НАФС БАЛОСИ: ФИРИБГАР БАНК ХОДИМИНИ “ҚОРА КУРСИ”ГА ЕТАКЛАДИ
13.04.2022 525
Инсон ўзининг ақл-заковати билан ҳаётга онгли муносабатда қараса, ҳалол луқма билан тирикчилик қилса ишлари бароридан келиб, унга бир умр ҳузур-халоват, хотиржамлик йўлдош бўлади. Фарзандларини камолини кўриш насиб этади. Аксинча харомдан мўмай даромад топиш илинжида нафс балосига гирифтор бўлганларнинг охири вой бўлиши аниқ. Афсуски, шоли курмаксиз бўлмаганидек, орамизда охирини ўйламай иш тутадиганлар аҳён-аҳёнда учраб, жамиятимизга қора доғ туширмоқда.
Пахтаобод туманида яшовчи П.И (исми ва шарифи ўзгартирилган) деган шахс банкларнинг бирида масъул лавозимда ишлаб туриб, кетма-кет юлғичлик қилиб фирибгарликни "янги формаси"ни ўйлаб топди. У алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш учун хизмат мавқеидан фойдаланишни мақсад қилди. С. Р. (исми ва шарифи ўзгартирилган) исмли шахсга банк томонидан маиший техника буюмларини сотиб олиш учун ажратилган 10.000.000 сўм миқдордаги кредит маблағларини якка тартибдаги тадбиркор В.К. (исми ва шарифи ўзгартирилган)нинг ҳисоб рақамига тушганлигидан фойдаланиб ЯТТ раҳбари В.К.га С.Р.га маҳсулотларни ўзи етказиб беришини айтади. Кредит маблағлари ҳисобига ундан 1 дона кондиционер, 1 дона кир ювиш машинаси ва 1 дона музлаткични олиб, уни С.Р.га етказиб бермасдан сотиб юборади. Олинган пул мабалағларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб банкнинг 10 миллион сўм мулкини фирибгарлик йили билан қўлга киритади.
П.И. навбатдаги найрангини яна ўзгаларнинг маблағларини талон-тарож қилишга қаратди. У банк томонидан 118.400 000 сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган Т.О. (исми ва шарифи ўзгартирилган) ойлик кредит қарздорликларини сўндириш мақсадида омонат ҳисоб рақамига ўтказилган 10 миллион сўм миқдорида пул маблағларини ўзлаштиришни кўзлайди. Т.О.дан яширган ҳолатда банкдаги компьютер тизимига рухсатсиз кириб, 10 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини синглиси Х.Б. (исми шарифи ўзгартирилган)нинг ҳисоб рақамига ўтказиб олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Осон йўл билан пул топишга ружу қўйган П.И. жиноий ишларини давом эттириб, яна аввалги қилмишини такрорлайди. 118.400.000 сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган Ж.У. (исми ва шарифи ўзгартирилган) томонидан ойлик кредит қарздорликларини сўндириш мақсадида омонат ҳисоб рақамига ўтказилган 5.300.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари унинг «нишони»га айланди. Яширин ҳолатда банкдаги компьютер тизимига рухсатсиз кириб 4.790.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини яна синглиси Х.Б.нинг ҳисоб рақамига ўтказиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатди.
У юқоридаги "даромад усуллари"ни тўхтовсиз қўллаб, яна бир ҳолатда банкнинг 20 миллион сўм, беш нафар шахснинг 24043000 пул маблағларини яширин равишда талон-тарож қилиб ўзлаштирган.
"Бузоқнинг югургани сомонхонагача" деганларидек П.И. нинг кирдикорликлари шармандалик билан якун топди. Эл-юрт олдида юзи шувит бўлди. Банк ва жисмоний шахсларга етказилган зарар қопланди.
Алалоқибат, суд ҳукмига кўра, П.И. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекисининг тегишли моддалари билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум бўлди.
Шуҳратбек Мирзакаримов,
жиноят ишлари бўйича
Пахтаобод туман судининг раиси.