Атрофга назар

ПОЕЗД ТЕЗКОР ТОРМОЗДАН СЎНГ 400 МЕТР ЮРАДИ


02.02.2022   308

Диққат: темир йўл кесишмаси!

ПОЕЗД ТЕЗКОР ТОРМОЗДАН СЎНГ 400 МЕТР ЮРАДИ -

хушёрлик ҳаётий зарур қоида

Темир йўллар мамлакат иқтисодиётининг қон томири. Юкларни турли ҳудудларга элтиш, моддий бойликларни ташиш, йўловчиларни манзилига етказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, тизим равнақига катта эътибор қаратилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Қўқон минтақавий темир йўл узели» УКга қарашли Андижон темир йўл масофаси корхонаси жамоаси водий вилоятлари шаҳар ва туманлари ўрамидан ўтган темир йўллар ва сунъий иншоотларга техник хизмат кўрсатиш ишларини бажаради. Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида режага асосан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Поездларнинг автотранспорт воситалари ҳамда фуқаролар билан тўқнашувларининг олдини олиш мақсадида доимий равишда тушунтириш ишлари йўлга қўйилган.

Темир йўл кесишмаларида шошма-шошарлик, тартибсизлик тузатиб бўлмас хатоларни юзага келтиради. Бундай ҳудудлардаги қоидабузарликлар кўпинча мудҳиш фалокатлар билан якун топади.

2021 йилнинг 29 апрель куни Харабек – Пост-331 йўналишининг 331 км 7-пикетида Андижон шаҳри Байналминал маҳалласида яшовчи К. Фозилов поез уриб юбориши натижасида ҳаётдан кўз юмди. Андижон шаҳри, 5- кичик даҳада яшовчи Ж. Қорахўжаев маст ҳолда темир йўл изи оралиғида ухлаб қолган. Поезд уриб юбориши оқибатида оғир жароҳат олди. Яна бир маст “уйқучи” жалақудуқлик Улуғбек Бўтаев эса воқеа жойида вафот этган.

Темир йўл ва автомобиль йўллари кесишган жойлар (кесишмалар) ўта хавфли ҳудуд бу ҳисобланади. Корхона ҳудудида 69 та темир йўл кесишмаси мавжуд бўлиб, ундан 36 таси қўриқланадиган, 33 таси қўриқланмайдиган тоифага киради. Ташкилотлар, автотранспорт ҳайдовчилари, фуқаролар шахсий автотранспорти билан кесишмалардан бамайлихотир ва эътиборсизлик билан ўтиши оқибатида ўтган йил давомида 7 та кўнгилсиз воқеа-тўқнашув содир бўлган.

Масалан, Харабек – Гуручмозор станциясининг 339-км 10-пикетидаги қўриқланадиган темир йўл кесишмасида Р. Позилов бошқарувидаги “МАТИЗ”; Пайтуғ – Куйганёр станцияси оралиғидаги қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Ж.Омонов бошқарувидаги «НЕКСИЯ»; Учқўрғон - Ҳақулобод станциялари оралиғидаги қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида О.Саттаров бошқарувидаги “НЕКСИЯ-3”; Пайтуғ-Куйганёр станцияси оралиғидаги қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Р.Мамажонов “ДАМАС” автомашинасининг тўқнашуви кўнгилсиз оқибатларга сабаб бўлди. Қўриқланадиган кесишмада Андижон-Наманган-Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди билан Қобилжон Сайфитдинов бошқарувидаги “МАТИЗ” автомашинаси тўқнашувида ҳам ачинарли ҳолат юз берди. Воқеаларга автомашина хайдовчиларининг темир йўл кесишмасида ҳаракатланиш қоидаларига эътибор бермасликлари сабаб бўлган. Бу каби ҳолатлар поездлар ҳаракати хавфсизлигига, йўловчилар ҳаётига ва юкларнинг ўз манзилига бешикаст етказилишига раҳна солмокда.

Корхона масъул ходимлари ва жамоатчи нозирлар томонидан фуқаролар ўртасида тушунтирув ишлари олиб борилиб, ички ишлар ходимлари билан биргаликда жойларда 34 марта рейдлар ўтказилди. Маҳаллий ҳокимиятларга мурожаатлар берилиши таъминланди. Жойларда 50 дона пиёдалар ўтиш жойи кўрсатгич белгилари, 27 жойда ўтиш йўлакчалари таъмирланиб, велосипедлардан тушиб ўтиш учун бетон тўсиқлар қўйилиши таъминланди.

Корхона темир йўлларида поездлар ҳаракати соатига 100-120 км тезликда ҳаракатланиши белгилан. Соатига 80 км тезликда ҳаракатланаётган поезд 1 секунд вақт ичида 23 метр йўлни босиб ўтади. Поезд тезкор тормоз берилгандан кейин ҳам камида 350-400 метр юриб, кейин тўхташини унутмаслигимиз шарт. Бу ҳар бир юртдошимиздан йўл қоидаларига қатъий амал қилишини талаб этади.

Фуқаролар ўз ҳудудларига яқин жойлашган темир йўл излари ичларида юришга ўрганиб қолган. Ҳатто болаларни бу ҳудудларга ўйнагани, мол–қўй боққани чиқариб юборишади. Айрим болаларнинг йўловчи ва юк поездларига тош отиш, темир йўл алоқа ва электр тизимларига шикаст етказиши, фукароларнинг ноқонуний равишда темир йўл ҳимоя зонасида ҳар хил турдаги дарахт ва экинлар экиши, чорва молларининг боқиши ёхуд уларнинг қаровсиз қолдириши ҳаракат хавфсизлиги таъминланишига жиддий путур етказяпти.

Бундай аянчли ҳолатлар нега рўй беряпти? Аввало, фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги ёки билиб туриб амал қилмаслиги сабаб бўляпти. Демак, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликдаги тарғибот ишларини кучайтиришимиз даркор. Одамлар ҳушёрлик ўз ҳаёти учун зарур қоида эканлигини ҳар қандай вазиятда унутмаслиги шарт.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан темир йўл транспорти соҳасида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда назорат қилинмоқда. Қўқон темир йўл узели тасарруфидаги станция, ташкилот ва муассасаларда олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.

Фуқаролардан темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қуйидагилар: ўзбошимчалик билан темир йўл атрофидаги муҳофаза ерларини эгаллаб олмаслик, у жойларга ҳар хил хўжалик ва маиший чиқиндиларни ташламаслик; темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш; темир йўл атрофларида чорва ва уй ҳайвонларини боқилишига йўл қўймаслик; ёш болалар, ўқувчиларни назоратсиз қолдирмаслик; ҳаракатдаги йўловчи поездлари вагонларига тош отмаслик; темир йўл изларига ҳар хил ашёлар қўйиш, темир йўл устки қисмлари, сигнализация ва алоқа воситаларига шикаст етказмаслик: вагон ва локомотивларнинг тепасига чиқмаслик; юқори кучланишдаги электр токи линияларига яқинлашмаслик; темир йўл рельслари устида ўтирмаслик ва темир йўл излари ичида юрмаслик талаб этилади.

Ўз ҳаётимиз ва соғлиғимизни турли кўнгилсизликлардан сақлаш ҳар биримиздан энг аввало, эътиборли бўлиш ва қоидаларга риоя қилишни талаб этади. Зеро, оддий қоида ҳам бизнинг турли офатлардан омон қолишимизга асос бўлишини ёдда тутайлик!

Хайрулло ҚИРҒИЗБОЕВ,

Андижон темир йўл

масофаси корхонаси бошлиғи.