Андижонда

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТЛАРИ АМАЛДА


02.02.2023   443

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган жорий йилдаги Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимидаги кенг қамровли ислоҳотлар алоҳида қайд этилди. Аммо ҳамон тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани афсус билан таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар ҳақида тўхталар экан, қатор ваколатлар прокурордан судга ўтказилишига эътиборимизни қаратди. Жумладан, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади. Терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади.

Жорий йил 16 январдаги “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлар орқали мурожаатномада белгиланган мазкур вазифалар ижроси ўз ифодасини топди, юз берадиган ислоҳотлар мустаҳкамлаб қўйилди. Тизимнинг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш учун 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Стратегияда одил судловни таъминлашнинг устувор вазифаси сифатида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорларини қабул қилишга эришиш орқали юртдошларимизнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлаш масалалари белгиланди. Эндиликда фуқаролар шу жумладан, тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилиши учун зарур имкониятлар яратилиб, жараёнда тортишув ва тарафларнинг тенглик тамойилларини тўлақонли амалга ошириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш ҳам муҳим вазифа дея қайд этилди. Бундай ўзгариш ва янгиланишлар адолатли давлат барпо этилаётган мамлакатимизда одамларнинг суд тизимини ўзининг энг ишончли ҳимоячиси сифатида ҳис қилишига пухта замин яратади.

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида қабул қилинган мазкур ҳужжатлар судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтирмоқда. Судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш мезонларини белгилаб бермоқда. Суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлашда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти оширилиб, халқимизнинг одил суд ва давлатдан рози бўлишиучун ҳаракат қилинмоқда.

Фармонда туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилаётгани суд қарорлари қонуний ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг қулай ва соддалаштирилган тартибини яратаётир. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилади. Бунда биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади. Суд ишидан яна норози бўлган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тафтиш тартибида кўриб чиққан ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади. Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга умид ва ишончини мустаҳкамлайди.

Инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилган ушбу меъёрий ҳужжатларда судьяларнинг чинакам мустақиллиги таъминланиши, уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши белгилангани ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги ва сифатли босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг қонуний кафолатлари янада кучайтирилиб, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиши, далилларга холисона баҳо берилиши, ҳуқуқ-тартибот идораларининг тамомила янгича ишлаши ва халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишда муҳим ўрин тутади.

З.Тўхтасинов,

Андижон туманлараро

маъмурий суди судьяси