Атрофга назар

МАЪРИФАТПАРВАР АЖДОДЛАР ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШ МУҚАДДАС БУРЧДИР


31.08.2024   812

Юртимизда 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида белгиланган. Миллат келажаги учун жонини фидо қилган қаҳрамон боболаримиз номининг Мустақиллик байрами арафасида алоҳида ёдга олиниши бежиз эмас, албатта. Зеро, мустақилликка осонликча эришилмаган, шу боис ҳам Ватанимизнинг эрксевар фарзандлари саъй-ҳаракатларини, истиқлол йўлида қурбон бўлганларни ёдга олиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ушбу сана арафасида жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг ходимлари вилоят давлат тарихи ва маданияти музейига бориб, Андижонда яшаб мустақилликка эришиш йўлида қурбон бўлган ва мустабид тузум томонидан қатағонга учраган фидойи инсонлар, уларнинг ҳаёти, амалга оширган ишлари ва аччиқ тақдирлари билан танишдик.

Музейда Дукчи эшон (Мухаммад Али эшон) раҳбарлигидаги 1898 йил қўзғолони ва қўзғолончиларнинг аянчли тақдирига оид алоҳида жой ажратилган бўлиб, у ерда қўзғолоннинг аёвсиз бостирилгани ва Дукчи эшон бошчилигидаги барча иштирокчиларнинг қатл этилганига оид ўша даврдаги тарихий ҳужжатлар ва фотосуратлар сақланмоқда.

Шунингдек, музейда жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакили, Андижон фарзанди Абдулҳамид Чўлпон ҳақида кўплаб тарихий ҳужжатларнинг мавжудлиги эътиборимизни тортди. Чўлпон жуда билимли, маърифатпарвар шоир, таржимон ва ёзувчи сифатида ўша даврда юртимиз бошига тушган истибдоднинг халқимизга кўплаб кулфатлар келтиришини олдиндан сезиб, фақат илм олиб, халқ сифатида бирлашиб ёвга қарши туриш мумкинлигини ўз асарларида ёритгани музейга қўйилган адибнинг шахсий қўлёзмалари, хатлари, асар ва шеърларида ўз ифодасини топган. Бугунги кунда ҳам юртимизда жадидчилик ҳаракати чуқур ўрганилаётгани ва Янги Ўзбекистон ренессансига ҳам айнан жадидчилар илгари сурган ғоялар асос бўлиши ҳақидаги фикрларнинг нақадар асослилигини, ушбу ғояларнинг мустабид тузум даврида ҳар қандай таъқибга қарамай ижод қилган ва юртдошларимизни истиқлолга чорлаган адиблар ижоди билан ҳамоҳанглигида кўриш мумкин.

Суд ходимлари бўлганимиз сабабли Абдулхамид Чўлпоннинг қамоққа олиниши ва унга нисбатан юритилган суд иши ҳужжатлари диққатимизни тортди. Чўлпонни қамоққа олиш ҳақидаги қарор 1937 йил 14 июлда қабул қилинган бўлиб, қарорга ўша даврдаги НКВД катта майори томонидан рухсат берилган. Ушбу қарор нусхаси ва Чўлпонга оид чиқарилган суд ҳукми, инсон қадри мустабид тузумда қанчалик аҳамиятсиз бўлгани, шахснинг айбини исботловчи далилларсиз ва асосларсиз инсонлар қамалиб, судсиз сўроқсиз қатл этилганини тасдиқлайди. Айниқса, Чўлпоннинг қарийб 1,5 йил қонунга хилоф қамоқда сақланиб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташлангани ва суд ҳукми эса ҳукм ижро этилгач, эртаси куни – 5 октябрда чиқарилгани ҳар қандай инсонни даҳшатга солади ва мустабид тузумнинг қанчалик шафқатсиз бўлганини исботлайди.

Жадидчи шоир 1957 йилда оқланган бўлиб, бу ҳақда собиқ тузумнинг энг юқори органининг қарори музейда мавжуд. Эътибор беринг, Чўлпон шахс сифатида оқланган, аммо шоир ва ёзувчи сифатида унинг асарларидан тақиқлар ечилмаган. Биргина мисол қилиб, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг 1968 йилда Чўлпоннинг ижодини ўрганиб, унинг асарларидан намуналар келтиргани учун мустабид тузум томонидан таъқиб қилинганини музейдаги ҳужжатларда кўриш мумкин.

Айни ҳолат собиқ шўролар тузумининг маърифатпарвар ва юртимизнинг зиёли қатламидан қанчалик қўрққанидан далолатдир. Зеро жамиятдаги маърифатли ва зиёли инсонлар ҳар қандай истибдодни енга олади. Мустақилликка эришгач, Чўлпоннинг асарлари чоп этилди, унинг бой ижодий мероси халқимиз эътиборига етказилди.

Бугунги кунда юртимизда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг улуғланиши, суд томонидан муносиб ҳимоя қилинаётгани бор ҳақиқат, мустабид тузумни қўмсаганлар ёки мустақил давлатимиздаги суд тизимига, унинг адолатли ва инсон ҳуқуқ-эркинликларини ҳимоя қилувчи идора эканига шубҳа қилувчилар яқин тарихимизда бўлган адолатсизликларни кўриши ва бу ҳақда ўқишлари лозим. Зероки, шундан сўнг ҳар биримиз мустақиллик деган азиз неъматни ва инсон эркинлиги, озодлиги каби ҳуқуқларимизни чин маънода англаймиз, уни ардоқлаб, қадрига етамиз ҳамда ҳимоялашга жонимизни ҳам аямаймиз.

Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси