Андижонда

САМАРҚАНД САММИТИ ШҲТ ГЕОГРАФИЯСИЯНИ ЯНАДА КЕНГАЙИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ


21.09.2022   262

Самарқандда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йигирма иккинчи саммити бутун дунё эътиборини ўзига қаратди.

Айрим халқаро ва минтақавий ташкилотлар нуфузи йўқолиб бораётган бир даврда ШҲТнинг ҳам географик, ҳам сон жиҳатдан ортиб бораётгани эътиборга моликдир.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган даврда амалга оширилган ишларнинг якуний ҳисоботини ҳамда ташкилот олдида турган глобал муаммоларни ечиш бўйича таклифлар берди. Шунингдек, ўз маърузасида дунёда кўплаб муаммолар вужудга келаётганини таъкидлаб, пандемия, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика масалалари билан боғлиқ муаммоларни санаб ўтди. Ўз навбатида, уларнинг ечимини топиш учун қатор ташаббусларни илгари сурди. Ана шундай ташаббуслардан бири Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш таклифи бўлди.

Саммит доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида битим имзолангани тарихий воқеа, дея баҳоланди. Президентимиз стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа: Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўли қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди. Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни келгуси йили ШҲТнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Муҳим ташаббуслардан яна бири – қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ва қайта ишлаш дастурлари, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантириш, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш бўлди.

Бу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида урғу берди. Бу – жуда муҳим ташаббус. Саммит доирасида Эрон раҳбари билан учрашувда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу билан ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори экани таъкидланди. Шу билан бирга, Президентимиз ШҲТ давлатларида келгуси йилни Туризмни ривожлантириш йили, деб номлашни таклиф этди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғини ташкил қилади. ШҲТ давлатларининг умумий аҳолиси сони эса қарийб 3,5 миллиард кишига етади. Ер юзида 7 миллиард 800 миллион инсон борлигини инобатга олсак, бу дунё аҳолисининг қарийб ярми деганидир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Туризмни ривожлантириш йилида сайёҳлар оқими кўпаяди. Бу нафақат мамлакатларимиз иқтисоди юксалишига, балки маданий-гуманитар алоқалар ривожланишига ҳам ижобий таъсир ўтказади.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган. Жами 44 та ҳужжат – битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити конструктив мулоқот, ўзаро тушуниш ва дўстона руҳда ўтгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати