Андижонда

САЙЛОВ УЧАСТКАЛАРИДА 8 МИНГ 393 НАФАР АЪЗО ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРАДИ


29.05.2023   304

Шу йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари қизғин кетмоқда.Марказий сайлов комиссияси томонидан белгилаб берилган календарь режа асосида чора-тадбирлар босқичма-босқич, белгиланган муддатларда амалга ошириляпти. 2-Андижон округ сайлов комиссияси 21 аъзодан иборат таркибда фаолият кўрсатмоқда.

Округ ҳудудида 928 та сайлов участкалари ташкил этилди. Участкалар маркази учун аҳолига қулай бўлган ҳамда талаб даражасидаги шароит ва имкониятларга эга бинолар танлаб олинди. Жумладан, уларнинг 648 таси, яъни 69,6 фоизи умумтаълим мактаблари биноларида жойлашган. 60 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 25 таси маҳалла фуқаролар йиғини биноларида, 61 таси тиббиёт, санаторий ва дам олиш масканларида фаолият олиб боради. Вилоятимизда ишбилармонлик борасида ўз нуфузига эга тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари 44 та сайлов участкаси учун ўз корхоналарининг шинам ва замонавий кўринишдаги биноларидан жой ажратганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Умуман олганда, участкалар марказлари меъёрий талабларга жавоб беради. Уларнинг зарур жиҳозлар, алоқа воситалари ва ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланиши ҳам диққатимиз марказидаги масалалардан биридир.

Куни кеча вилоятимиздаги шаҳар ва туманларда бўлиб ўтган халқ депутатлари кенгашларининг сессияларидаучастка сайлов комиссиялари таркиби учун номзодларни тавсия этиш масаласи атрофлича кўриб чиқилди. Якуний хулосалар округ сайлов комиссиясига юборилди.

Мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган мазкур сиёсий жараённи адолатли, холисона, ошкоралик ва очиқлик тамойиллари асосида ўтишида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ўрни муҳим саналади. Шу боис ҳам бу жараёнга масъулият билан ёндашиш зарур. 928 та сайлов участкаси бўйича комиссия аъзолигига тавсия этилган жами 8 минг 393 нафар аъзо округ комиссияси томонидан изчил ўрганилган ҳолда йиғилиш қарори билан тасдиқланди.

Сифат таркибига тўхталадиган бўлсак, участка сайлов комиссиялари аъзолари муайян соҳада ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган кишилар сафидан танланди. Шу билан бирга эл-юрт орасида эътибор қозонган, ҳуқуқий жиҳатдан билимли, нутқи равон бўлишлигига аҳамият берилди. Аввалги сайловларда комиссиялар таркибидаиштирок этган тажрибалифуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, журналистлар аъзо сифатида танлаб олинди. Шу билан бирга гендер тенглигига ҳам эътибор қаратилди.

Комиссия аъзоларининг 92 фоизи илгари бўлиб ўтган сайловларда муайян тажрибага эга бўлган фуқаролардир. Халқ таълими тизимининг 4 минг 673 нафар, олий таълим муассасаларининг 72 нафар малакали ва сиёсий билимдон ходими участкалар таркибида фаолият кўрсатиши жараёнга пухта ва жиддий ҳозирлик кўрилаётганидан дарак беради. Аъзоларнинг 19,1 фоизи, яъни 1 минг 605 нафари давлатга қарашли бошқа идоралар вакилларидир.Аъзоларнинг 81,1 нафари олий, 17,3 нафари ўрта махсус маълумотга эга шахслар саналади.

Ҳар бир участкада 9 нафардан аъзо шакллантирилган бўлиб, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялардан уларнинг партиявий эмаслиги ҳақида маълумот хатлари олинди.


Биргина Андижон шаҳри мисолида оладиган бўлсак, ташкил этилган 125 та сайлов участкасига 1 минг 121 нафар аъзо таркиби тасдиқдан ўтди. Уларнинг 621 нафари аҳоли ўртасида ҳурматга эга, аудиторияни бошқара оладиган, муомала маданияти юксак бўлган мактаб ўқитувчиларидир.

Тайёргарликнинг барча босқичида хотин-қизлар юксак фаолликни намойиш этаётгани қувонарлидир. Фидойи, ташаббускор опа-сингилларимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал қилишда астойдил иштирок этишяпти.Уларнинг аксарияти аҳоли, айниқса, ёшлар орасида катта обрўга эга бўлган, овоз беришда ҳар бир сайловчи иштирокининг муҳимлигини тушунтира оладиган таълим тизими ходимларидир.

Сиёсий кампанияни қонун талаблари даражасида уюшқоқлик билан ташкил этишда жараён ташкилотчиларининг сиёсий малакаси юқори бўлиши шарт. Шу боис, малакали тренерлардан, сиёсатчи модераторлар бошчилигида сиёсий ўқувлар ташкил этилган. Дастлаб округ комиссияси аъзолари, кейин эса участка комиссиялари аъзолари сайлов саводхонлиги борасида зарур билим ва кўникмага эга бўлишади.

Мақсадимиз битта: мамлакатимиз тақдири учун муҳим бўлган тарихий воқелик – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда, демократик принципларга риоя қилган ҳолда ўтказишдир.

Комилжон Комилов,

2-Андижон округи сайлов комиссияси раиси.