Андижонда

Олтинкўл изчил тараққиёт йўлида


16.02.2026   50

Бугун Олтинкўл тумани изчил тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда. Меҳнаткаш ва ташаббускор аҳолиси билан танилган ушбу туманнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ютуқларини қайд этиш жоиз. Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари янги уй-жойлар, таълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасалари қурилишида, ички йўллар, ичимлик суви ва электр таъминоти яхшиланаётганида намоён. Қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ёшлар сиёсати, қўйингки, барча соҳа ва йўналишлардаги тизимли ислоҳотлар ижроси ютуқларда акс этаётир.

Туманда мавжуд 59 та маҳалланинг драйвери сифатида ҳунармадчилик, деҳқончилик, иссиқхона, гулчилик фаолиятларини кўрсатиш мумкин. “Маҳалла” уюшмаси туман бўлими раиси Обиджон Тошпўлатов билан боғланиб, намунали масканлар фаолияти билан қизиқдик.

МЕБЕЛЧИЛАР МАҲАЛЛАСИ: МЕҲНАТДАН БАРАКА

Бугун маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани йил номиданоқ аён. Шу йўналишда ибратли тажриба сифатида Ижтимоият маҳалласини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Маҳаллада мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи кўплаб оилалар, кичик цехлар ва хусусий устахоналар фаолият олиб бормоқда. 3 минг 174 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 547 та хонадоннинг 505 тасида айни йўналишдаги фаолият гуллаб-яшнаяпти. Улар томонидан тайёрланаётган замонавий ва миллий услубдаги мебель маҳсулотлари нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам харидоргир.

  • Маҳалланинг энг катта ютуқларидан бири — аҳолини, айниқса ёшларни касб-ҳунарга жалб қилишдир, - дейди МФЙ раиси Одилжон Даминов. - Устоз-шогирд анъанаси асосида ёшлар мебель ясаш сир-асрорларини ўрганмоқда, бу эса ишсизликни камайтиришга хизмат қилмоқда. Кўплаб ёшлар ўз оилавий цехларини ташкил этиб, мустақил меҳнат фаолиятини бошлаган. Яшаш манзилларни, уйларни, янги қурилган оиланинг хонадонини жиҳозсиз тасаввур қилиб бўлмайди, албатта. Демак, бу йўналишдаги ҳунармандлар ишларига талаб камаймайди. Талаб юқори экан, таклиф ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим. Тадбиркорларимизга давлат томонидан имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва зарур инфратузилма яратиб бериляпти. Электр таъминоти, йўллар, ишлаб чиқариш учун мос бинолар масаласи босқичма-босқич ҳал этилаётгани ҳам ютуқларимиздан бири. Бу эса мебель ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашга имкон бермоқда.

***

Ҳошимжон Мамадалиев, Нодирбек Исмоилов, Абдусаттор Маҳкамов, Обиджон Ҳожиматов каби илғор ҳунармандлар маҳалла ривожига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Улар қаторида Тўланбой Назиров фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ.2012 йилда мустақил фаолиятини бошлаган ҳунарманд томонидан тайёрланган стол-стуллар ўзида анъанавий услуб билан бир қаторда замонавий дизайн ва технологияларни ҳам уйғунлаштиргани билан диққатга сазовор. Миллий нақшлар ва қўл меҳнати элементлари маҳсулотга ўзига хослик бағишламоқда. Турмуш ўртоғи ва қизлари Назиржон аканинг ишларига зеб берадилар: 12 талик, 24 талик ва 48 талик стол ва стул тўпламларига “либос кийдириш” уларнинг зиммасида. Оилавий барака мана шунда бўлса не ажаб. Бир ойда ўртача 10 та стол-стул жамланмаси харидорларга етказиб берилади. Кўпчиликни қизиқтирган саволга жавоб бериб ўтсак: ички бозорда энг арзон жамланма 3 миллион сўмни, энг қиммати эса 15 миллион сўмни ташкил қиларкан. Дарвоқе, ички бозордан ташқари Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига ҳам экспорт йўлга қўйилган.

