Мулоҳаза: Шунча пул, иккита машина, квартира, коттеж.... қанча бўлади?
15.08.2024 812
Бугун интернетни ёқсангиз юртнтнг юзини ёруғ қилган олимпиадачиларимизга берилган мукофотларнинг қийматини чиқариб чайнаш билан овора бўлаётган постларга дуч келяпмиз. Ҳатто, иккита дипломли йигитча ўқигандан кўра спорт билан шуғуллансам бўларкан, деб аюҳаннос соляпти.
Ижтимоий тармоқлар кейинги вақтда ғийбат ва калтафаҳм фикрлар урчийдиган маконга айланиб қолаётганидан асабинг бузилади.
Ичи ҳасад ўтида ёнаётган бу кимсаларга барибир гап уқтириб бўлмайди. Аммо жим ҳам туролмайсиз.
Аслида Олимпиада медалларини Нобел ёки Оскар мукофотига тенглаштириш мумкин.
Тан олиш керак, Ўзбекистон номини дунё давлатларининг сиёсий элитаси яхши танисада, оддий одамлар орасида ҳамон мамлакатимизни билмайдиганлар бор. Улар Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлар номини эшитишган. Уларни Покистон ё Афғонистонда жойлашган деб ўйлайдиганлар ҳам топилади.
Икки сафардан буён олимпиада баҳонасида ана шундай қатламга Ватанимиз номи ва геолокациясини кўрсатиб қўйдик.
Яна бир жиҳат. Спортчиларимиз Олимпиадага етиб боргунча озмунча харажат қилганми? Болаликдан спорт машғулотлари, кейинроқ сафарлар ва бошқа чиқимлар. Аксари оддий оиладан чиққанини ҳисобга олсак, меҳнатлари роҳатини кўриши керак-ку.
Халқимиз азалдан мард полвонларини бошида кўтарган. Орият учун моли нима экан, жонини тиккан. Шу орқали боласини кучли, жасур ва курашчан қилиб тарбиялаган.
Курсида ўтирволиб ёки эрталабдан кечгача диванда ағанаб, телеграм ва инстаграмда мардларнинг мукофотини хомчўт қиладиган ҳасадчи, майдагаплар ўзлари қачон бир ишни қойиллатган экан? Ҳаёт сўқмоқларидаги йиқилиш ва ютқазишларга чидай олмаганлар,туриб олға интилмаганлар ҳасад қилишяпти.
Олимпиадани кузатиб, мутахассисларимизнинг биз майдонга рақиб ва ҳакамлар билан беллашишга чиқаяпмиз, деган иборалари қанчалик ҳақиқат эканлигига кўп бор амин бўлдик.
Давлат берса шу пулни дунёга ўзбекнинг зўр эканлигини исботлаган боласига берибди.
Спортдаги ҳар бир ғалаба бу юртдошларимизга чексиз бахт улашяпти. Миллионлаб юртдошларимиз олимпиада шоҳсупасида ўзи тургандай мадҳиямизни кўзида ёш билан тинглаганда, орамиздаги айрим ҳасадгўйларнинг эти жимирлаб ҳам қўймагандир. Янги Ўзбекистоннинг юксак юришларидан, байроғимизнинг энг юқори туришидан завқланишнинг гашти ўзгача. Буни бир бор ҳис қилинг-а. Ишонтириб айтаман, дунёга очиқ қалб билан қарайдиган бўлиб қоласиз.
Гулжаҳон Жабборова.