ОҒЗИГА ТОЛҚОН СОЛГАН МУТАСАДДИЛАР
22.04.2022 1665
Айни мавзу биринчи бор кун тартибига қўйилаётгани йўқ. 2021 йилнинг ноябрь, декабрь ойларида «Андижоннома» газетасида «Ёлғончи раис ёки Шаҳрихон туманидаги Найман маҳалла фуқаролар йиғинидаги ажабтовур воқелик ҳақида», «Эрта-индин қачон тугайди», «Бир қарашда ҳаммаси жойида, аммо...», «Сув келтирган элда азиз эди-я!» сарлавҳали таҳлилий-танқидий мақолалар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган эдики, уларда кўтарилган масалалар муштарийларга яхши маълум. Бироқ иш фаолияти танқидга нишон бўлган мутасаддиларнинг бир туки қилт этса, қани?! Ҳолбуки, мақолаларда Андижон, Шаҳрихон, Асака, Избоскан туманлари мисолида жиддий, оғриқли муаммолар қаламга олинган эди.
Бир эслайлиг-а!
Шаҳрихон. Таҳририятимизга туманнинг Найман маҳалла фуаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ҳилолахон Ориповадан келган мактуб боис тайёрланган материалда аёлнинг турмуш ўртоғи Анварбек Орипов 2013 йилда паркинсон синдромига чалиниб, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолганлиги, оиладаги 3 фарзанднинг қарамоғи, турмуш машаққатларини ёлғиз чекиб қийналаётгани акс этганди. Бироқ кун тартибига қўйилаётган муаммо юзасидан МФЙ мутасаддиларини қўятуринг, ҳатто туман ҳокимлигидан ҳам сас-садо чиқмаганлигини қандай тушунса бўлади?
Ёки Андижон туманидаги ҳолатни олайлик. Мазкур ҳудуддан тайёрланган мақола қаҳрамони - Куйганёр шаҳарчаси, Саноат маҳалла фуқаролар йиғини, Бунёдкор кўчасида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Зайнабхон Турғунованинг бошидан кечган қийинчиликлар ҳам Ҳилола Орипованинг кўргуликларидан кам эмас, гарчи “Аёллар дафтари”га киритилган бўлса-да, МФЙ ходимларининг эътиборидан четда қолиб кетгани таассуф билан тилга олинган эди. Йўналишда белгиланган тартиб-қоидалар мақола қаҳрамонига нисбатан умуман амалга оширилмаяпти. Мушфиқ аёл қайси бир мутасаддининг арпасини хом ўриб қўйгандики, унинг ижтимоий аҳволини яхшилашни қўйинг, ҳатто маънавий қўллов ҳам дариғ тутилса?
Асака. “Хайрият, сув келди, дея қувонган асакаликларнинг хафсаласи пир бўлди” сарлавҳали мақолада Қайрағоч ҳудудининг тоза ичимлик суви муаммоси кўтарилган. Мавзу матбуотда кўтарилгач, бир ой ўтиб фуқаролар “Энди қўшни қишлоққа бориб сув олиб келиш ташвишидан қутуладиган бўлдик, яна жўмраклардан сув оқаяпти” деган мазмунда миннатдорлик билдиришди. Аммо маҳалла аҳлининг қувончи кўпга чўзилмади. Учинчи куни сув тақа-тақ тўхтади. Одамлар яна сарсон, яна овора.
Избоскан. Нашрнинг 54-сонида “Бир қарашда ҳаммаси жойида, аммо...” сарлавҳали мақолада жиддий муаммо кўтарилган эди.Чиндан-да тумандаги 17 минг нафардан ортиқ фуқаро ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетганлиги, Тўрткўл, Юқори Чувама МФЙлари энг кўп ишсизлик қайд этилган ҳудудлар эканлиги сир эмас.
Юқоридаги мавзуларга қайтиш кўзда тутилганлигини ҳисобга олиб,мазкур ҳолат юзасидан камчилик ва хатоларни бартараф этиш бўйича Шаҳрихон тумани ҳокими Х. Дадахонов (2021йил 23 ноябрь 54 - сон) ва Андижон тумани ҳокими А. Эгамбердиев (2022 йил 1 январь 58- сон), Избоскан туман ҳокими С.Исмоилов (2021йил 23 ноябрь 54-сон), Асака туман ҳокими М. Алихановлар номига (2022 йил 1 январь 55-сон) муносабат билдиришларини сўраб мурожаат йўлланди.
