Андижонда

Шукрона: БИР КУНИ...


25.07.2022   289

Биринчи набирамиз дунёга келган қувончли кунларимиз эди. Қирқ кунлик бўлган чақалоқни олиб, кексайиб қолган отамдан, оналаримиздан дуо олиш ниятида Андижонга йўлга тушдик. Ёзнинг чилласида довонда анча туриб қолдик. Қаторлашиб турган машиналарнинг адоғи кўринмасди. Совуткичи ишламайдиган машинада ҳаммамиз қийналдик. Айниқса, гўдакнинг йиғлагани бизни ташвишга соларди. Ва ниҳоят, назоратчилар ёнига етиб келдик. Ҳужжатларни текшираётган формадаги йигит:

"Қани,чақалоқнинг гувоҳномасини беринглар-чи?" деди. Келиним: "Вой, уни олмадик-ку!", деди гуноҳкордек кўзлари жавдираб. "Машинани қайтаринг, барибир кетолмайсизлар!" деди ҳалиги йигит машина эшигини ёпаркан. Ялиниб- ёлвордик, уйда кекса отам кутиб ўтирганини айтдик, йўқ, фойдаси бўлмади. Куни бўйи навбат кутиб ўтирганимиз етмаганидек, ортга қайтдик. Алам қилди.Ота уйингнинг бўйи кўриниб турса-ю, боролмасанг. Ўз туғилиб ўсган юрт ҳудудида ҳам ҳужжатсиз юролмасанг...

Минг шукур, бугун ҳаёт бошқача. Йўлларимиз равон бўлди.Отам орзу қилган кунларни биз кўрдик, болаларимиз кўряпди. Довон ошиб, ота юртимизга эмин- эркин борамиз. Энди ҳеч ким йўлимизни тўсмайди. Болаларимиз йўлларда қийналиб, зорланмайди. Эрлар музтарлик тортиб, оналарнинг кўнгли ҳасратга тўлмайди...

Аллоҳга беадад шукур, элни суйган, йўлларини, дилларини мунаввар айлаган Юртбошимиз бор. Умрлари зиёда бўлсин. Эл тинчлигига, бахтига кўз тегмасин, илоҳим!

Мунаввара УСМОНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

"Саодат " журнали бош муҳаррири.