Атрофга назар

МАНҚУРТЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ ЁХУД ТАРАҚҚИЁТ МАҲСУЛИДАН ТЎҒРИ ФОЙДАЛАНИНГ!


05.06.2023   145

Баҳодир яхши зиёли оиланинг фарзанди. Мактабнинг юқори синфида таҳсил олади. Хорижий тилларни, аниқ фанларни аъло ўзлаштирган. Устозларининг баҳоси шунга жуда баланд. Аммо кескин равишда ўқишлари пасайди. Телефон деган тараққиёт маҳсулига қул бўлди-қолди. Турли интернет ўйинлари уни том маънода манқуртга айлантираёзди. Хартугул, қаттиққўл, талабчан отасининг саъй-ҳаракатлари, телефондан буткул “узоқлаштириш” чоралари билан ўсмир яна ўқиш ваўрганишга қайтди. Лекин бу узоқ муддат ва машаққат талаб қилгани рост...

НАЗОРАТ ҚИЛИНМАГАН ВА ҚИЛИНМАЁТГАН БОЛАЛАР...

Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик ҳар ким унинг хизматларидан фойдаланиши мумкин. Бироқ ҳар ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам компъютердан бемалол фойдаланиши, эртадан-кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари фильм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Давр шуларники бўлиб қолди...

Тўғри, тараққиёт асрида маиший техника воситалари ривож топди: мобил телефонлар, компьютерлар... улар омманинг фикрига ва фаолиятига муҳим таъсир ўтказувчи омилларга айланиб улгурди.

Инсонлар бу тармоқлардан ўзларига зарур бўлган маьлумотларни олиб улардан унумли фойдаланишаётгани яхши ҳолат. Аммо унда фойдали маьлумотлар билан бирга турли хилдаги салбий сайтлар ҳам мавжуд. Демак, бу ҳол биринчи навбатда ота-оналардан ҳушёрликни талаб қилади. Назорат билан эҳтиёт қилинмаган болалар интернет кафеларда, шахсий компьютерларида, уяли телефонларида турли хилдаги жангари компьютер ўйинлари билан машғул бўладилар. Зарар шундаки, вахшийликларни кўрган боланинг қалби қотиб, қалбида бузғунчилик ва вайронагарчиликни ўзи ҳам қилгиси келиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Бу ўйинлар таъсири остида жиноят кўчасига кирса, тамом – қонун барчага баробар - панжара қарши олаверади.

ҲАЁТ ЎЙИН ЭМАС – ҚУРБОН БЎЛАЁТГАНЛАР...

Интернет ўйинлари болаларни шу қадар ўзига оҳанрабодек тортяптики, натижада ҳаётни ўйиндан фарқлай олмай қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу аксарият ота-оналар иш кўпайиб кетганини рўкач қилиб, фарзанд тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйганлигининг натижасида келиб чиқаётир. Жигарпорасини турли хавф-хатардан асраган ота-она онгу тафаккурга келганда бепарволик қилиб, фарзандининг овуниши, бўш ўтирмаслиги учун компьютер ўйинларига рўбарў қилишга уринади. Натижада бола компьютер ўйинларининг асирига айланмоқда.

Аниқ маълумотларни интернет сайтларидан топдик.

Жанубий Кореяда ҳарбий-стратегии ўйинлар қулига айланган 28 ёшли йигит вафот этди. Аниқланишича, у уч кеча-кундуз ўйинхонадан чиқмаган. Фақат ҳожатхонага чиқиш ва гоҳида озроқ мизғиб олиш баҳонасидагина ўйиндан узоқлашган.унгача эса шўрлик она бедарака ўғлини излаб фарзандининг собиқ ҳамкасбларига мурожаат қилган. Аммо боласи ўйинларга муккасидан кетиб, бир ой илгари ишдан ҳам ҳайдалган бўлган. Шундай бўлса-да, собиқ ҳамкасблар онадан ёрдамини аяшмади. “Ўйин бандаси”ни ишхона яқинидаги ўйинхонадан осон топишди. Онасининг излаётгани, уйига дарҳол етиб бориши зарурлиги ҳақидаги илтимосларга жуда беписандлик билан ўйинни охирига етказгач, боришлигини айтди. Бироқ бу гапидан бир неча дақиқа ўтиб, у юрак хуружидан вафот этади. Ташхисга кўра, юрак хуружи қаттиқ ва сурункали чарчоқ ҳолатининг ҳаддан ортиқ чўзилиб кетганлиги боис юзага келган.

2002 йилда америкалик Шон Вилли исмли 21 ёшли йигит ўзини ўзи пешонасидан отиб ўлдиради. Маълум бўлишича, у “ЕверҚуест” номли ўйинга муккасидан кетган ва ўша ўйинда ютқазиб қўйиб, йиққан баллари ҳамда мукофотларидан ажралганига чидолмай жонига қасд қилган.

