Атрофга назар

МУТОЛАА ВА МУЛОҲАЗА...


19.02.2024   881

Севимли ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг “Чархпалак” қиссасида терговчи сифатида эндигина иш бошлаган Нозима ва унинг қайноғаси ўртасида шундай суҳбат кечади:

"– Бу пора эмас, суюнчи, ҳамма нарсани пора деяверар экан-да?!

– Ака!...

– Нима, ака! Э, қизиқсиз-а, мен гапирадиган бўлсам, кўриб, билиб туриб гапираман. Агар шунақа олди-бердилар бўлмаса, томга чиқиб бақирсангиз арзирди. Ҳа, ким олмайди? Олади. Пул бўладию олмайдими?.. Сиз олмайсиз, тўғри, лекин Жиянбоевингиз олади. Кўзидан билиниб турибди. Иккита берамиз десак: “Нима, мен порахўрманми, худди ўзингизни қамайман”, деб дўқ уради. Учта десак, “Ие, қўйинг бу гапни”, дейди, тўртта десак “Шунақаси ҳам бўладими”, деб ҳиринглайди. Қўлига бешта тутқазсак: “Болани ўзингиз олиб кетасизми, ё олиб бориб қўяйми”, дейди. Ана шунақа келинжон, ҳаётда кўравериб пишиб кетганмиз. Сиз мактаб кўргансиз, биз ҳаёт кўрганмиз"...

Ўттиз олти йил бурун ёзилган бу асарни ўқир эканман, бугунги кунда пора бериш, коррупцион ҳаракатлар учун жазо қаттиқ бўлсада, айрим кимсаларда дунёқараш ҳали ҳам ўзгармаган, дейман.

Туғруқхонада фарзандимга яхши қарасин, дея “суюнчи” узатасиз. Боғча опа кичкинтойингиз тагликларини вақтида алмаштириб турсин, дея “қўл ҳақи”ни халатининг чўнтагига солиб қўясиз. Фарзандингизни яхши мактабга бергингиз келади, тузукроқ ўқишни битиришини, яхшироқ ишга жойлашишини хоҳлайсиз. Ва, албатта, ота-она сифатида, унинг ҳар бир қадамини пул билан “страховка” қилишни бошлайсиз.

Мана шу ҳаракатларнинг ўзи коррупцион занжирни юзага келтиради.

Пора олганлар жазоланяпти. Лекин пора беришга қарши курашни ҳам ҳар ким ўзидан бошлаши керак, менимча...

Гулжаҳон Жабборова.