Атрофга назар

НОСОҒЛОМ МУҲИТ – ЖИНОЯТ БЕШИГИ


12.05.2023   222

Ёхуд вояга етмаганлар содир этган ҳуқуқбузарликлар статистикасига бир назар

«Фарзанд тарбияси бу бизга ерга уруғ сепиб устидан сув қўйиб қачон униб чиқаркан деб кутиб ўтрадиган жараён эмас, унга домий равишда тарбиялаб бориш эьтибор бериб бориш лозим ҳисобланади».

Ш. Мирзиёев.

Бугунги кунда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар турлари бир қанча бўлиб, Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, вояга етмаганлар орасида, афсуски, қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, безорилик, ўғрилик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ёки сотиш билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳам учраб туради. Статистикага кўра, республикада вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2019 йилда 938 тани, 2020 йилда 739 тани, 2021 йилнинг биринчи ярмида 338 тани ташкил этган.Таҳлил қилиб кўрилганда қотиллик жиноятлари учун ҳукм қилинганлар кўп ҳолларда носоғлом муҳитда тарбия топган бўлиб чиқмоқда. Уларнинг 20 фоизга яқини ота-онасиз, учдан бир қисми тўлиқсиз оилада (ота ёки онасиз) ўсганлиги маълум бўлди.

Ота-она билан ишлаш, уларга бола парвариши ва тарбиясини ўргатиш жуда муҳим. Чунки ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча уйдаги муҳит билан боғлиқ бўлади, дейди руҳшунослар. Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича дастурий принципларга кўра, ўсмир болалар тарбияси ва ҳимояси билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки оила, ижтимоий институтлар, мактаб, маҳалла ва ёшлар ташкилотлари ҳам шуғулланиши керак.

Халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра, болада ўз хатти-ҳаракати оқибатини билиш 25 ёшдан кейин тўлиқ ривожланади. Жиноят содир этган ўсмирларнинг 80 фоизида улар улғайгач ижобий характер шаклланиб, жиноят йўлини тарк этишган.Жиноятчиликка қарши курашнинг таркибий қисми бўлган вояга етмаган шахслар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик давлатнинг маънавий-хуқуқий йўналишдаги сиёсатида мухим ўрин тутади. Шунинг учун хам бу муаммони давлат сиёсати даражасида хал этишга алохида эътибор қаратилган. Вояга етмаганлар содир этадиган жиноятларнинг олдини олиш тўғри маънодаги ижтимоий-сиёсий муаммодир. Тўғри, Ўзбекистонда вояга етмаганлар содир этаётган жиноятлар умумий миқдорда камайиши кузатилаётган бўлсада, барча тоифадаги жиноятларнинг умумий миқдорида эса бу кўрсаткич ўзгармай колаётганлигини кўриш мумкин. Демак, вояга етмаганлар содир этадиган жиноятларнинг олдини олиш муаммоси мавжуд ва уларни олдини олишда илмий-назарий тадкиқотлар олиб бориш хамда амалий жихатдан зарур профилактик чора-тадбирларни қўллаш бугунги куннинг талабидир.

Вояга етмаганлар жиноий фаоллигининг энг катта даражаси сўнгги йилларда Тошкент шаҳри, Навоий, Тошкент, Сирдарё, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Андижон ва Хоразм вилоятларида, энг паст кўрсаткичлар – Жиззах, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.

Амалиёт ўташ давомида илгари судланган вояга етмаганларнинг ўзига хос хусусиятларидан қуйидагиларни аниқладик:

- жамиятга мослашаш ҳисси пастлиги;

- бошқаларга нисбатан муомалага киришиш қийинлиги;

- ҳиссий жихатдан заифлиги;

- ўзгаларга ишонч ҳисси сўниш холати кўплиги;

- атрофдаги шахсларга нисбатан бепарво ва беписандлиги;

- илм олишга қизиқиш ҳисси пастлиги.

Ш. ОРИФЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси курсанти