Атрофга назар

САРАТОННИНГ ЎТА ХАВФЛИ ТУРИГА ДАВО ТОПИЛДИ!


13.09.2022   245

Ўпка саратони — энг хавфли касалликлардан бири. Унинг икки асосий тури маълум. Бири — кичик ҳужайрали, иккинчиси — кичик бўлмаган ҳужайрали ўпка саратонидир.

Кичик ҳужайрали ўсмалар тез ривожланади ва юқори агрессивлик хусусиятига эга. Қолаверса, уни дастлабки босқичларда аниқлаш қийин. Шу боис касалликка кўп ҳолларда кеч ташхис қўйилади. Энг ёмони, уни даволаш жуда мураккаб.

Ўпка саратонининг бу шакли асосан кашандалик оқибатида келиб чиқади. Шунингдек, ёмон экологик муҳит, нафас олиш тизими касалликлари, генетик мойиллик ҳам бунга сабаб бўлади.

АҚШ олимлари кичик ҳужайрали саратонни самарали даволаш йўлини топди. Тадқиқот жониворларда муваффақиятли синовдан ўтди.

Бунинг учун шифокорлар SCLC ҳужайраларини сичқонларга кўчириб ўтказди. Жониворлардан бир гуруҳи циклофосфамид, иккинчи гуруҳи SMYD3 ингибитори ва учинчи гуруҳи ҳар икки дори билан даволанди. Тўртинчи гуруҳда ҳеч қандай муолажалардан фойдаланилмади.

Якунда циклофосфамид ва SMYD3 препаратлари қўлланилган сичқонларда хавфли ўсмалар ўсиши тўхтагани маълум бўлди.

Мутахассислар фикрича, ушбу янги усул кимётерапия муолажалари сезиларли таъсир кўрсатмайдиган беморларни даволашда катта натижа бериши мумкин.