***

Мебелчилик — бу фақат касб эмас, балки санъат ҳамдир. Ҳар бир маҳсулотда ҳунарманднинг меҳри, тажрибаси ва диди мужассам. Шу боис, мебелчи ҳунармандлар меҳнати жамиятда муносиб қадрланиши, уларнинг тажрибаси ва маҳорати ёшларга ибрат бўлиб хизмат қилиши лозим. Бу борада ижтимоиятликларга ҳавас қилса арзийди.

ЧЎНТАККА ДАРОМАД ИССИҚХОНАДАН КЕЛЯПТИ

Туманнинг Чўнтак маҳалласи миришкорлиги билан туманда ўзига хос мавқега эга.3 минг 700 дан зиёд аҳоли яшайдиган ҳудуд драйвери асосан иссиқхоначилик. Мавжуд 625 хонадоннинг деярли барчасида турли сабзавот, ва гуллар етиштирилади. Раис Дилшодбек Олимовнинг маълумот беришича, камбағалликдан фаровонлик сари дастури самарали амалга оширилиб, ижтимоий реестр рўйхатида турувчилар атиги 2 фоиз қолди. Уларни ҳам ўзини ўзи банд қилиш юмушларига жалб этиш чоралари кўрилаётир.

Маҳалланинг моҳир миришкори Абдусалом Норқўзиев оиласи билан томорқасидаги 8 сотихли иссиқхонада помидор, бодринг етиштиради. Йилига икки бор ҳосил кўтаради. Даромади яхшиликларга буюряпти. Қизларининг сеп-сидирғасини бадастир қилиб узатди, уй-жойларини ростлаб олди.

  • Даромади мўмайгина бўлгани билан меҳнати ҳам шунга яраша, - дейди Абдусалом ака.- Агротехник тадбирлардан ташқари ерни севиб, ҳар бир кўчатни меҳр бериб парваришласангизгина кутилган натижани оласиз. Январь ойининг бошиданоқ ерга ишлов бериб, экин-тикинни бошлаб юборамиз. Кўчатларни ўзимиз етиштирамиз. Ортиқча бир-икки минг донасидан тушган пулини кундалик эҳтиёжларга сарфлаймиз.

Ўғлим, набирам ҳам ёнимда ёрдамчи бўлиб, анча ишни ўрганиб олдилар. Мавсумий ишларнинг кўлами катталиги учун 4 нафар қўшни йигит-қизларни ёрдамга чақирамиз, меҳнатига яраша ҳақ олишади.Помидорнинг “Алания”, бодрингнинг “Понтино” навини экканмиз. Насиб бўлса, мартнинг охирларига дастлабки ҳосилни узамиз.

Бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланамиз. Жўякларнинг бўш жойларида ошкўкбоп кўкатларни етиштирамиз.

Яна бир оила бошчиси Азнаур Жалилов қарийб 10 йилдан буён тувакда манзарали хонаки гуллар етиштириб келаяпти. Иссиқхонасига кирсангиз, ҳар бир гулнинг ўзига хос табиати, инсон организми учун фойдалари, парваришлаш сирлариҳақида кўп ва хўп маълумотлар беради.

Маҳаллани айланиб, иссиқхоналарда астойдил меҳнат қилаётган одамларнинг нурли чеҳраларини кўриб дилингиз яйрайди. Чўнтакликлар миришкорлиги билан оиласига ҳам, эл дастурхонига ҳам файзу барака олиб келмоқда.

