Атрофга назар

Сиз кутмаган мулоқот: ШАШКА... ИЛМ, САНЪАТ ВА СПОРТДИР


15.08.2022   283

Суҳбатдошимиз бир умр халқ таълими соҳасида фаолият юритган, ҳозирда меҳнат фахрийси. Умумтаълим мактабларида ёш авлодга таълим-тарбия бериш баробарида бир қарашда оддий, аммо бош қотирадиган жозибали спорт тури – шашка билан жиддий шуғулланди. Нафақат мамлакатимиз, балки собиқ иттифоқ, Осиё қитъаси кўламидаги нуфузли мусобақаларда мунтазам қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.Спорт устаси мақомига эришди, таниқли мураббий сифатида юзлаб шогирдлар етиштириб чиқарди. Ҳозирда ҳам бу борада фаол. Таъбир жоиз бўлса, кенг жамоатчиликка ўқитувчиликдан кўра, таниқли ва истеъдодли шашкачи ва унинг жонкуяр тарғиботчиси сифатида танилган. Яқинда у пойтахтимизда ўтказилган қитъамизнинг нуфузли биринчилигида ҳакам сифатида иштирок этиб, мутасаддилар ишончини яна бир қозонди, шогирдлари эса мамлакатимиз термаси хазинасига энг кўп – олтита олтин медални тортиқ этишди.

Табиатан хушфеъл, оқкўнгил, одамохун инсон – избосканлик Мамасоли ака ТЕШАБОЕВ билан суҳбатимиз унинг бир умрлик ҳамроҳи - шашка мавзуида бўлди.

- “Шашка (шунингдек шоҳмот) ақлий ва оммабоп ўйин холос, унинг спортга хос жиҳати йўқ”, дегувчилар ҳам бор. Сизнингча шашка нима?

- Шашка билан шохмот бир хил тахтада ўйналиши, қонун-қоидалари кўпчиликка маълум, албатта. Бироқ шашкада, шоҳмотга қараганда, имконият чекланган: фақат олдига юриш (“дамка” бундан мустасно) керак. Ушбу ўйиннинг “олтин қонуни” эса тош олиш мажбурий. Лўндасини айтганда, шоҳмот анча мураккаб, шашка-жўн, содда, осон. Шашканинг қийинлиги айнан шунда: уни тезда ўрганиб олиш, бемалол ўйнаш мумкин. Лекин рақибни мағлуб этиш учун шу чекланган имкониятлардан ўта усталик билан “заргарона” фойдаланиш талаб этилади. Маҳоратли шоҳмотчи дарров ўз кучини кўрсата олади. Шашкачи ғалаба қозониш учун ижод қилиш, тер тўкиш, янгилик ўйлаб топиши лозим.

Жаҳоннинг шоҳмот бўйича 2-чемпиони Э. Ласкер (у бу унвонни энг кўп - 27 йил мобайнида бировга бермаган!) “Шашка - шоҳмотнинг онаси...”деб таъриф берган. Л. Толстой “Уруш ва тинчлик” асарида Кутузовнинг ҳарбий тактикасини шашка ўйинига қиёслаб, Наполеон қўшинларига қарши жангда иккала томондан қурбон бўлаверса хам, аскари кўп рус саркардаси барибир ғалаба қозонаверади, деган. Яъни, шашкада тоши ортиқ томон ютишига ишора қилган.

Шохмот ва шашка – бу илм, санъат ва спорт. Бу ўйинлар назарияси илмий жиҳатдан деярли тўла ўрганиб чиқилган. Уларда ўта гўзал, жозибали, ақл бовар қилмайдиган, мантиққа сира тўғри келмайдиган комбинациялар, этюдлар борки – булар хақиқий, бетакрор ва инсонни лол қолдирадиган ноёб санъат асарларидир.

Икки томоннинг тахта узра баҳси – бу жанг, кураш, ижод, ғалабага интилиш, чорасиз ҳолатда дурангга эришиш, ҳийла-найранг ишлатиш, тузоқ қўйиш, пойлаш, тўсатдан ҳамла қилиш демакдир. Мусобақаларда қатнашиш, кучлилар сафида юриш, изланиш, тинмай мехнат қилиш, рақиб услубини ўрганиш, қиёслаш,тахлил қилиш ва чемпион даражасига кўтарилиш, барчадан ўзиб кетиш – бу спортга хос белгилар.

