ШОИР ЎҒЛИН АРДОҚЛАЙДИ ЭЛ
26.04.2022 507
Марҳаматнинг машҳур Қовунчи қишлоғида бошланган Муҳаммад Юсуф таваллуд кунгига бағишланган тантанали тадбир Андижон шаҳрида узвий давом этди. Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабига ёндош майдон туридаги шоир бюсти пойига гулдасталар қўйилди. Ёшлар, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор-зиёлилар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар шоирга эҳтиром кўрсатдилар. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эл суйган ижодкорхотирасига ҳурмат бажо келтириб, самимий сўзлади.
- Қадрли тадбир қатнашчилари, Сизларни ва Сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳлини, юртдошимиз, Ватан куйчиси, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллиги билан муборакбод этаман.
Бугун биз миллий адабиётимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан арзирли ҳисса қўшган оташин шоирнинг таваллуд кунини кўтаринки тарзда нишонлаяпмиз.
Муҳаммад Юсуф чинакам эл суйган шоир эди. Юрагидан, тўлиб-тошиб ёзарди. Ватанимизни, унинг борлиғини ҳар бир гиёҳини эъзозлаб, халқчил, содда тилда жўшиб куйларди. Шеърларида халқнинг орзу ҳаваси, эзгу нияти, дарду армони бор эди. У Андижоннинг Марҳаматида туғилиб, халқимизнинг ҳурматига сазовор бўлди. Юртдошларимиз қалбида қолди. Шоирни барчамиз бирдек суярдик. Халқимизнинг том маънода эрка шоири эди.
Камсиқум, камтар ижодкорлиги билан эл меҳрини қозонди. Оз умр кўрса-да фидойи инсон, хасос шоирлиги, халққа манзур шеърияти билан эл ардоғига муяссар бўлди.
Ҳар йили Мустақиллик ва Наврўз байрамларида муҳташам майдонда минглаб юртдошларимиз бир-бирига елка тираб «Халқ бўл элим», «Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон», дея куйлаганларида элимизни бирлаштирувчи, юрагида Ватанга меҳр уйғотувчи мисралар муаллифи Муҳаммад Юсуфни ёдга солади. Халқ билан барҳаёт яшаётганини намоён этади. Ҳаммамиз халқчил Ватан куйчиси, содда сўз устаси бўлган улуғ шоир билан фахрланамиз.
Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд куни шеърият байрамига айланди. Ёшлар қаторида Бобурлар, Чўлпонлар, Нодирабегим, Турсинойлар, Тўлан Низому Муҳаммад Юсуфлардек забардаст, эл ардоғига муносиб ижодкорлар камол топади. Улар халқимизни, Ватанимизни улуғлайдилар. Ўзбекистонни, Андижонни дунёга танитадилар.
Майдон саҳнасида шоир ва онасининг дилкаш суҳбати иштирокчилар диққатини жалб қилди. Она фарзандининг меҳрин туяди. Шоир ўғил она тиззасига бошин қўйиб, алладан ором олади. Онажонини аллаларин соғинганини айтади.
Қутлуқ кунда ҳар бир юртдошимизни Муҳаммад Юсуф ҳақида сўзлагиси, шеърларидан ифодали ўқигиси келади.
Андижон давлат университетининг декани, таниқли адабиётшунос Баҳодир Раҳмонов шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлқинланиб гапирди:
- Муҳаммад Юсуф шеърияти назаримда ўзига хос, юксак тоғга ўхшайди. Мисрлари бири бирига қуйилиб келади. Содда, самимий, таъсирчан, юрагингизга етиб боради. Ижодида эл муҳаббати, меҳри мужассам. Шунинг учун халқимиз тилидан тушмайди.
- Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзилидиганга ўхшаб туюлади, - деб ёзган эди устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофуддинов. – Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг-чи? Қўлингиздан келмайди! Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисрлари мухлисларини йиғлатди, кулдирди, ўз оғушига тортиб олди.
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби, Фарғона вилояти, Фарғона туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг чиқиши ёшлар шоир шеърияти ихломандлари эканини намоён қилди. Хонандалар шоир шеърлари асосидаги қўшиқлардан ижро этдилар.
Муҳаммад Юсуфнинг яқинлари ҳаётий хотираларини сўзладилар.
- Укам ёшлигидан адабиётга, шеъриятга ошно, қадрдонларига, дўстларига меҳрибон эди, - дейди шоирнинг опаси Гулчеҳра Турдиқулова. – Муҳаммад Юсуфни ёд айлаганларнинг ширин сўзларидан қувониб, кўзим ёшланди. Шоира Турсуной Содиқованинг укамга атаб ёзган шеъридаги «Шеърингга ҳумор, ҳумор опангман…» деган сатрларини эсладим.
Халқимиз Муҳаммад Юсуф ижодини эъзозлаяпти. Шоир ўғлин эл доимо ардоқлаяпти.
Аҳмадилло СОЛИЕВ.
