Шерали Жўраев- миллий фалсафа ва адабиётнинг мусиқий инъикоси
12.04.2026 11
Ўзбек мусиқий мероси асрлар давомида шаклланган. ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ! аср бошларида ушбу санъатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққан улкан сиймо Шерали Жўраевдир. Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори Шерали Жўраевнинг ижоди ўзбек миллий менталитети, фалсафаси ва адабиётининг мусиқий инъикоси сифатида эътироф этилади. Ҳофиз миллий қадриятларга нисбатан эътиборсизлик кучайган ўша даврда жасоратли ижодкор сифатида ўзбек ашулачилик санъатининг ноёб хусусиятларини ҳимоя қилиб чиққан.
Шерали Жўраев 1947 йил 12апрелда Асака шаҳрида туғилган. Мусиқага муҳаббати болалигиданоқ уйғонган. 1971 йилда Театр ва рассомчилик институтини тамомлагач назарий билимларини халқ куйлари, анъанавий хонандалик ва мумтоз адабиётга уйғунлаштириб жўшиб ижод қилди. 1970 - йилларда ўзига хос ижод намуналари ярата бошлади. "Ўзбегим" ва “Инсон қасидаси” айнан шу даврда дунёга келди. У даврнинг қатъий цензурасига қарамасдан миллий ғурурни, ўзбекнинг ўзлигини улуғловчи қўшиқлар айта олди.
Шерали Жўраев ижодининг асосини классик адабиёт ва фалсафий шеърият намуналари ташкил этади. У Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Жалолиддин Румий каби мутафаккирлар ғазалларини ва замондошлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиева шеърларига мос куйларни басталаган халқчил оҳанглар билан уйғунлаштира олган дарғадир. "Ўзбегим", "Эгаси бор юртнинг эртаси бордир", "Карвон" каби асарлари халқимиз, жумладан, ёшлар онгида миллий ғурурни шакллантиришда муҳим бадиий-эстетик манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Унинг қўшиқларида юксак инсоний туйғулар, Онага, она-Ватанга муҳаббат, самимийлик, меҳр-мурувват юксак пардаларда куйланган.Инсониятнинг яралиши, ҳаёт ва мамот, яхшилик ва ёмонлик каби мавзулар чуқур мусиқий драматургия билан ифодаланган. Шерали Жўраев фақат ижрочи эмас, балки моҳир бастакор ҳам эди. У ўзбек халқ мусиқаси ва миллий мақом йўлларини эстрада унсурлари билан бойитган ҳолда, ўзига хос ижрочилик мактабини яратди.
Хонандаликда овознинг туси, жарангдорлиги, кучи, кўлами, ширадорлиги, уни ишлатиш имкониятлари хилма-хил бўлади. Ўзбек миллий хонандалигида Фарғона - Тошкент удумларини назарда тутар эканмиз, аввало, ҳофизлар овозининг сифат даражаси ҳамда овозни ишлатиш йўллари бир нечта тоифага ажратилади. Асосийлари қуйидагилар: нор овоз, тик овоз, жарангдор овоз ёки мода овозлардир. Устоз Шерали Жўраевнинг овозлари нор овоз эди. Нор овозоғиз бўшлиғи ва товонни уриб чиқариш билан куйланади. Бу сифат овозда халқ ва бастакорлик ашулалари, яллалар ва катта ашулалар, шунингдек, мақом ашула йўллари чиройли ижро этилди.
Ш.Жўраев ижоди жамиятда ижтимоий бирлашув ролини бажарди. Унинг қўшиқлари қишлоқ меҳнаткашидан тортиб, фан зиёлиларигача бўлган барча қатламларда эстетик завқ уйғотиши, қалбниҳаяжонга солиши билан ажралиб туради. Унинг овоз диапазони, нафас назорати ва сўзни тингловчига етказиб бериш маҳорати кучли эди. "Ўзбегим" асари ўзбек халқи тарихининг мусиқий энциклопедияси, десак хато бўлмайди. Қўшиқда халқнинг қадим илдизлари, маданияти ва дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси улуғланади.
