ОДИЛ СУДЛОВ ИНСОН ҚАДРИ КАФОЛАТИДИР
26.02.2022 666
Кейинги йилларда суд тизимида фаолиятни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳамда одил судловга эришиш даражасини янада ошириш борасида юзага чиқаётган катта ўзгаришлар жамоатчиликка яхши маълум.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилганлиги, шунингдек, бир-бирини такрорловчи инстанцияларни қисқартириш мақсадида татбиқ қилинган "бир суд - бир инстанция" тамойили амалиётда нечоғли ижобий натижа бериши ўтган бир йил давомида яққол кўзга ташланди. Аввало, турли оворагарчиликлар ҳамда одамларнинг ортиқча вақт йўқотишларининг кескин олди олинди. Ишларни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш институтининг бекор қилинганлиги эса суд ҳужжатларининг сифатини оширишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этаётир.
Бугунги тезкор ва шиддатли замонда ҳар бир давлат идорасининг фаолият самарадорлиги кўп жиҳатдан соҳани рақамлаштириш кўлами билан боғлиқ. Шу маънода фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида суд мажлис заллари босқичма-босқич капитал таъмирланмоқда, суд мажлисларини видеоконференц-алоқа режимида ўтказиш учун барча биноларда зарур шароитлар яратилган. Жумладан, суд мажлисларини онлайн кузатиб бориш ҳамда аудио ва видеоёзувни қайд қилиб бориш учун имкониятлар бор.
Бу қулайликлар суд иштирокчиларига нима беради? Одатда, судья муайян иш юзасидан ҳар тарафлама қонуний, адолатли қарор қабул қилиш учун суд жараёнида томонларни максимал даражада эшитишга интилади. Шундан келиб чиқилса, суд жараёни бир ёки икки мажлисда якунланиши эҳтимоли кам. Энди тасаввур қилинг, шундай вазиятларда авваллари бошқа вилоятда – олисроқ ҳудудда яшовчи суд иштирокчиларига судда бевосита қатнашиш катта харажатга айланарди: ахир йўлкира, бир неча кун меҳмонхонада яшашнинг ўзи озмунча маблағ талаб қиладими? Эндиликда фуқаро исталган ҳудуддан туриб судда видеоконференц-алоқа орқали қатнашиши мумкинки, бу ортиқча сарф-харажат ва вақт тежалди дегани.
Қолаверса, рақамлаштириш ва интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани судьяларнинг вақтини тежашда ҳам ўзига хос омил бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Биргина суд хабарномалари ва чақирувларини онлайн олиш ёки суд ҳужжатларини электрон тақдим этиш имкониятларига тўхталайлик. Бу билан судья ҳам ортиқча қоғозбозликдан хориж бўлади, қайтанга, тежалган вақтини ўз устида ишлашга, билимини мустаҳкамлашга йўналтиради.
Яна бир жиҳат. Интернет тармоқларидан кенгроқ фойдаланиш имкониятлари ишларни кўришни янада соддалаштириш, фуқароларга қулайликлар яратиш билан бирга, ички ишлар бўлимлари инспекторларининг вақтлари беҳуда сарфланишини олдини олишда муҳим аҳамияткасб этмоқда. Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси билан интеграция қилинган интернет тармоғи орқали маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни масофадан туриб, "TE Desktop" электрон дастури орқалионлайн тарзида кўриб чиқиш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан ушбу тоифадаги ишлар масофадан туриб кўриб чиқилмоқда. Келгусида маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни масофавий тарзда кўрилиши самарадорлигини ошириш юзасидан жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ўрни келганда, айрим рақамларга тўхталсак. 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар томонидан даъво тартибида 27 минг 786 та иш кўрилган. Уларнинг 33,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар сони эса 7 минг 888 тани ташкил этиб, даъвогарлар фойдасига 514,6 миллиард сўм ундириш юзасидан суд қарорлари чиқарилган.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 3 минг 804 нафар шахсга нисбатан 2 минг 727 та жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 1 минг 8 нафар шахсга нисбатан 948 та ишлар тугатилган. Шу билан бирга, 431 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 15 нафар шахс оқланган.
Шунингдек, ишларнинг 915 таси тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.
Хато қилган инсонга жазо нима учун берилади? Албатта, уни тарбиялаш, қилмишидан хулоса чиқариши учун. Жумладан, тўғри йўлдан тойилиб, нотўғри йўлга юрганлигини англаб етган ҳамда ҳаётини янги саҳифа билан бошлашга ҳар томонлама тайёр бўлган маҳкумларга давлатимиз сиёсатига хос жиҳат – инсонпарварлик тамойили асосида судлар томонидан енгиллик бериш амалиётига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, жазодан муддатидан илгари озод этиш билан боғлиқ ишларнинг сайёр судларда, жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши бошқалар учун ўзига хос сабоқ бўлаётгани ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилаётганини таъкидлаш жоиз.
Бу жиҳат Президентимиз томонидан илгари сурилган "Суднинг остонасидан қадам қўйган халқимиз давлатга дўст бўлиб чиқиши керак" деган ҳаётбахш тамойилга хос ва мос эканлиги билан аҳамиятлидир.
Бугун барча соҳалар қатори судларда ҳам ислоҳотлар жараёни бардавом, десак муболаға эмас. Зотан, тизимни халқпарвар судга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқдаки, бу борадаги режалар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам ўз аксини топганлиги барчамизга маълум. Жумладан, Тараққиёт стратегиясининг мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишига оид чора-тадбирлар мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш ва қарор (ҳаракат) ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбуриятини мансабдор шахснинг ўзига юклаш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, умуман олганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасинишакллантиришни мақсад қилганлиги билан эътиборлидир.
Албатта, бу саъй-ҳаракатлар тизимдаги ўзгаришларнинг изчил ва мантиқий давоми бўлиб, халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади. Одил судлов эса инсон қадр-қимматини кафолатловчи энг муҳим омиллардан биридир.
Талъатжон Мелибоев,
вилоят суди раиси.
