Никоҳ даврида харид қилинган мулклардан улуш олиш тартиби ва амалиёти

30.09.2025 52
Эр хотинларнинг бири ўзининг никоҳ даврида олинган умумий мулкдаги улушини ажаратиб беришни талаб қилишга ҳақли. Умумий мол-мулкни бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин. Амалиётда кўпроқ бу каби низолар оила барбод бўлганда, эр-хотин ажралиш ёқасига келиб қолган ҳолларда кўрилади.
Аслида, эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишув нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин.
Низо туғилган ҳолларда эса эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади. Ҳозирда судларда кўпроқ эр-хотиннинг умумий мулки бўлган уй-жойларни бўлиш, автомашинадан улуш ажратиш билан боғлиқ ишлар кўплаб учраб туради.
Мазкур тоифадаги ишлар бўйича даъво аризалари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга оид низоларни тўғри ҳал қилиш учун, биринчи навбатда, уларнинг эгалигида ва фойдаланишида бўлган мол-мулкнинг қайси бири қонунга кўра эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ва қайси бири ҳар бирининг ўз мулки эканлигини аниқлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Шу ўринда шуни эслатиб ўтиш лозим-ки, қонуний никоҳдан ўтмасдан, урф-одатларга ёки диний расм-русмларга кўра оила қуриб яшаб келаётганлар қонун бўйича эр-хотин сифатида тан олинмайди. Бу каби ишларни кўришда тарафлар қонуний никоҳдан ўтиб оила қуриб яшаб келаётганлиги ахамиятлидир.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, бошқа пул тўловлар, уларнинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари киради.
Мол-мулкни умумий биргаликдаги мулк деб топиш масаласини ҳал қилишда мол-мулк эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилганлиги ёхуд пул маблағлари қайси бири томонидан киритилганлиги аҳамият касб этмайди.
Умумий мулк кимнинг номига рамийлаштирилганидан қатъи назар, эр ва хотинлар никоҳ даврида олинган умумий мулкларга нисбатан эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди.
Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, ўша тарафга берилади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланади, умумий мол-мулкини бўлишда эътиборга олинмайди.
Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади. Даъво муддати шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисобланади. Суд даъво муддатини ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас, даъво муддати фақат тарафнинг биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар берган аризасига асосан қўлланилади.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади. Суд вояга етмаган болалар манфаатларидан ва эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.
Трафлар ўртасида нотариал тартибда тасдиқланган никоҳ шартномаси мавжуд бўлган ҳолларда мол-мулк никоҳ шартномасида назарда тутилган шартлар асосида бўлинади.
Уларнинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Эр-хотиннинг оилавий муносабатлар тугатилган бўлиб, улар қонуний никоҳи ажратилмасдан туриб эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни суд улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Умидахон СОЛИЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Андижон туманлараро суди судьяси