Пиру бадавлатларимиз

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШАЁТГАН АЯ

Қўштепасарой қишлоғида шифокорлар сулоласи бор. Исроиловлар оиласининг пешвоси Аҳмаджон ака бутун умрини дардмандлар дардига шифо улашишдек муқаддас соҳага бахшида этяпти. Узоқ йиллар туман соғлиқни сақлаш бўлимига раҳбарлик қилди. Ҳозир ҳам ғайрати, хатти-ҳаракати ёшларникидек. Бу шифокорнинг онаси шу кунларда тўқсон ёшга тўлди. Суҳбатимизда аён бўлдики, сулоланинг ота-боболари, эна-момолари узоқ умр кўрадиганлар шажарасидан экан. Набира бўлмиш Дилафрўзойнинг сўзларига қулоқ тутдик:

– Яхшиликка етаклайдиган тадбирларниу ёки бу даражада онамда кўраман. Ҳеч бир айтгани хато чиқмайди. Қизларига, набираларига бир гапни кўп бор уқтирганларини эшитганман: “Ички пардозинг билан ташқи пардозинг бир хилда – чиройли бўлсин!” Ҳозир ҳам - 90 ёшда бизнинг юриш-туришимиз, ҳатто кийим-кечагимиз, гапираётган гапимиз, бошқаларга муносабатимиз – барчаси фикри-зикрида туради. Таъбир жоиз бўлса, энам тиниқ ойнага ўхшайди. Қарайсизу ҳушёр тортасиз. Расули акром саллоллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадис: “Жаннат оналар оёғи остидадир”.

Аҳмаджон ака шундай ҳикоя қиладилар:

Беадад шукрларким, Оллоҳ умрларини бардавом қилсин – Турсуной ҳожи онам қутлуғ 90 ёшга тўляптилар. Жамоа хўжалигида узоқ йиллар ишлаб, асло “чарчадим” демаган. Ҳовлида, томорқада тиним билмасди, ҳозир ҳам қўйиб берсангиз, эгат оралаб кетади. Эсимда, уйимиздаги томорқада сабзи, пушти навли помидор етиштирарди. Шаҳарда харидорлари бор эди. Талаш бўларди. Ҳар йили ипак қурти боқиб, жамоа хўжалигида энг кўп пилла тайёрлаб, атласу барқут мукофотлар оларди. “Болаларим, ўқишнинг этагидан маҳкам тутинглар”, - деб қайта-қайта айтар, топган даромадини бизнинг “катта мактаблар”да таълим олишимизга сарфларди.

Мана, бугун ҳаммамизнинг бўйу бастимизга қараб, сокин дарё бўлиб юрибди. Яратганга беадад шукрлар бўлсин! Ҳамиша “юрган – дарё, ўтирган - бўйра” деган гапни бот-бот айтади. Сафару саёҳатлар – жону дили. Тошкент, Самарқанду Бухорони қўя туринг, Шоҳимардондаги ҳазрат Али мақбараси, Кўли Қуббон, Нанай, Чимён... бу рўйхатни давом эттирсам, 12 варақли дафтар тўлади. Узоқ умр кўришнинг сирларидан бири ҳам шундамикин?

Онам бир бор катта Ҳаж ибодатини, тўрт марта Умра зиёратини адо этди. Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара таассуротларини сўзлаб, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларини чин кўнгилдан ўтаб келдим, дейди.

Ўша саодатли, муқаддас жойларда онамнинг қилган дуолари ҳали ҳануз фикру ўйимда жаранглаб тургандай бўлади. Набираси – шифокор Дилфуза “Ширин сўз энам” дейди. Қўни-қўшниларнинг маслаҳатгўйи, бировда етишмовчилик бўлиб қолса, дарров тиргак бўлади. “Отаси Мамасоли ака “Қизил юлдуз” деган колхозда раис бўлган, кўп фазилатлар онангизга ўтган-да”, дейишади кексалар. Хурсанд бўлиб кетаман.

***

Биз Аянинг дуоларини олдик. Бугун панду насиҳатларига қулоқ солиб ўтирган, ҳаётда ўз ўрнини топаётган фарзандлар, набиралар, чеваралар ҳамиша ёнларида. Ҳозир маҳалла ифтихори бўлган онахон ардоқда, бахтли кунларга шукроналар келтириб, умргузаронлик қилмоқда. “Бахтли ҳаётнинг асоси меҳнатда, ҳаловатда”, дейди Ая.

