Сархушликнинг охири вой

03.03.2025 503
Бугун мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб-ўрганиши, ҳунар эгаллаши, тадбиркорликни йўлга қўйиши, камолоти учун барча имкониятлар муҳайё. Бунга жавобан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, оиласининг фаровонлигини таъминлаётган, ҳар жабҳада тенгдошларига намуна бўлаётган йигит-қизлар сафи кўпайиб боряпти.
Аммо...енгил-елпи пул топишнинг “мазаси”ни тотганлар ҳам учраб тургани ташвишли ҳол. Шерзодбек Бозоров (исм-шарифлар ўзгартирилмоқда) оилали, бир фарзанди бор. Халол пул билан рўзғор тебратадиган ёшда. Бундан ўн йил аввал жиноят содир этиб, жазони олган. Яхши отга бир қамчи етарли. Бироқ Шерзод қинғир кўчадан чиқиб кетиш ўрнига яна тентираб юришни маъқул кўрди.
Шерзод ўтган йилнинг 23 февраль куни Андижон шаҳри 3-кичик даҳада бир неча оғайнилари билан учрашди. Кейин иши борлигини айтиб, бошқарувидаги автомашинасини шу ерда қолдириб, улардан ажралди. Бироздан сўнг ИИБ ходимлари шубҳали кўринган йигитларни текширишганида уларнинг ёнидан психотроп моддалар ва тиғли жисмлар чиқди. Бундан ташқари Шерзодга тегишли “Нексия-3” автомашинасида кўз ёшлантиривчи газбаллон ва ўткир тиғли пичоқ, машина атрофидан 9 дона “Тропикамид” дорилар борлиги аниқланди. Оғайнилари қўлга тушганидан хабар топган Шерзод таниши Жамшидга телефон қилиб, уни “хавф”дан огоҳлантирди.
Шу куни соат 22 ларда ИИБ ТҚХ ЖҚБ, ДХХ вилояти бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси ҳодимлари томонидан ўтказилган “Синтетик, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш” тезкор профилактик тадбир давомида, Шерзод таниши Жамшид Сафаровга кучли таъсир қилувчи дори воситаларни сотганлиги тўғрисида маълумот олинди. Жамшид яшаб келаётган хонадоннинг хожатхона қисмида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кўп миқдордаги кучли таъсир қулувчи моддалар сақлаб келаётганлиги аниқланди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида кўп ўтмай машина эгаси Шерзод ҳам “топилди”. У кўз ёшлантиривчи газбаллон ва ўткир тиғли пичоқ ўзига тегишли эканини, ушбу буюмларни ўзини ҳимоя қилиш учун олиб юрганини айтди. Жамшидга тегишли психотроп моддаларда эса унинг умуман алоқаси йўқлигини билдирди.
Бироқ телефон орқали бўлган Шерзод ва Жамшиднинг ўзаро гаплари кўп нарсани ошкор қилди. Суҳбатлар стенограммаси улар анчадан буён психотороп моддалар билан “муомала” қилишлигини фош этиб қўйди.
Воқеа куни у Жамшидга қўнғироқ қилиб, ИИБ ходимлари танишларини ушлашганини, ўзи қочиб қолганини, уйида бўлган психотроп воситаларини беркитишини, кейин ўзи олиб кетиши ҳақида гапирган. У бу гапларни Жамшидга ёрдам бериш ва уни ушбу ёмон йўлдан қайтариш мақсадида айтганини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, бошқа бундай номаъқул иш қайтарилмаслигини билдириб, пушаймон бўлди.
Суд судланувчи Ш.Бозоров айбига иқрор бўлмаса-да, унинг айби ишдаги тезкор тадбир ўтказиш, нарсани олиш, ашёвий далил тариқасида эътироф этиш, суд-кимёвий, наркология экспертиза хулосалари, сўзлашувлар стенограммалари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан исботланди деб ҳисоблайди.
Суд ҳукми билан Шерзод Бозоров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, унга жазони ўташ даврида гиёҳвандлик касаллигидан мажбурий даволаш тарзидаги тиббий йўсиндаги чоралар қўлланилиши белгиланди.
К. ХАЙИТОВ,
вилоят прокуратураси
Жиноят суд ишлари юритилишида
прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори.