Атрофга назар

Матбуот ҳаётидан: МУСАҲҲИҲ – ОНА ТИЛИМИЗНИНГ ЮЗИ, КЎЗИ…


22.06.2022   385

Иш юзасидан ёки бирор жойга борсам, тез-тез “Ким бўлиб ишлайсиз?” деган саволга дуч келаман. Газетада мусаҳҳиҳ бўлиб фаолият юритишимни айтсам, деярли тўқсон фоиз одам бу қанақа касб эканлигини ҳам билмайди.

Мусаҳҳиҳ – арабча сўз бўлиб, тўғирловчи, тузатувчи, имзо қўйган корректор маъноларини англатиб, матн теришда йўл қўйилган хатоларни тузатувчи, таҳририят, нашриёт, босмахона ходими ҳисобланади. Мусаҳҳиҳлик вазифасига муаллиф қўлёзмасини текшириш – орфографик, пунктуацион, хатоларни тузатиш, абзацлар қўйиш ва ҳоказолар киради.

Касбим туфайли кўча-кўйда, ён-атрофимдаги барча ёзувларга эътибор бериб юраман. Касб касаллигими ёки яна билмадим, хатолар манаман деб, кўзимга катта-катта бўлиб кўринаверади.

Кўпчилик билмайдиган бу соҳа аслида она тилимизнинг тўғрилигини, софлигини текширади, одамларни саводхонликка ундайди. Аммо борган сари лоқайдлик, эътиборсизлик, “бўлаверади” қабилида иш кўриш авж олиб бормоқда. Интернет оламида айрим машҳур блогеру журналистларнинг имловий хатоларга тўла постларини кўриб, халқни олдига озгина савод билан чиқса-да, дегим келади.

Авваллари ишга қабул қилинишдан олдин битта таржимаи ҳол ёки ариза ёздириб кўриларди. Ишга қабул қилинаётган ходимнинг саводлими ёки аксинчалигини шундан ҳам билиш мумкин эди. Ҳозир эса билмайман, балки иш берувчининг ҳам аҳволи бу борада тангдир. Ҳатто давлат миқёсидаги ҳужжатларда ҳам талайгина хатолар учрамоқда.

Хулоса ўрнида айтадиганим шуки, мусаҳҳиҳ – ўқиб турган газета-китобингизни хатолардан тозалаб, жамики босма нашрларни бирма-бир текшириб, вергули-ю нуқтасигача, қаттиқ “Х”дан юмшоқ “Ҳ”ни ажратиб берувчи, барча имловий хатоларни обдон тузатиб, мароқли мутолаага ҳисса қўшувчи жонкуярдир. Мусаҳҳиҳ – она тилимизнинг юзи, кўзи, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ёниб турган Юрагидир.

МУСАҲҲИҲ.