Атрофга назар

Мулоҳаза: ХЎРОЗҚАНД ЧЕТ ЭЛНИКИ ДЕСА...


12.04.2022   323

Кўча битиклари миллий маданиятимиз, саводхонлигимизкўзгусидир. Афсуски, бу кўзгуда салбий манзаралар ҳам акс этмаяпти. Ижтимоий-сиёсий рекламалар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Лекин айрим маиший рекламалар, пешлавҳаларга кўзи тушган зиёли одам бир ғижиниб қўйиши бор гап. Шунда тадбиркорларимизнинг тафаккури ва саводхонлигига бироз шубҳа билан қарашга мажбур бўласан киши. Айниқса, хусусий корхона, ресторан, дўкон, пардозхона, фирма... номларини кўриб энса қотади, капалагинг учади, ҳатто айримларининг талаффузига тилинг айланмайди: ё хориждаги ажабтовур сўзлар, ё она тилимизда хато билан ёзилган жумлалар...

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишда фақат статистика базасида бор-йўқлигига қараш билан чекланмай, тил экспертизасидан ҳам ўтказиб олишни йўлга қўйиш керакмикан? Ахир она тилимизда ҳам минглаб оҳорли, маъноли ва албатта рекламачилар истаганидек жозибадор сўзлар борку! Жамиятимизда бадиий мутолаа оқсаётганининг оқибатлари ва аломатларидан бири шу эмасмикан?

Яқин ўтмишда ҳам она тилимиз мавқеини ошириш учун қандай курашлар бўлганини, минбарларда ва расмий иш қоғозларида ўзбек тилига ўрин берилмаганини кўпчилик юртдошларимиз яхши эслайди. Лекин бугунги дориломон кунларда миллий тилимизни қадрлаш, ёш авлодни унга ҳурмат руҳида улғайтириш ўрнига тадбиркорлик субъектларини номлашда ажнабий сўзлардан фойдаланишга муккасидан кетганимизни оқлаб бўладими? Ишбилармон ака-ука, опа-сингилларимиз сержило тилимиз имкониятларини мукаммал билмайдиларми ёки ўзга миллат тилига шу қадар “ифтихор” билан қарайдиларми? Халқимиз топиб айтган: хўрозқанд чет элники деса, ётиб ялайдиган юртдошларимиз, афсуски, халиям топиляпти.

Айни вақтда жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, айниқса, савдо дўконлари номларининг аксарияти хорижий тилларда аталганига кўзимиз ҳам, кўнглимиз ҳам кўниб-кўникиб улгурди. Буни айрим ҳолларда ҳатто “маданиятлилик” белгиси сифатида қабул қилишга ҳам ўрганиб қолдик. Нега? Гоҳида ҳар ишда устун ғуруримиз шу ерга келганда панд беряптими? Миллий ифтихоримиз шу мавзуга келганда қаерда қоляпти?

Яхшиси, мисолларга назар ташлайлик.

Андижон шаҳрининг марказий кўчаларидаги баъзи пешлавҳаларни кўриб, она тилимизга лоқайдликми ёки “оммавий маданият”ни қучоқ очиб қаршилашми, билиб бўлмайди: “Bogema”, “Boyner”, “Eneos”, “Anzi”, “Chicco”, “Piatti”, “Dandу”...

Яна бир ном эътиборимни тортди: “Rich men’s wear” – ўзбекчалаштирилганда “бой кишилар кийими” деган маънони берадиган мазкур дўконга фақат пулдорлар ташрифи мўлжалланганми?!

Кези келганда, тадбиркорлик фаолиятига рухсатнома берадиган мутасаддиларнинг ҳам бу борада анча бефарқлигини таассуф билан таъкидлаш керак. Тўғри, аслида қандай ном танлаш тадбиркорнинг шахсий иши,албатта, қарорини ҳурмат қиламиз, аммо ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни асраш ҳам фақат зиёлиларнинг зиммасидаги масъулият эмаску!

Гапнинг индаллосини айтганда, она тилини тараққий топтириш умуммиллий жараён, бу хайрли амалдан ишбилармонларимиз ҳам четда турмаслиги зарур.

Зилола РАҲМОНОВА.