СОҒЛОМ ЖАМИЯТ ВА СОҒЛОМ КЕЛАЖАК УЧУН ЕТУК КАДРЛАР ТАЙЁРЛАЙМИЗ
01.09.2022 542
Орзиқиб кутган кунга етиб келдик. Бу айём шукуҳи, сурури, ҳаяжони ўзгача. Бу кун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллигикенг нишонланадиган, тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган шонли санадир.
Албатта, фуқароларнинг фаровонлиги, тинчлиги, эмин-эркинлиги таъминланган мустақил юртда истиқомат қилаётган ҳар бир киши ушбу байрамдан байрамга қадар ўтган бир йил мобайнида мамлакатимизда, ўзи яшаётган ҳудуд ва жамоада юз берган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида ўйлайди. "Мен ушбу шодиёнага қандайсовғалар тайёрладим? Мен раҳбарлик қилаётган муассасада таълим-тарбия, маънавий-маърифий ишлар, давлатимиз томонидан олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида қабул қилинган қарорлар қай даражада амалиётга тадбиқ этилмоқда, талабаларнинг илмий-амалий ташаббускорлигини ошириш борасида қандай инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди?" деган саволлар туғилиши табиий.
Мазкур масалаларга тўхталишдан аввал яна бир муҳим муаммо тўғрисида мулоҳаза юритишни лозим топдим. Гап шундаки, халқимизнинг сиҳат-саломатлиги йўлида хизмат қиладиган тафаккури теран, дунёқараши кенг, юртга садоқатли, бугунги олиб борилаётган одил ва адолатли сиёсатни холис баҳолай оладиган илмий-маърифий салоҳияти етук кадрларни тарбиялаш ўта масъулиятли ва айни пайтда шарафли вазифадир. Масъулиятли жиҳати шундаки, институтимизда инсон саломатлиги посбонлари тайёрланади. Дейдиларки, сапёрлар бир марта адашадилар, аммо шифокорларнинг хатога йўл қўйиши мумкин эмас. Чунки гап инсон тақдири, унинг ҳаёти ва келажаги ҳақида бораётганлигининг ўзи масаланинг моҳиятини янада яққол намоён этади.
Айнан бу борада Президентимизнинг тиббиёт институтларида етук мутахассисларни тарбиялаш, уларда тиббий кўникмаларни ҳосил қилишда етарли шарт-шароитларни яратиш учун олийгоҳларнинг моддий-техника базаларини мустаҳкамлаш борасида кўрсатаётган ёрдамини алоҳида қайд этгим келади.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ташрифи давомида 2021 йил 21 июндаги "Янги Андижон" шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги" қарорига асосан 2021-2022 йилларда клиника ҳудудида 1000 ўринли ўқув лаборатория биноси (лойиҳа-смета қиймати 108,2 млрд. сўмни ташкил этади) қурилиши учун 50 млрд. сўм давлат бюджети маблағи ҳамда институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 15,0 млрд. сўм ажратилди. Ҳозирда, клиника ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида 1000 ўринли ўқув биноси қурилиши олиб борилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги"Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги "Республикада олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"гиқарорида давлат-хусусий шериклик асосида олий таълим муассасалари моддий-техник базасини ривожлантиришни жадаллаштириш ва талабалар турар жойларини барпо этиш белгиланган.
Юқорида қайд этилган топшириқларни бажариш мақсадида хусусий тадбиркор "Асадилло омад имкон" МЧЖ томонидан Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицей ҳудудида 400 ўринли талабалар турар жойи (лойиҳа-смета қиймати 28,2 млрд. сўмни ташкил этади) қурилиши олиб борилмоқда.
Умуман олганда, олийгоҳимизнинг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ўтган йилнинг ўзида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 4 млрд. 626 млн. сўм ўзлаштирилди. Аудитория ва лаборатория хоналарига 3 млрд. 899 млн. сўмлик тиббий техника ва мебель жиҳозлари сотиб олинди. Клиниканинг маърузалар зали мукаммал таъмирланиб, бунинг учун жами 1 млрд. 528 млн. сўм маблағ сарфланди.
Давлатимизнинг кўрсатаётган моддий ва маънавий ёрдамларидан ниҳоятда хурсандмиз. Бу эътибор бизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда. Янада ишонч билан, янада аниқ мақсадлар билан олға интилишга чорламоқда. Мана шу ғамхўрликлардан руҳланиб, институтимиз раҳбарияти, профессор ўқитувчилари имкон қадар ёшларга малакали билим, тиббиёт соҳасидаги инновацион изланишлар, технологиялар, кашфиётлар ҳақида мукаммал тушунчалар бериб бормоқдалар. Бунинг натижасида талабаларда илмий ва ижодий ташаббускорлик ортиб бораётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Фикримни биргина мисол билан изоҳламоқчиман. Фақатгина шу йилнинг ўзида 1 та докторлик ва 10 та фалсафа докторлик диссертациялар ҳимоя қилинди. Бундан ташқари 25 нафар талаба таянч докторантурада таҳсил олмоқда.
