Атрофга назар

​Панжара ортида қуёш чиройли порламайди...


19.08.2024   989

М. Каримов (исм-шарифи шартли ўзгартирилган) эндигина 19 ёшда. Қилган жинояти учун берилган жазо муддатини Андижон шаҳридаги 2-минтақавий ҳудуд 3-сон тергов ҳибсхонасида ўтаяпти. Пушаймонлиги дунёни тутади. Йигит йиғламасин... Кўзларидан думалаётган томчиларни беркитишга уринмасин, оғир-оғир хўрсиниқларга қоришиб кетаверди...

Болалигидаёқ ота-онаси ажрашиб кетишди. Икки қиз она қарамоғига ўтди. Ўғил фарзандни ногиронлиги бўлган ота бергиси келмади, ўзи билан олиб қолди. Онаси бир неча марта ўғлини ўзи билан олиб кетишга ҳаракат қилди, бироқ отаси кўнмади. Ҳар сафарги уринишлар уриш-жанжалларга сабаб бўлаверганидан болакай зада бўлиб қолди. Дадаси билан яшашини айтдию, шу билан “жанг”ларга нуқта қўйилди.

Орадан ўтган йиллар М.ни жуда тез улғайтирди. Бу орада отаси бошқа бир аёлга уйланди. Энди унинг учун чинакам ўгайлик ҳаёти бошланди. Оиладаги муҳит ўзгарди. Соғлом бўлмаган шароит шаклланди. М. Отасининг қистови билан бозорда эшик-ром сотувчи амакисининг қўлида ёрдамчи сотувчи бўлиб иш бошлади. Дастлаб ҳаммаси кўнгилдагидек эди. Лекин бора-бора амакининг унга нирсбатан муомаласи, кайфияти ўзгара бошлади. Охир-оқибат ораларида жиддий тушунмовчилик чиқдию, бўй етган йигит савдога бормай қўйди.

Энди пул топиш керак. Рўзғор унинг бўйнида. Ўгай она уй бекаси, отанинг ногиронлиги бор, жўяли бир ишга ярамайди. Спортнинг қўл жанги билан шуғулланадиган М. навбатдаги машғулотдан қайтаркан, шуларни ўйларди. Тасодифан хаёлига келган фикрдан ўзи билмаган ҳолда қувониб кетди. Назарида энг тўғри ва энг осон йўл шу эди. Маҳаллалар оралаб кетаркан, бир ҳовлининг томорқасига қилинган қўрага кўзи тушди. Ичида 3 та қўй турибди. Ён-атрофига қаради. Қоронғи қуюқлиги учун инсон зоти кўринмади. Қўранинг тахта эшигини очишга у қадар қийналмади. Битта қўйни етаклаб опчиқдию, эшикни аввалгидек қилиб маҳкамлаб ёпди. Қўй ҳам ювошгина экан, овоз чиқармади. Шу заҳотиёқ яқин таниш акахонига қўнғироқ қилиб жониворни нархини келишди. Икки миллион уч юз минг сўмни олди ва эртасига рўзғор камларини бутлади.

Ўн кун ўтиб-ўтмай пул тугади. Осон маблағ топишнинг хумори яна тута бошлади. Бу сафар ўша маҳалладан пастроқда жойлашган ўрикзор ичидаги қўрани мўлжаллади. Нишон аниқ олинди, аммо битта эмас нақд учта! Кечаси соат 2-3 лар чамаси учала қўй ҳам ўғирланди, тонг саҳарда таниш қассобга атиги 2 миллион 800 мингга сотилди.

М. энди осон маблағ топиш йўлига ўтганди. Сурункали пул етишмовчилиги, моддий қийинчилик, оиладаги носоғлом муҳит уни тезгина ўғрига айлантириб улгурди. Бироқ йигитча кўза кунда эмас, кунида синишини унутганди. Учинчи марта ўғирлик қилиш учун илк борган қўраси атрофини текширди. Ўша куни қолиб кетган иккита қўй ҳам ўлжасига айланишига ишонган М.нинг режаси бу сафар иш бермади. Эндигина ниятини амалга оширмоқчи бўлганида уй эгаси чиқиб қолди. Аранг қочиб қутилди. Бироқ хонадон соҳиби уни таниб улгурганди. Эртасигаёқ М.ни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органига чақиртиришди. Шу билан унга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланиб кетди...

Бугун у қилмишидан чин дилдан пушаймон:

-Бу ерда ўтган ҳаётни таҳлил қилишга, хатолардан хулоса чиқаришга етарлидан ортиқ вақт бўларкан. Шу ёшимгача фақат қийинчилик кўрдим. Моддий етишмовчилик ва унинг ортидан келиб чиқадиган доимий жанжаллар, ота-она меҳридан бенасиб улғайганим учунми, билмадим, шу жирканч йўлга кириб қолдим. Ўзимни ҳеч қачон кечирмайман. Шунақа осон пул топишни касб қилиб олаётган эканман. Агар шу панжаралар ортида кирган ақлим озодликда эканимда бўлганида, бир бурда нонга зор бўлсам-да, ўғирлик йўлига кирмаган бўлардим. Афсусдаман...

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнорахон Абдувоҳидова билан ҳамкорликдаги ўрганишларимиз давомида муассасадаги М. каби бошқа маҳкум ва маҳбуслар ҳаёти билан яқиндан танишдик. Ҳибсхона бошлиғи Акмал Тўйчибоев ташаббуси билан кейинги вақтларда муассасада яхшигина ижобий ўзгаришлар амалга оширилган. Жорий йилгача атиги 4 та бўлган адвокатларнинг маҳбуслар билан сўзлашув хоналари яна 4 тага кўпайтирилган. Эндиликда бир кунда ўртача 150-200 нафар маҳбус ўз ҳимоячиси билан учрашиб, суҳбатлаша оляпти.

Бундан ташқари, муассаса ҳудудида жазони ижро этиш учун шароит яратилган. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган, биринчи марта судланган маҳкумларнинг айримлари оилавий, ижтимоий сабаблари билан шу ерда муддатини ўтаяптилар. Бугунги кунда улар 18 нафарни ташкил қилмоқда. Улар мавсумий ва доимий ишларга жалб қилинган.

Шунингдек, муассасанинг ҳар бир қаватида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига мурожаат қутиси ташкил қилинган. Гулнорахон Абдувоҳидова ҳар гал маҳкум ва маҳбусларга кўрсатилаётган эътибор, уларнинг ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказишга келганида бу қутилардаги хатлар билан танишади. Мурожаатчилар билан индувидиал суҳбатлашади. Бу эса мамлакатимизда ирқи, дини, келиб чиқиши, насл-насабидан қатъий назар инсон капитали энг олий ўринда эканининг амалий исботидир.

Андижон шаҳридаги 600 ўринли 3-сон тергов ҳибсхонасида юқорида тақдиридан ёзганимиз М. каби қилмишидан пушаймонлар нигоҳларидаги афсусларга дуч келасиз. Улар бу ерда озодликни чандон қадрига етаётганларини ҳис қиласиз. Тўғри, муассасада маҳкум ва маҳбуслар учун имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Уч маҳал иссиқ овқат, мутолаа учун маънавият хонаси, кутубхона, малакали тиббий хизмат... Аммо барибир эркинликдаги қуёш нури бошқача нур сочади. Буни айниқса, ҳибсхонада сақланаётган яхши биладилар...

Зилола РАҲМОНОВА