Шашка қадимий ўйин, халқнинг топқирлиги ва ижодкорлиги. Барча юртларда шашкани ўйнашган, ўзларича хар хил қоидалар ўйлаб топишган – “чиппак”(“фук”), “орқага тош олиш йўқ”(итальянлар), “сатр”, асир қилиш(“запирание”) ва х.к.

- Айтишларича, бошқа спорт турларига қараганда, дейлик шоҳмотга нисбатан шашка мусобақалари нисбатан камтарроқ, камхаржроқ ўтказиларкан. Совға-совринлари ҳам бундайроқ дейишади. Баъзан мусобақа бўлганини, ҳатто, кўпчилик билмай қолади, яъни тарғиботи суст. Нега шундай?

- XIX асрга келиб мамлакатлараро мусобақалар ўтказиш бошланди. Энди қоидаларни бир тизимга келтириш, ўзаро келишиш зарурияти пайдо бўлди. Халқаро учрашувлар ташкил этиш учун 100катакли шашка хам(тахта 10х10, томонларда 20тадан тош) жорий этилди. Шўролар даврида 15та республика ва қардош давлатлар ўртасидаўтказилган беллашувларда асосан рус қоидалари қабул қилиниб “64катакли рус шашкаси” ибораси пайдо бўлди. Бу эса биз мустақил бўлгандан кейин кўпчиликка ёқмади. Шохмот ривожланишида давом этди, шашкани хеч қандай асоссиз, бир сўз учун чеккага суриб қўйишди. Мусобақалар дастуридан шашкани олиб ташлашди. Секин-аста умумтаълим ва спорт мактабларида, ўқувчилар уйида ва бошқа жойларда шашка бўлимлари ёпилди. Ваҳоланки, шашка дунёдаги энг арзон, ортиқча маблағ талаб қилмайдиган, ҳамма ўйнай оладиган спорт тури. Уни уйда, кўчада, далада, хар қандай транспорт турида кетаётиб, кунда ва тунда, ўтириб, туриб ва ётиб хам ўйнаш мумкин. Шашка ақлни чархлайди, инсонни мулохаза қилишга, завқ олишга ...ўргатади.

- Бир пайтлар мактабларда, “пионерлар уйлари”да шахмат-шашка тўгараклари фаол ишлаган ва улардан ўнлаб, юзлаб истеъдодлар етишиб чиққанди. Бугун-чи?

-Сиз тилга олган жойларда бир пайтлар истеъдодлар етишиб чиққани рост. Бироқ юқоридаги сабабларга кўра... хуллас шунақа гаплар. Вилоятимизда шашка асосан Избоскан туманида аввалдан яхши ривожланган. Бу ерда Боқижон Хожиматов, Маматкарим ака каби республикамиз ва четда танилган шашкачилар етишиб чиққан. Шу заминда туғилиб ўсган, шу спорт туридан водийда биринчи спорт устаси Турсунбой Исмоилов ажойиб устоз эди. У андижонлик гроссмейстер А. Тоштемировни тарбиялаган. Избосканлик таниқли спорт усталари К. Мирзаева, Д. Хайдаров ва ушбу сатрлар муаллифи улкан салохиятли мураббий Т. Исмоилов шогирдлари хисобланамиз. Бугун шашкачилар тайёрлаш анъанасини, янгича ёндашувлар асосида бўлса ҳам тиклаш керак. Акс ҳолда ... ёш истеъдодларни юзага чиқаролмай қоламиз.

- Сизнингча, дунёнинг ва Ўзбекистоннинг ҳамма даврларда энг кучли шашкачилари учлиги кимлардан иборат?

