Паспортингиз қонунийми – унда хотиржам бўлинг!
03.03.2025 588
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияси ID-картаси – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.
Қайд этиш керак, ID-карталарини олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига ҳамда давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши орқали расмийлаштирилади.
Мамлакатимизда ҳам биометрик паспорт ўрнига ID-карталар берила бошлади. Бўлинмаларга замонавий махсус қурилмалар келтирилди. Улар ёрдамида фуқароларга шахсини тасдиқловчи ID-карталар расмийлаштирилмоқда. Уларни олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжат талаб этилмайди. Фақат паспорт, ариза ва давлат божи тўланиши лозим. Биринчи марта паспорт олиш учун мурожаат қилган ёшлар бўлса, ариза, туғилганлик ҳақида гувоҳномаси, отаси ёки онасининг паспорти нусхасини тақдим этади, ID-карталарни бир иш кунида олиш имконияти мавжуд.
Марҳамат туманида ҳам мазкур йўналишда амалий ишлар кенг қамровли эканини таъкидлаш лозим. Биргина ўтган 2024 йил давомида жами 22 минг 801 нафар фуқароларга ID-карталар расмийлаштириб берилиб, шундан 2 минг 699 нафари биринчи маротаба 16 ёшга тўлиб мурожаат этганларни ташкил этади,. Албатта, фуқаролиги бўлмаган шахслар билан ҳам тизимли ишланди, яъни ана шундай 34 нафар фуқароларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилиб, давлатимиз фуқаросининг идентификацияловчи
ID-картаси билан ҳужжатлаштирилди.
Жорий йилнинг бугунига қадар эса жами 3 минг 937 нафар фуқароларга ID-карталар расмийлаштирилди. Уларнинг 425 нафари 16 ёшга тўлган ёшлардир. 5 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олдилар.
Шу ўринда эслатиб ўтишимиз зарур жиҳат бор. ID-карта олиш учун мурожаат ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардан келиб тушган ҳолатларда масъул ходимларимиз томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борилиб идентификация ID-картаси расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш баробарида юртдошларимизнинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ва унинг афзалликлари ҳақидаги сўровларига ҳам батафсил маълумотлар беришга, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашмоқдамиз. Айни чоғда ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш, фуқароларда бу борада туғилаётган саволларга тезкорлик билан ҳамда сифатли жавоб қайтариш устувор вазифамизга айланган. Бу йўналишга энг малакали мутахассисларимиз жалб этилган. Чунончи, 2024 йил давомида шу масалада мурожаат қилган 6 минг 425 нафар фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори талабларига асосан хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилди. Таъкидлаш жоиз, уларнинг 1 минг 577 нафарини вояга етмаган шахслар ташкил этади.
Жорий йилда эса 957 нафар фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлдилар. Шундан 166 нафари болалардир.
Хорижликларнинг ҳам вақтинча яшаш истаги қонуний қондирилаётганини айтиш муҳим. Масалан, ўтган йилда жами 3 минг 367 нафар чет элликларнинг туманимизда вақтинча истиқомат қилишлари расмийлаштирилган бўлса, 2025 йилнинг айни кунигача улар сони 540 нафарга етди.
Қонун ҳар соҳа, ҳар йўналиш, ҳар тизимда устун. Айниқса, фуқаролик ҳужжатлари расмийлаштиришда асло хатога, ноқонуний тадбирларга йўл қўйиб бўлмаслигини унутмаслик керак.
Элдор Каримов,
Марҳамат тумани ИИБ
Миграция ва фукароликни расмийлаштириш
гуруҳи катта мутахассиси, капитан