Атрофга назар

Миллий ифтихор: ТОҒАМНИНГ ДЎППИСИ...


18.03.2025   145

Эсимда... Дадам ҳикоя қилиб берганди бу воқеани. Ҳануз дўппи кийган отахонларни кўрсам, шу ёдимга тушади. 1980 йиллардан кейинги давр (аниқ йили хотирамда йўқ). Дадам Украинанинг Киев шаҳрида таҳсил олаётган пайтлар. У вақтлар водийдан оз чоғли тенгдошлар ўқишган экан ўша олийгоҳда. Доим бир-бирларини қувватлаб келишган. Кунлардан бирида ҳамроҳларидан биттаси қаттиқроқ касал бўлиб шифохонага тушиб қолади. Оиласида ёлғиз фарзанд, онаси билан яшайди, суянгани онаси. Ўртоқлар ўзаро онага билдирмаслик йўлини излайдилар. Ўзлари амаллаб оёққа турғазиш учун ҳаракат қиладилар. Бироқ талабалик.. уларда ҳам маблағ кўп эмас.

Шунда дадам колхоз раиси бўлган тоғасига қўнғироқ қилади. Амаллаб боғланади, вазиятни тушунтиради. Тоға жарроҳлик учун етарли пулни олиб борадиган бўлади (қаранг, одамгарчиликни, ҳатто почта орқали чиқариб юборишдан истиҳола қилиб ўзи боради). Хуллас, кўнгил тинчийди. Дўстлар ўртоғини касалхонада қолдириб, ўзлари ўқишга қайтадилар. Эртаси куни дарс маҳали дадамни ректор чақираётганини айтишади. Ҳайрон, минг ўй билан олийгоҳ раҳбари хонасига кирган дадамнинг кўзи биринчи бўлиб анжанча дўппи кийган тоғасига тушади. Буёғи энди аён: тоға касалхона ҳаражатларини тўлаб, “катта ўқиш”да таҳсил олаётган жиянини ҳам кўриб кетиш баҳона ректор билан учрашган...

Ўшанда руслар, украинлар орасида юравериб, кўзи европа кийимларига ўрганиб кетган дадамга миллий бош кийим оловдек кўринган. Қадри, фахри, ғуруридан тўлқинланиб кетган...

Ҳозир ўзи ҳам кексалик гаштини суряпти. Бошидан анжанча дўпписини туширмайди. Ҳатто ҳовлига кийгани алоҳида, кўчага кийгани алоҳида қилиб олган (кўчага охори тўкилмаганини кияди-да). Баъзан биз фарзандлари ҳазиллашиб, “дадагинам, бироз бошингиз салқинласин, уйда киймай қўяверинг, шу дўппингизни”, деймиз. Отам бош чайқаб, “Эҳҳ, бу дўппи бизга кўўўп асқотган мусофирда, ҳатто дўстимнинг саломатлиги тикланишига сабаб бўлган”, дея табассум қилади. Яна ортидан шоиртабиатлиги билан қўшиб қўйишни канда қилмайди: “Эркин Воҳидовнинг шеърлари эсингдами:

Қайга бормай, бошда

дўппим,

Шуҳратим, қадрим буюк.

Олам узра номи кетган,

Ўзбекистон, ўзбегим”.

Зилола РАҲМОНОВА.