Андижонда

Миллий маданий марказлар фаолияти ўрганилди


15.05.2024   1034

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Ва бу борадаги ишлар салмоғи йилдан йилга кенгайиб бораётир.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбоновнинг Андижон вилоятига ташрифи айни мақсадларга ҳамоҳанг бўлди. Чунончи, мазкур ташриф миллий маданий марказлар фаолиятини давр руҳига монанд ташкил этиш, уларга яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш, борасида янги истиқболларни очишга хизмат қилиши кўзда тутилди.


-Ушбу ташриф вилоятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам, албатта, - дейди Уйғур миллий маркази раҳбари Адолатхон Раҳмонова. - Кейинги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди ва ошириляпти. Жумладан, биз ҳам фаолиятимиз давомида айни масалаларга масъулият билан ёндашишга ҳаракат қиляпмиз.

- Ўзбекистонимиз — улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат, лекин очиғини айтиш керак, энг катта бойлик турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир, - дейди Рус миллий маркази раҳбари ўринбосари Дмитрий Умнов. - Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ислоҳотлари эътирофга сазовор. Чунки улар томонидан олиб борилаётган турли миллат ва конфессиялар ўртасидаги ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш ишлари, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегия халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланиб келмоқда.

Бугун вилоятимизда 5 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Улар турли миллат ва элатларга мансуб фуқароларнинг эзгу қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, ушбу миллий марказлар мамлакатимиз ва хорижий давлатлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантириш, чет элда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб этиш, нодавлат ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш борасида кенг кўламли фаолият олиб бораётганини ҳам таъкидлаш зарур.

Ташриф давомида миллий маданий марказларнинг бадиий чиқишлари ҳам намойиш этилди.

Зилола РАҲМОНОВА.

Элёрбек МАМАЖОНОВ олган суратлар