Атрофга назар

Онамга юборолмайдиган мактубим


31.10.2023   254

Мен бугун анчадан бери қўл уришга чўчиётган мавзу ҳақида озроқ ёзаман, негаки, бу мактубни бошлаш қанчалик оғир бўлса, якун ясаш шунчалик мушкул.

Мен бугун худи иншолар танловида қатнашайтоган қизалоқдай жимжимадор сўзлардан фойдаланиб, “мени тўққиз ой қорнида сақлаб, бу ёруғ дунёни кўрган кунимдан бошлаб бошимда парвона, кечалари бедор бўлиб алла айтган” аёл ҳақида ёзмоқчи эмасман, ёки “Жаннат – оналар оёғи остидадир” деган ҳикмат асосида оналар қанчалик меҳрибон, қанчалик оқкўнгил экани тўғрисида ҳам куйиб-пишиб ёзмайман. Мен бугун айнан сиз ҳақингизда ёзаман. Қон томиб турган тақдир шамширининг оғушида узоқ вақт азоб чеккангиз ҳақида, ёки тақдир тўппончасининг нишонига тушганингиз, уни қўлингизга ушлаб олгунча қанча қийналганингиз тўғрисида ёзарман балки.

Аммо кечинмаларимни мана шу нуқтаю вергуллар орасига сиғдира олишимга сира кўзим етмайди.Туғилибманки, юрагимнинг ярми ўзимда бўлса, ярмисизда. Гўё дунёга келаётган пайтим руҳим ҳеч бир лаҳза сизни тарк қилмасликка қасамёд қилгадек, кулсангиз сиздан ўн чандон севинаман, оламдан ранжисангиз мен ўн баробар сиқиламан. Фақат буларни кўзларим бироз ошкор қилиши мумкин, водариғ мен сиз учун фақат сиқилиб бера оламан холос. Пуфласа, оппоқ ва нозик япроқлари учиб кетадиган гулга ўхшаган кичик кўнглимни доимо ҳимоя қиласиз, пуфлаб синдирмоқчи бўлганлардан доимо асрайсиз.

Мен эса еяётган бир бурда нонимни сизга улашсам, «ўзинг еявермайсанми» деб жилмайиб қўйганингизда худи сизнинг олдингиздаги бутун бурчларимни бажариб қўйган фарзанддек ўзимдан фахрланиб қўядиган даражада аҳмоқман. Мени яққол тушунадиган, керакли маслаҳатни бера оладиган ягона киши эканингизни билиб турсамда, дардимни қаердаги дайдиитларга айтадиган даражада ношудман. Мен билан жуда кўп машаққат чекдингиз, қадрингизни билмадим, тўғрироғи қадрингизни билишимни билдирмадим, исботламадим. Аммо ҳар тунда сизни ўйлаб юрагим ачишди, тонгда эса кўз ёшларим ҳақида сўз очиб, ўйилган дилни баттар тирнагим келмади, журъат топмадим.

Ха, мен ҳеч қачон яхши фарзанд бўлолмасам керак, кечиринг.

Лекин зулматга ботиб кетган қалбимда умид чироғини ёқиб турганингизни жуда яхши биламан. Ҳар сафар дардлашганимизда кўзёшларимни бағрингизга тўкким келади, лекин жазм қилолмайман, дилимдаги ўша жарангдор куйни тилимга кўчиргим келади, “яхшиям борсиз, она” дегим келади, эплолмайман.

Аслида, мен сизсиз ҳечкимман, мутлақо ҳечким.

Сизни жуда кўп яхши кўришимни, қадрлашимни билишингизни истардим, аммо бу тугаллаганмаган мактубни жўнатишга ҳам ботина олмадим. Мужмал якун учун ҳам узр сўрайман.

Қизингизни кечиринг ва ҳеч қачон йиғламанг.

Маржона УМАРОВА