Андижонда

Шукрона кунлар: Уй шунчаки бошпана эмас, кичик Ватандир


25.11.2024   308

Халқимизда бир гап бор: “Қушнинг ҳам уйи бўлсин”. Дарҳақиқат, ўзбек халқи борки, фарзанди дунёга келиши билан унга атаб терак экади. “Катта бўлса ўғлимга атаб қурган уйимга тўсин бўлади”,-дейди. Ҳатто хорижда қўним топиб, “илдиз отган” боласи учун ҳам ота қишлоғидан битта бошпана атаб қўяди. “Вақтики келиб қайтиб келса кўчада қолмасин”,-дейди. Туркияда истиқомат қилаётган бир танишим айтиб қолди. У ерда одамлар ижара уйларда яшаркан ва бу одатий хол эмиш. Шундай бўлсада, бизнинг ўзбеклар то ўзи уй сотиб олмагунча, тинчимас эканлар. Ҳа, биз шунақа халқмиз – бир умр уйим-жойим, деймиз! Чунки, уй биз учун шунчаки бошпана эмас, кичик ватандир! Ватансиз эл эса эл бўлмайди...

Давлатимиз раҳбари ҳар гал Андижон вилоятига ташрифи чоғида энг аввало, аҳолини турар-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, тегишли кўрсатмаларни беради. Зеро, ҳудудда аҳолини энг кўп ташвишга солаётган муаммолардан бири турар-жой масаласидир. Ҳатто, мурожаатларнинг ярмидан кўп қисми айнан шу мавзуда бўлади. Авваллари, бу борада ечими йўқ саволлар кўп бўлган. Натижада битта ҳовлида уч-тўрттагача хўжаликлар истиқомат қиладиган даврлар ўтди. Шукрлар бўлсинким, бугунги кунга келиб бу борадаги муаммолар анча ечим топиб қолди. Шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир манзилда уй-жойлар барпо этилмоқда. Биргина Андижон вилоятида жорий йилнинг ўзида 211 та 8,2 минг хонадонли уй-жойларни қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 50 та 2105 хонадонли кўп қаватли уйлар ўз эгаларига топширилди. Натижада 100 минг нафардан ортиқ аҳолининг турар-жой билан боғлиқ муаммолари ижобий ечим топди.

-Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришган йиллари мамлакатимиз аҳолиси 19 миллон нафардан иборат эди,-дейди вилоят Нуроний жамғармасираҳбари Ўктамжон Охунов. –Бугунги кунга келиб 38 миллион нафарга етди. Биргина Андижон вилоятининг ўзида бир йилда ўртача 60 минг нафардан ортиқ чақалоқлар дунёга келаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, демак, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ҳам кескин ортиб бормоқда. Айниқса, бу эҳтиёж келгуси 20 йилдан кейин янада жадаллашади. Шунинг учун вилоятда мавзуга доир амалий ишларга киришилган. Нафақат, шаҳарларда, балки, туманларда ҳам кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Нега айнан кўп қаватли уйлар? Сабаби, Андижон вилояти мамлакатимиздаги энг аҳолиси зич жойлашган, бироқ ер майдони кичик бўлган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда ҳар бир қарич ернинг ҳисоби бор. Шунинг учун уй-жой қуришда энига эмас, бўйи ўсиш ўринлидир. Шундагина кўп қаватли уйлар ҳисобига қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ва иқтисодиётимизнинг асосий таянчи бўлган экин майдонини сақлаб қолган бўламиз. 4 минг гектар майдондан иборат 411 минг нафар аҳоли истиқомат қилиши режалаштирилган “Янги Андижон” массивининг Андижон туманидаги фойдаланилмай турган адирлик ён бағрида барпо этилаётганлигининг сабаби ҳам шундан.

Андижон вилоятида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларига 2016 йилдан киришила бошланди. Унга қадар вилоятда бирорта ҳам кўп қаватли уй қурилмаган. Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига биноан аҳолини арзон уй-жой билан таъминлашборасида олиб борилган ишлар натижасида 2016-2024 йиллар давомида 904 та 33,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Шундан 40 таси “Янги Андижон” массивида қад ростлади.

