Атрофга назар

Референдум ва сайлов ўтказиш тартиби ўзгаради


27.11.2023   721

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва рефендум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган вакиллик органларига сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизимини жорий қилиш масаласига эътибор қаратилган.

Кўриб чиқилган Конституциявий Қонунга кўра Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.

Яна бир муҳим масала – сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бир қаторда сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.