбу қарор туманимиздаги аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган оғир муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда,-дейди туман ҳокимининг ўринбосари Дилхушбек Исмоилов. -Жумладан, жорий йилдан бошлаб ёзда чанг, қишда лой кўчалар тарих саҳифаларида қоладиган бўлди. Боиси, ички кўчаларни асфальтлаш ва таъмирлаш учун 16 миллиард 713 миллион сўмлик лойиҳа ишлари бажарилмоқда. Бунинг учун 14 та кўчада
Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари қишлоқ аҳолисини электр энергияси таъминотидаги узилишлар ташвишга солиши айни ҳақиқат. Зеро, истеъмолчилар сонининг ортиши мавжуд шароитлардаги чекловларга сабаб бўлмоқда. Бироқ, аҳоли учун қулай турмуш тарзи керак. Муаммоларни эртага эмас, айнан бугун хал қилиш ҳамюртларимизнинг ортда қолаётган кунидан рози бўлиб яшашлари учун замин яратади.
- Маҳалламизга бир дона трансфарматорнинг ўрнатилиши сўнгги йиллардаги энг катта муаммоимизга ечим топди, -дейди Увайсий номли маҳаллада истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Анваржон Алиакбаров. –Айниқса, қиш кунлари болаларимизнинг дарс тайёрлашлари учун имкон бўлмасди. Шароит мавжуд бўлмаган жойда таълим сифати ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шукрлар бўлсин, ташвишларимиз ортда қолди. Энг чекка ҳудудларда ҳам аҳолининг яшаш шароитини яхшиланишига қаратилган бу каби хайрли ишлар бардавом бўлсин!
Ҳудудларни сувлаштириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам аҳолининг миннатдорлигига сабаб бўлмоқда. Бунинг учун 23 та маҳаллада 26 та лойиҳа амалга ошириляпти. Таъминот сифатини яхшилаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан 19 миллиард 989 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Эътиборли жиҳати шундаки, қарор ижросини тамъминлаш доирасида Чорбоғ, Бинафша, Тараққиёт, Найман, Орзу, Гулистон ва “Оби ҳаёт” каби 30 дан ортиқ кўчалар илк бор сувлашмоқда.
- Авваллари ичимлик сувини узоқ масофалардан ташиб келардик,-дейди “Тош йўли” МФЙ “Конституция” кўчасида истиқомат қилувчи Шахнозахон Тешабоева. –Шунда ҳам сув атиги бир соат берилгани учун баъзан олишга улгурмай қолардик. Натижада ариқдаги сувни тиндириб ичган пайтларимиз ҳам бўлган. Ўзим ҳамшира бўлганим боис истеъмолга яроқсиз сувнинг салбий хусусиятларини яхши биламан. Шу боис кўчаларимизда олиб борилаётган сув бунёдкорлигидан ниҳоятда хурсандман!
Қарор ижросини таъминлаш мақсадига йўналтирилган лойиҳа ишлари якунига етказилгач, туманда истиқомат қилувчи 80 минг нафардан зиёд аҳоли муаммолари ижобий ечим топади, турмуш шароити яхшиланади. Бу ҳам бўлса республикамизда инсон қадр-қимматига, манфаатларига бўлган эътибор маҳсулидир.
Саминжон ҲУСАНОВ.