Миллат ўзлигини англатган сана
17.10.2025 148
Ҳар қандай миллат ўз тарихини, маънавиятини, дунёқарашини ва келажак авлодга қолдирадиган меросини, авваламбор, она тили орқали ифода этади. Тил — миллатнинг руҳи, халқнинг қалби.
Ўзбек халқи асрлар давомида бой ма’навий мерос яратган, буюк адабий мактабга эга ўзбек тилини асраб-авайлаб келган. Лекин тарихий жараёнларда турли тўсиқлар, босимлар ва чекловлар бўлгани сир эмас. 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тили тўғрисида”ги Қонун — нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки халқнинг миллий ўзига қайтиши, ўзлигини англашининг рамзига айланди. 1980-йилларнинг охирида бошланган “қайта қуриш” сиёсати, фикр эркинлиги ва миллий уйғониш тўлқини остида кўплаб миллатлар ўз тилини ҳимоя қилиш ва расмий мақомга чиқариш ҳаракатига киришдилар. Ўзбекистонда ҳам жамоатчилик, зиёлилар ва тилшунослар томонидан тил масаласи жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.
Шу тарихий шароитда, 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўзбек тилининг барча давлат идораларида, таълим, матбуот, маданият ва жамият ҳаётида расман ва фаол ишлатилиши белгилаб қўйилди.
Таъкидлаш керак, 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳужжат халқнинг миллий ўзлигини асрашда, маънавий қадриятларни тиклашда ва истиқлол сари дадил қадам ташлашда муҳим аҳамият касб этди.
Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Атоий, Муҳаммад Ризо Эрастий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби буюк адиблар ўз асарлари орқали ўзбек тилини нафақат сақлаб қолдилар, балки уни дунё миқёсида танитдилар. Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг мақомини янада мустаҳкамлаш, унинг давлат идоралари ва жамиятдаги ўрнини кучайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, тилни ривожлантириш дастурлари қабул қилинди, мактаб ва олий ўқув юртларида таълим тўлиқ ўзбек тилида йўлга қўйилди, журналистика, интернет ва адабиётда ўзбек тилидаги материаллар сони кескин ортди. Бундан ташқари, лотин ёзувига босқичма-босқич ўтиш жараёни давом этмоқда, ҳар йили 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни сифатида бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонланади.
Шу билан бирга, тил маданиятини ошириш, луғавий бойликни сақлаш, ёш авлодни соф, адабий тилда гапиришга ўргатиш ҳам даврнинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. 21 октябрь — бу сана нафақат бир қонун қабул қилинган кун, балки миллатнинг ўзлигини англаган, тилини муҳофаза қилган, маънавий қудратини тиклаган кун сифатида аҳамият касб этади. Тилини йўқотган миллат — ўзлигини йўқотади. Бурчимиз — ўзбек тилини чинакам давлат тили сифатида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жорий этиш ва унинг нуфузини мунтазам ошириб боришдир.
Камола Сирожиддинова,
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби
директори ўринбосари