Ёки ҳаёт ва вақтнинг ўткинчилиги ҳақидаги фалсафий "Карвон" — бу умр йўлининг тимсоли. Қўшиқдаги дардли оҳанг инсонни ўз ўтмиши ва келажаги ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди. Карвон қўшиғининг мусиқасида ҳудди туяларнинг юриб келаётганини тасвирлаётгандек бонги чолғусидан жуда усталик билан фойдаланилган. Кўриниб турибдики, бу қўшиқларда клипга эҳтиёж сезилмаган.
Айниқса, "Гулбадан" ишқ-муҳаббат мавзусидаги энг нафис асарлардан бири. Бу қўшиқда санъаткорнинг овоз имкониятлари, "нолалар" ва миллийлик анъаналари, шўхчанликяққол кўзга ташланади. У соф шарқона лирикани ўзида мужассам этган. "Соҳибқирон" асари эса Амир Темур шахсига бағишланган бўлиб, миллий ғурур ва давлатчилик тарихини тараннум этади. Мустақилликнинг илк йилларида халқнинг ўзлигини англашида бу қўшиқнинг роли беқиёс бўлган ва устоз Шерали Жўраевнинг "Эгаси бор юрт" асари санъаткорнинг ватанпарварлик ва инсонийлигини юксак чўққиларда ифодалаган.
Бундан ташқари “Анда жоним қолди менинг”, “Бобур армони”, “Онагинам”, “Атиргулим”, “Биринчи муҳаббатим”, “Қаро кўзим”, “Аввалги ёр”, “Кўрмишам”, “Яна баҳор қайтармикан”, “Ошиқ бўлдим”, “Қаро кўзли санамжон”, “Қарашларга”, “Эй жон”, “Парижон” каби юзлаб қўшиқларнибасталаган ва ўзининг услуби доирасида ижро этган. Шерали Жўраев қўйингки ўзбек, балки тожик, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва рус тилларида ижод қилганини кўришимиз мумкин. Устоз чолғу созларини яхши биларди ва қўшиқларида маҳорат билан фойдаланар эди.
Ҳофиз шеър танлашда ниҳоятда талабчан бўлган. Кўпинча шеърнинг битта сўзи учун шоир билан кунлаб баҳслашган ва ўша сўз мусиқага оҳангдош бўлмагунча тинчимаган. Устоз санъаткор АҚШ, Болгария, Руминия, Финландия, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия каби ўнлаб давлатларда концертлар берган. Ҳаттоки, Шерали Жўраев номига Озарбайжонда “Шерали ва Ойбарчин” номли кинофильм суратга олинган.
Шерали Жўраев миллий санъатимизнинг тирик афсонасидир. У нафақат хонанда, балки эл-юрт дардини, қувончини ва ҳаёт тарзини куйга солган мутафаккир санъаткор. Унинг қўшиқлари мустақил давлатимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. У "Фидокорона хизматлари учун" ордени ва Тожикистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланди. Ҳаётининг сўнгги дамигача (2023 йил 4 сентябрь) ижод қилди ва халқ хизматида бўлди.
Президентимизнинг 2025 йил 28 июлдаги қарорига мувофиқ, Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилди. Бу мактабда хофизнинг ижодий анъаналари муносиб давом эттирилмоқда.
Устознинг - "Санъаткорнинг умри, унинг овози дилларида акс-садо бергунча давом етади", деган сўзлари бугун унинг бой мероси тимсолида ўз тасдиғини топмоқда. Буюк санъаткор Ш.Жўраев қолдирган ўчмас мерос ўзбек мусиқа маданиятида ёрқин саҳифа бўлиб қолаверади.
Миродил ҲАКИМОВ,
Андижон давлат университети Мусиқа таълими кафедраси доценти.
