ОМҚП да Андижон вакиллари 11 нафарни ташкил этди
13.11.2024 446
27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига депутатлар сайлови юқори тайёргарлик билан бўлиб ўтди. Бу, 2021 йилги Президент сайлови, шунингдек, 2023 йили бўлиб ўтган Конституция масаласидаги референдум ҳамда муддатидан аввалги Президент сайловидан сўнг, кейинги тўрт йилда юз берган тўртинчи йирик сиёсий воқеадир. Сайловлар биринчи марта янги сайлов тизими асосида ўтказилди.
Қонунчилик палатаси депутатлари бутун мамлакатга дахлдор қонунларни қабул қилса, кенгашларнинг депутатлари эса қурилиш, ободонлаштириш, ҳудудий бюджет ва шу каби маҳаллий масалаларни ҳал қилиш чора-тадбирларини кўрадилар.
Бу йил парламент сайлови тарихда биринчи марта мажоритар ва пропорционал усулларни ўзида жипслаштирган аралаш тизимда ўтказилди. Сайловчилар аниқ бир номзодга овоз берадишган мажоритар тизимдан фарқли ўлароқ, пропорционал тизимда сиёсий партияларга овоз бердилар. Шу тариқа, 75 депутат бир мандатли округларда мажоритар тизим асосида, қолган 75 депутат эса партия рўйхатлари асосида пропорционал тизим асосида сайланди.
Шу ўринда кўпчиликни қизиқтирадиган савол: депутатларга ҳақ тўланадими?
Маҳаллий кенгашларнинг депутатлари жамоатчилик асосида ишлайди, чунки уларнинг фаолияти маҳаллий характерга эга. Бу уларга ўзининг асосий иш жойини сақлаб қолиб, депутатлик вазифаларини ҳам бажариш имконини беради.
Қонунчилик палатаси депутатлари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва эътиборни тўлиқ қонун ижодкорлигига қаратиш учун ҳам зарур.
Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасига бир мандатли сайлов округлари бўйича 7 нафар, Ягона сайлов округи бўйича 4 нафар номзодлар депутатликка сайландилар.
Ойбек ЮЛДАШЕВ - бир мандатли 11-Андижон вилояти
сайлов округидан сайланган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутати:
- Қонун устуворлиги, мамлакат тараққиёти, фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, ёш авлод келажагининг кафолати бўлган долзарб масалалар парламентда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳаларининг асосини, мазмун-моҳиятини ташкил этади. Ёшларнинг манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бугунги кунда билим олиш, замонавий касб-ҳунар эгаллаш, турли йўналишларда иқтидорини намоён этиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар натижасида ёшлар кўплаб соҳаларда янги марраларни забт этмоқдалар. Сўнгги етти йилда мамлакатимизда ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар берилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда изланувчан, янгиликларга интилувчан ёшлар бисёр. Фақат уларга озгина эътибор, моддий ёки ижтимоий туртки керак. Эндиликда айрим тоифа ёшларимизнинг раҳбар кадрларга бириктирилиши, уларнинг ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш учун тегишли ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўллаб-қувватланиши ўзининг ижобий натижасини кўрсатмасдан қолмайди. Келгуси фаолиятим давомида менга билдирилган ишончни тўла оқлаб, парламент вакили сифатида ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатлари ҳимояси, имкониятлари юзага чиқиши учун бор куч-ғайратимни сарфлайман.
- Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгариш ва янги лойиҳалар, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бўлиб, бугунги кунда унинг натижаларини халқимиз турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш экан, келгуси беш йилликда бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга ҳиссамизни қўшамиз. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларнинг сифатини оширишга хизмат қилувчи меъёрий ҳуқуқий база имкониятларини тўлақонли очиб беришга бор саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этамиз.
Анваржон НУРМАТОВ, ягона сайлов округидан сайланган Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутати:
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар орасида Андижон вилояти вакиллари ҳам салмоқли ўрин эгаллади.Хусусан, мажоритар тизим бўйича сайланганлар 7 нафар:
1.Азимов Сайдулло – Ўзбекистон Либерал демократик партияси;
2. Отахонова Одина – Ўзбекистон Либерал демократик партияси;
3. Юлдашев Ойбек – Ўзбекистон Либерал демократик партияси;
4. Маниязов Бахтиёр – Ўзбекистон“Миллий тикланиш” демократик партияси;
5. Адхамжонова Мавлуда – Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси.
6.Юсупов Наврузбек – Ўзбекистон Экологик партияси;
7. Акбаров Азиз – Ўзбекистон Экологик партияси;
Партия рўйхати бўйича эса 4 нафар депутат сайланди:
1. Екатерина Смесова – Ўзбекистон Либерал демократик партияси;
2. Кабулов Улуғбек – Ўзбекистон Либерал демократик партияси.
3.Нурматов Анварбек – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;
4. Абдувохидова Гулнора – Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси;
Зилола РАҲМОНОВА.