ИЗЛАНИШДАН НАТИЖАГАЧА...

Омина зиёли оилада дунёга келди. Болалигидан қоғоз-қалам, китобга ошно бўлди. Ҳар тонг мактабга шошаркан, елкасидаги сумкадан кўра қалбидаги орзулари унга куч берарди. Ўшандаёқ илк устозлари илғаган истеъдоди эса нафақат қувонч, балки масъулият ҳам юклагани рост.

Бир қарашда у оддий ўқувчи, аммо ички дунёсида бутун бир олам яшар эди. Китоб — унинг энг яқин дўсти, илм эса келажакка очилган эшиги бўлди. Кўпчилик дам олишни истаган пайтда у изланар, ўрганар, ўз устида ишлашдан тўхтамасди.

Бугун Омина Олимжонова билан нафақат оиласи, балки туман халқ таълими тизими жамоаси ҳам фахрланиши бор гап. 2-умумтаълим мактабини олтин медаль билан тамомлагач, Андижон давлат Чет тиллари институтининг инглиз филологияси факультети, Мактабгача ва бошланғич таълимда инглиз тили йўналишига 1-ўринда давлат гранти асосида қабул қилинди. Албатта, изланувчан қиз бу маррага етиб келиш учун ўрта таълимдаёқ етарли замин ҳозирлаганди. Бир неча бор турли танловлардаги, фан олимпиадаларидаги ғалабалар, миллий сертификатларни қўлга киритиш ҳамда халқаро IELTS да 6.5 баллга эга бўлиш – буларнинг барчаси олий таълим учун етарли асос бўла олди.

Иқтидорлилар учун йўл ҳамиша текис бўлмайди. “Қиз болага шунча ўқиш шартми?”, “Барибир оила деган гап бор” каби сўзлар унинг ҳам атрофини четлаб ўтмади. Аммо у бу фикрларга жавобни амал билан берди. Билими, интилиши ва сабр-тоқати билан ўз орзуларининг ҳақ эканини исботлади.

Айни вақтда Омина институтнинг 3-босқичида таҳсил олмоқда. Хорижий тилларни ўргатиш ўқув марказидан иш учун таклиф бўлганида иккиланмади. Ўзига бўлган ишонч, билим даражаси, инглиз тилини болаларга эрта ёшдан ўргатишга бўлган кучли иштиёқ билан ҳозирда етук мутахассисга айланиб улгурди. Олий таълим даргоҳида фаол ва лидер талабалар сафида биринчиликни қўлдан бермайди. “Маърифат майдони”, “Ёш китобхон” танловлари унинг мутолаа борасидаги интилишларини мудом чархлаб келаётир.

Юқори марраларни забт этишдан тўхтамайдиган қизгина IELTS да янги натижани қайд этди: 7.5. Аризона университети томонидан ишлаб чиқилган халқаро TESOL сертификатига эга бўлди. Энг юқори рейтингда турувчи Yale ҳамда Harvard университетлари томонидан ишлаб чиқилган болалар билан мулоқот қилишни ва бизнес бошқариш курсларини муваффақиятли тамомлади. Келгусида халқаро ва ўз тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда замонавий мактабгача таълим муассаси фаолиятини йўлга қўймоқчи.

Мухтасар айтганда, Омина Олимжонованинг ютуқлари фақат шахсий ғалаба эмас. Ҳар бир муваффақият ортида ота-онасининг дуоси, устозларининг ишончи, жамиятнинг қўллаб-қувватлови мужассам. Энг муҳими, у бошқа қизлар учун умид чироғига айланди. “Мен ҳам қила оламан”, деган ишончни уларнинг қалбига жойлай олди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА,

Зилола РАҲМОНОВА тайёрлади.