- Жаҳоннинг 64 катакли шашка бўйича энг зўр амалиётчи ва назариётчиси З. Цирик (Харьков ш.), Литвинович (Санкт-Петербург ш.) ва ҳамюртимиз М. Фозилов деб ўйлайман. 100катакли шашка бўйича нидерландиялик Тони Сейбрандсга тенг келадигани бўлмаган, ўша мамлакат вакили Харм Вирсма – етти карра жаҳон чемпиони унвонини олган. А. Андрейко ва А. Гантварглар хам дунёга донғи кетганларадан. Ўзбекистонимизда Л. Хейф, С. Давидов ва Шарифжон Яқубовлар катта из қолдиришган.

- Замонамиз кишилари дунёнинг у ёхуд бу бурчидаги бирор номдор футболчи, баскетболчи ё хоккейчини ёки бошқа бирор спортчини керак бўлса таржимаи ҳолигача ёддан айтиб беришади. Лекин шашкачилар хусусида... Машҳурлик шашкачиларга бегонами?

- Бу, инсоннинг қизиқишига, дунёқарашига боғлиқ. боғлиқ. Шашка оламининг ҳам ўз машҳурлари бор. Улардан бири Т. Сейбрандс саналади. Уни хеч ким юта олмаганидан сўнг, мусобақалардан воз кечди. У ўз мамлакатида анъанавий равишда бир йилда бир маротаба бир пайтда бир йўла 300 киши билан дона суриб, деярли хаммани мағлуб эта олган ва ўша партияларни аксариятини эслаб, қайтариб бера олган. Лекин, очиғини айтганда, таниқли шашкачилар камсуқум, оддий бўлишади. Улар машҳурликдан эмас, ўйиндан завқ олишади.

- Ота-она боласида шашкага мойиллик ёки ажиб қизиқишни сезишса, уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Шашкага, яъни ўйинга берилгач, болада илмга қизиқиш сусаяди, дегувчилар ҳам бўлган...

-Биринчи саволга жавоб шу: болага шашка олиб беринг, сал-пал ўргатиб қўйинг, биронта устозга беринг – вассалом. Иккинчисига эса... келинг, ўзимнинг ҳаётимдан мисол келтира қолай. Учта фарзандим бор. Барчаси республика ва халқаро миқёсда дона суришган. Масалан, набирам Зебинисо Мамасолиева шашка бўйича икки карра Осиё чемпиони (2013,2015йй). Бу хобби, иккинчи истеъдод,. Мени зурриётларим асосан илмни танлашди. Ўғлим тарихчи, рахбар, бир қизим – математик. Катта қизим рус ва араб тили бўйича етук мутахассис, муаллима. Набирам Давронбек Шарқшунослик университетининг 1-босқичини тугатди. Рус, инглиз, немис ва араб тилларини билади. Демоқчи бўлганим – ақллилар ўйини билан шуғулланиш илмга туртки беради.

- Гольф - киборлар ўйини бўлса, шашка-чи?

- Шашка камтар, мулоҳазали, беозор, ҳаётда хушчақчақ инсонлар ўйини.

- Шашка ҳаётда сизга нима берди?

-Мен Ўзбекистонимизни ҳамма вилоятларида бўлдим, кўплаб дўстлар орттирдим, яхши рус тили ва адабиёти мутахассиси бўлдим. Мен мусобақаларга борганимизда тарихий қадамжоларни зиёрат қилдим ва китоб тўпладим. Хуллас, яхшилик кўрдим.

- Шашкани юртимизда янада ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш зарур?

-Бизда кўплаб шашка усталари, дунёга машҳур чемпионларимиз бор. Уларга эътибор йўқ. Уларнинг тажрибасидан, илмидан, махоратидан фойдаланиш зарур. Кўп нарса (ва асосийси ортиқча маблағ!) талаб қилмайдиган шашка спорт турини жонлантириш учун оммавий мусобақалар, байрамлар ва айниқса “сеанс”лар ташкил этиш керак. Ўзбек тилида шашка дарсликлари чоп этиш, ўқув даргоҳларида машғулотлар олиб бориш учун она тилимизда шашка қоидалари, низомлари ва дастурлари ишлаб чиқиш вақти аллақачон етиб келган, деб ўйлайман.

- Самимий ва ошкора суҳбат учун ташаккур!

Суҳбатдош: Ҳалимжон ТОҲИРОВ.