2004 йилда Буюк Британияда 17 ёшли Уоррен Леблан 14 ёшли Стефан Пакирни ўлдиради. Суд жараёнида айбланувчи “МапНипС” компьютер ўйини таъсирига тушиб қолганини тан олади ва шу ўйин туфайли ўсмирнинг қотилига айланганини айтади.

Бу маълумотларни бежиз келтирмадик. Уларнинг туб замирида ҳикмат бор. Ибрат учун келтирилган мазкур воқеаларнинг бошқачароқ, яъни силлиқроқ вариантлари ўзимизда ҳам учраётгани бор гап. Интернет ёмонлик ва иллатлар ўчоғига айланмаслиги керак.

ЖССТ РАСМАН ТАН ОЛГАН КАСАЛЛИК

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) компьютер ўйинларига берилишни расман касаллик деб тан олди.

Хўш, нима учун бундай қарорга келинди?

Ташкилот тарқатган маърузада таъкидланадики, ўйин ишқибозлари ўйин частотасини, сеанснинг бошланиши ва тугашини, давомийлигини назорат қила олмай қолади. “Ўйинга берилиш” диагнози кишида бир йил мобайнида шундай ҳаёт тарзи кузатилса қўйилади ва бу кишига бошқа соҳалардаги фаолиятида ҳалақит беради. Дунё бўйича ушбу муаммога жуда жиддий қаралмоқда. Масалан Лондондаги касалхоналарнинг бирида яқинда тармоқлар касаллигига йўлиққанларга мўлжалланган наркология маркази очилди. У ерда компьютер ўйинларига берилган беморларни даволаш билан шуғулланилади.

Шунингдек, мутахассислар тадқиқотлар натижасида компьютер ўйинларининг зарарларини қуйидагича аниқ келтиришади:

а) кишининг вақтини ўғирлайди;

б) унда жаҳлдорлик ва жиззакилик иллатларини шакллантиради;

в) тасаввури, хаёлот оламининг қашшоқлашишига сабаб бўлади;

г) шапкўрликдан тортиб неврологик хасталикларгача барча касалликларни келтириб чиқаради.

Гулчеҳра Исақова, АДТИ неврология кафедраси ассистенти:

  • Бундай муҳитда вақт қандай ўтгани сезилмайди, шунинг учун ўсмир болалар компьютер ўйинларига мутлоқ тобе бўлиб қолмоқда. Болалар ўйинга берилиб кетганидан ҳатто қорни очганини ҳам билмай, касаллик орттириб олиши кузатилмоқда. Ўйинларнинг салбий оқибатлари фарзандларимизнинг руҳиятига ҳам таъсир қилмоқда. Компьютер нури нафақат болаларни, ҳатто катталарни ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиқтиради. Афсуски, бола керакли физиологик қувватни техника ёнида соатлаб ўтириши натижасида йўқотади. Бола организми ўсишни истайди, лекин кучи етмайди. Шундан у сўлғин, руҳан жиззаки, одамови бўлиб қолади. Берилиб компьютер ўйнашнинг саломатликка жуда катта салбий оқибатлари бор. Қабулимга келаётганлар орасида айнан шу телефон ва интернет ўйинлари туфайли асаб касалликлари бошланган ва авж олаётган ўсмирлар ва болаларнинг ҳам борлиги кўнгилни ғаш қилади.

Биринчи навбатда кўриш қобилияти пасаяди. Ваҳоланки, ёш болалар экранга кунлик қарашининг меъёри 45 дақиқа этиб белгиланган. Компьютер ўйинида ғалабага интилаётган бола ўз мақсадига эришмагунча соатлаб ҳаракат қилади. Бу ундаги худбинликни (эгоизм) кучайтиради. Атрофдагиларга бемеҳр бўлади. У ўйинда душманни ўлдиради. Натижада ҳаётда одамларга бефарқ бўлиб қолади. Уларга махлуқ сифатида қарайди. Дарс, мутолаадан ташқари, ота-онани, катталарни ҳурмат қилиш туйғулари сўниб боради. Бу эса асаб толаларини емириб бораверади. Инжиқ, асабий, йиғлоқи организ шакллана бошлайди.

Чегара билмас ахборот макони ривожланаётган бугунги кунда ёш авлодни компьютер технологияларидан тўғри фойдаланишга ўргатиш миллий қадриятларимизга содиқ, комил фарзандларни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Компьютер хизматлари кенг ривожланаётган бир пайтда ёшларнинг интернет-кафелар хизматидан тўғри фойдаланишини таъминлаш, беҳаё сайтлар ёки турли ўйинлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ота-оналар ва ўқитувчилар, қолаверса, бутун инсоният зиммасидаги масъулиятли вазифадир.

Зилола РАҲМОНОВА