-Узоқ йиллар давомида ижара уйда истиқомат қилдик,-дейди “Янги Андижон” массивидаги янги уйлардан бирига кўчиб келган Фаридахон Хўжамқулова. –Шаҳарнинг биз яшамаган даҳаси қолмади, ҳисоб. Ҳар сафар болаларимнинг кўзларига тикилганимда, уларнинг келажагидан ташвишланар эдим.Турмуш ўртоғимдан эрта айрилганлигим, топганим рўзғордан ортмаётганлиги сабабли уларни уйли, жойли қилишни ўйлаб, тўғриси, дардман бўлиб қолдим. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар, янги лойиҳалар қалбимда умид уйғотди. Ўтган йили субсидия асосида “Янги Андижон” массивидан хонадонли бўлдим. Бу ҳаётимдаги энг бахтиёр кунимга айланди. Ҳозир ҳаётимдан мамнунман! Замонавий шароитларга эга бўлган уйда фарзандларим билан хотиржам яшамоқдаман. Ҳудудимиз кундан-кунга ривож топиб бормоқда. Янги уйлар сони кун сайин ортиб боряпти, десам муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудлари катта қурилиш майдонига айланган. Жумладан, Андижон вилоятининг ҳатто чекка ҳудудларида ҳам қурувчилар фаолиятига кўзингиз тушади. Бир пайтлар атиги 3 қаватдан баланд бино қурилмаган бу манзилларда эндиликда ҳеч иккиланмай 16 қаватдан иборат турар-жойлар қад ростлаяпти. Уларни кўриб даставвалига: “Буларни Туркияликлар қураётган бўлса керак”,-деб ўйлайсиз. Соҳада катта тажриба мактабини яратган қардошларимиз эса бизнинг қурувчилар ҳам шундай маҳобатли биноларни барпо этишларини тан олмоқдалар.

-Бу борада жаҳон тажрибасини ўзлаштирганимиз қўл келмоқда,-дейди "Andijon Mega Project" МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Болтабоев. –Уни маҳаллий муҳитга уйғунлаштирган ҳолда янги лойиҳалар устида ишламоқдамиз. Биз тақдим этаётган смета асосида барпо этилаётган бинолар узоқ йиллар давомида халқимизга хизмат қилишига ишонаман. Чунки, улар кучли зилзила ва бошқа табиий фалокатларга бардошли бўлиб, жаҳон талабларига жавоб бера оладиган хом ашёлардан фойдаланилмоқда.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона бир йилда 100 дан ортиқ хусусий уй-жой лойиҳалари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун 25 нафар мутахассислар фаолияти йўлга қўйилган.

-Лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаётганда буюртмачининг талаб ва хоҳишларига асосланамиз,-суҳбатда давом этади корхона раҳбари Муҳаммаджон Болтабоев. –Хом ашёлар шунга қараб танлаб олинади. Қувонарли жиҳати шундаки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган хом ашё маҳсулотлари жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беради.

Корхона томонидан ишлаб чиқариш кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мисол учун 2021 йилда 1 миллард сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган бўлса 2023 йилда бу кўрсаткич 1,8 миллиард сўмни ташкил этди. Бунга ҳудудда бунёдкорлик ишларининг кенг кўламда амалга оширилаётгани сабаб бўлмоқда.

"MARIN BUSINESS TRADE" МЧЖ томонидан ҳозирда 10 та кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, 1440 та оила янги хонадонига эга бўлади.

-Биз вилоят марказининг “Эски шаҳар” ҳудудида кичик шаҳарча барпо этмоқдамиз,-дейди қурилиш прораби Баҳромжон Умаров. –“Шаҳар ичидаги шаҳар” мақомини оладиган ушбу лойиҳа доирасида, нафақат, турар-жойлар, балки, савдо дўконлари, автотураргоҳ, дам олиш майдонлари, яшил макон, кичик ҳажмдаги ичимлик сув иншооти, электр энергияси подстанцияси, табиий газ узатувчи қувурлар барпо этилади. Ҳудудда бозор, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, йирик савдо мажмуаси, кутубхона, театр, истироҳат боғи мавжуд эканлиги эса аҳоли учун яратилган қулайликлар кўламини оширади. Энг муҳими биз қураётган уйлар кучли фавқулодда вазиятларга дош бера олиш имкониятига эга. 10, 15, 16 ва 22 қаватлардан иборат ушбу уйларнинг хоналари кенг ва шинам. Ундаги шароит Европа ва миллий жиҳатлар уйғунлигини ўзида мужассам этган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги Андижон кечагидан тубдан фарқ қилади. Энди у ижтимоий ҳудуд сифатида аҳамиятга моликдир. Бу эса халқимизнинг ўз уйида бугунги кунидан миннатдор ҳолда истиқомат қилиш имконини беради.

Саминжон ҲУСАНОВ,

журналист