Институтимизнинг профессор ўқитувчилари жорий йилда 9 та монография чоп этиб, 16 та илмий тадқиқот ишларига патент олдилар. Таълим, фан ва даволаш муассасалари билан инновацион корпоратив ҳамкорликни самарали ташкил этиш бўйича 147 та рационализаторлик таклифлари ҳамда 198 та ишланмалар клиник амалиётга тадбиқ этилди. Мана шу тадқиқотлар самараси ўлароқ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таъсис этилган танловда "Андижон вилояти Марҳамат туманида гастроэнтерология ва эндокринология соҳасидаги сурункали касалликларни диагностика, даволаш ва профилактика қилиш бўйича инновацион усулларни жорий этиш" юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланди. Ҳозирда лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш учун ушбу вазирлик томонидан ажратилган 963 млн. сўм маблағ ўзлаштирилмоқда.
Олий ўқув юртимиз дунёнинг 15 дан ортиқ нуфузли илмий ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Келишувлар доирасида профессор ўқитувчи ҳамда талабаларимиз халқаро конференциялар, илмий-амалий анжуманларда иштирок этиш, шунингдек, малака ошириш, академик алмашинувлар дастурига мувофиқ юқорида номлари зикр этилган тиббийтадқиқот марказларида амалий кўникмалар ҳосил қилиш имкониятларига эга бўладилар.
Масалан, ўтган йили 4 нафар, жорий йилда 9 нафар профессор-ўқитувчилар Россия, Словакия, Туркия, Италия мамлакатларида малака ошириб қайтдилар.
Шу йилнинг январь-август ойларида Россия, Германия, Украина, Туркия, Исроил давлатларидаги ҳамкасбларимиз билан 15 маротаба онлайн видео маърузалар уюштирилди. Шунингдек, Россия, Германия, Украина, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон республикаларидан 25 нафар хорижий мутахассислар олийгоҳимизга ташриф буюришиб, бу ердаги таълим-тарбия ва тиббиёт амалиёти соҳасидаги иш тажрибаларимизни ўрганиб қайтдилар.
Албатта, эришилаётган муваффақиятларимизнинг бирдан бир асоси бу мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан олий таълим самарадорлигини тубдан ошириш ҳамда таълим-тарбия ишларини Янги Ўзбекистон талаблари даражасида ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар натижасидир.
Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун фан ва спорт тўгараклари фаолиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир институтда 12 хил спорт, 40 та фан тўгараклари, шунингдек, 5 та ижтимоий ("Шифокорлар" театр, "Улфатлар", "Қувноқлар ва зукколар", Ботир Зокиров номидаги "Ёш гитаристлар", "Тонг юлдузи" маърифат майдони ва "Андижон полькаси") 1 та чеварчилик, 1 та пазандачилик тўгараклари ташкил этилган. Саҳна асарларининг ёшлар тарбиясидаги ролини ошириш мақсадида, институтда ҳаваскорлик театр тўгараклари йўлга қўйилди.
Талабаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар,қонунчилигимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, бой тарихий, миллий ва диний анъаналаримизга ёт бўлган ғоялар, яъни терроризм, сепаратизм, прозелитизм, диний ақидапарастлик, миссионерлик, "оммавий маданият", гиёҳвандлик, уюшган жиноятчилик ва бошқа иллатларга муросасизлик ва уларга қарши кураш руҳида тарбиялаш борасида "Ахборот ва мураббийлик" соати машғулотларида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Иқтидорли талабалар билан ишлашда уларнинг маънавий баркамоллигига, ахборот технологияларидан оқилона фойдалана олишлари ва чет тилини яхши билишлари ҳисобга олиняпти. Шунинг учун ҳам "Президент", "Ибн Сино", "Ислом Каримов" давлат стипендиялари, "Келажак овози", "Меҳр Нури", "Зулфия", "Мард ўғлон", "Йил талабаси" танловлари ғолибларининг сони кўпайди.
Ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги учун бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларимиз "Меҳнат шуҳрати","Дўстлик" орденлари, "Шуҳрат","Меҳр-саховат", "Соғлом турмуш" медаллари, "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" фахрий унвонлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.
Юқорида айтганимдек, биз зиммамизда қандай масъулиятли вазифа турганини теран англаймиз. Зотан, саломатлик фақат бир шахс ҳаётини белгилайди, десак адашган бўламиз. Тиббиёт бу - соғлом жамият, соғлом авлод, соғлом келажак, соғлом ҳаёт демакдир. Мана шу ҳикмат мағзини чуқур англаган ҳолда жамоамиз билан тиббиёт муассасаларига ҳар жиҳатдан етук, билим, салоҳияти юксак, зиммадаги вазифани, масъулиятни чуқур англайдиган иқтидорли мутахассислар тайёрлаб беришни ўзимизнинг Ватан ва халқ олдидаги юксак бурчимиз деб биламиз.
М.МАДАЗИМОВ,
Андижон тиббиёт институти
ректори, профессор.