Таассуфки, уч ойдан буён туман ҳокимликлари жим. Мутасаддиларнинг мурожаатларга муносабати, ўз ишига “масъулият”и қай даражада эканлиги тўғрисида хулосамиз ойдинлашди. Начора, туман раҳбарларидан натижа бўлмагач, чиқмаган жондан умид, дея вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига ҳам ҳудди шу мазмунда хат юборилди. Бироқ...
Зукко ўқувчи ана шу “бироқ”нинг ўзидан ҳам масаланинг мағзини тушуниб олган бўлса, не ажаб?! Маҳаллий ҳокимликлар эса ҳанузгача бефарқ.
Матбуотгача олиб чиқилган мавзуга бу қадар беписандлик айрим мутасаддиларда қачон ва не сабаб шаклланиб улгурди? Дарвоқе, уларга бир кунда жисмоний шахслардан қанчадан-қанча мурожаатлар келиб тушса керак-а? Албатта, юридик шахсларнинг мурожаатига лоқайдлик қилаётган ташкилотларнинг оддий фуқаролар мурожаатига қандай қарашликларини тасаввур қилиш қийин эмас. Кундан-кунга одамлар орасида баъзи норозилик кайфиятларининг учраб туриши шундан-да. Маълум бўлишича, мақолаларда кўтарилган масалалар ечим топиши тугул, мутлақо эътиборсиз қоляпти...
“Олма туш, оғзимга туш” деб яна қанча ойлаб жавоб кутиб ўтиришни лозим топмадик. Мутасадди ташкилотларга бордик. Жараён қай тарзда кечаётгани билан қизиқдик, масъул ҳодимлар билан юзма-юз суҳбатлашишни истадик. Бироқ чучварани санашга эрта уринибмиз. Ҳеч ким бирор пичоққа илинадиган жавоб айтмади. Масъулларнинг баён этилган мурожаатлардан ҳатто хабари йўқлиги бизни ўйлантириб қўйди. Мурожаатни кўрмаганликлари иддаосига эса на кулишни, на куйишни билдик.Иш эса сансалорликдан нарига ўтмади.
“Яна қачонгача сукут сақлайсиз? Мутасаддиларга юборилган мурожаатлар ҳамон жавобсиз қолмоқда” сарлавҳаси остида газетанинг 2022 йил 19 февралъ №10-11- сонларида чоп этилган мақоладан сўнг ҳам айрим мутасаддиларнинг “уйғонмаётгани” ачинарли.
Шу ўринда савол туғилади: маҳаллий ҳокимликлар, мутассади ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларини бажармаганлик ёки қўпол равишда бузганлик учун қандай қонуний чора белгиланган? Ёки айрим мансабдорлар учун қонуний талаблар кор эмасми?
Қонун талабларига зид бўлган бу хатти-ҳаракатлар давлат органларининг фуқаролар тақдирига бефарқлигини яққол кўрсатмаяптими?
Аслида мутасаддиларнинг мурожаатларга лоқайдлигидан эмас, юқорида тилга олинганбир неча ойлардан бери кўмакка муҳтож, тегишли ташкилот бинолари олдида туну кун масъуллар эътиборини кутиб ранги сарғаяётган оилалар, фуқаролар тақдирига бефарқлигидан ёниб кетасан киши.
Афсуски айрим жойлардабеэътибор ходимлар, раҳбарлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин, улар ўз ишида ўзгариш қилмаса, агар эл-юрт ишига эътиборсиз қараган бўлса,буни ҳар қайси оилага,юртимизга эътиборсиз қараш деб қабул қилиш, ёшларнинг орзу-ниятлари рўёбга чиқишига қарши қаратилган ҳаракат деб тушуниш мумкин. Инсофни ўзларига берсин. Бироқ биргина эътибори, ёрдами билан ўксик кўнгиллар тоғ қадар кўтарилишини, гўшалар обод бўлишини англасалар бас.
Биз эса яна жавоб кутамиз.
Нуржахон Йўлдошева,
«Андижоннома» мухсус мухбири.
