Андижон 24

ОҒИР ҚОЛДИҚДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН ЭМАС


11.12.2021   845

Бугунги кунда андижонлик газ истеъмолчиларининг 423 мингдан ортиғини суюлтирилган газ истеъмолчилари ташкил этмоқда. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан бери аҳолига 66 минг 360.94 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш мумкин эмас. Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг “Асака”, “Шаҳрихон” ҳамда “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчларида оғир қолдиқ тўкиш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

“Ёз кунларида кунига ўрта ҳисобда 30-40 дона газ баллонларидан оғир қолдиқларни тўксак, куз-қиш мавсумида бу сон 100-120 донани баъзида 150 донани ҳам ташкил этади, - дейди “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасининг оғир қолдиқ тўкувчи чилангари Муҳаммадали Мамасолиев. – Оғир қолдиқни тўкишда ҳар бир тўкилаётган маший газ баллони аввал тарозидан ўтказилади, оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади..”

Жорий йилнинг ноябрь ойида “Асака” газ тўлдириш шохобчасида 6868 дона маиший газ баллонларидан 2.7 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган. Йил бошидан эса 41.90 тонна қолдиқ тўкиб олинган бўлиб, шундан 41.2 тоннаси утилизация қилинган.Бу кўрсаткичлар эса, “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасида йил бошидан бери 43 минг 344 дона баллондан 31.16 тонна оғир қолдиқ тўкилганини кўрсатмоқда.

“Шаҳрихон” ГТШда эса ўтган 11 ой давомида 437 минг 625 дона маиший газ баллонга суюлтирилган газтўлдирилди. Шундан 41 минг 170 донасида оғир қолдиқлар борлиги аниқланган. Тўкилган қолдиқ миқдори 21.13 тоннани ташкил этиб, шундан 20.94 тоннасини утилизация қилишга эришдик..”, -дейди “Шаҳрихон” ГТШ бошлиғи Хуршидбек Усмонов.

Шу ўринда, истеъмолчиларга алоҳида таъкидлашни истардикки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқ ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Оғир қолдиқни тўкманг ва ҳаётингизни хавф остига қўйманг.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати