МАҲАЛЛАМ АЁЛЛАРИ ЭНГ БАХТЛИЛАРДАН БЎЛСИН!

02.03.2025 506
Аёл - мамлакат тараққиётига, жамият ривожига, миллат келажагига муносиб ҳисса қўшувчи буюк тарбиячи. Шу маънода маҳалладаги хотин-қизлар фаоли оилалар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий йўналишлар бўйича тизимли ишларни ташкиллаштирувчи ва улар учун масъул бўлган вакилдир. Айни жараёнда хотин-қизларни оила, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш ишларига кўмаклашиш улар учун асосий мақсад бўлиши зарур.
Избосканлик Насибахон Самсакова ана шундай фидойи, ибратли ишлари билан атрофидагиларга намуна бўлаётган жонкуяр аёлдир. Туманнинг Юқори ҳосил маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-кизлар фаоли сифатида ишлаб келаётган Насибахон опа ўзига ишониб топширилган вазифанинг масъулиятини яхши билади:
- Албатта, мақсадларга эришиш осон кечмайди. Тизимли ишлар талаб қилинади. Шунинг учун маҳалладаги тадбиркорлар ва зиёлилар қатлами билан дўстона алоқа ўрнатишга алоҳида эътибор қаратганман, бу - жуда муҳим. Чунки, бу икки қатламнинг кўмаги ва маслаҳатисиз аёллар бандлигини таъминлаш, жамиятдаги ўрни ва фаоллигини кўтариш, тадбиркорлик йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш бир мунча қийин бўлади.
- Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади, - дейди теран фикрларини биз билан бўлишаркан Насибахон опа. - Шу маънода, сўнгги пайтларда вилоятимизда, хусусан, туманимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишга долзарб жиҳат деб қараляпти. Оилавий муносабатларни яхшилаш, низоли вазиятлар, ажралишлар, эрта никоҳларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича ташкил қилаётган хайрли ва эзгу ишларимизга кўпни кўрган онахонларимизни ҳам кенг жалб этишга бел боғлаганмиз. Мақсадим, фаолияти давомида маҳаллам хотин-қизлари энг бахтлилар сафида бўлишига кўмаклашиш!
Маҳалладаги жами 1 минг 562 нафар қиз-аёлларнинг 103 нафари “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган. Улар учун яшаш шароитлари, эҳтиёжларига қараб, моддий ёрдам ва нафақа пуллари ажратилишига эришиляпти. Олти нафар аёлга қизиқиш ва ўрганишларидан келиб чиқиб, замонавий тикув машиналари берилган бўлса, 35 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали дафтардан чиқарилди. Н. Самсақованинг таъкидлашича, ўтказилаётган маънавий тадбирлар, бандликка кўмаклашиш, оилалар фаровонлигини ошириш, ажримлар сонини камайтириш бўйича олиб борилаётган ташвиқот ишлари натижасида маҳаллада салмоқли ютуқларга замин яратилмоқда.
Қайсики, мамлакатда аёлларга эътибор, муносабат яхши бўлса, шу давлатда ўсиш, тараққиёт бўлган. Бу - тарих ҳақиқати. Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий фаоллигини оширишни маҳаллабай тизимда олиб бораётган Насибахон Самсақова сингари куюнчаклар, фидойи, фаол, жонкуяр опа-сингилларимиз бор экан, маҳалладаги барча оилаларни қамраб олган ҳолда вазиятдан тезкор хабардор бўлиш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва жойида ҳал қилиш, тарғибот ишларини олиб боришда муаммолар камаяверади.
Зилола РАҲМОНОВА