Атрофга назар

Суд тизими ислоҳотларнинг янги босқичида


19.06.2024   483

Мамлакатимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини янада кенгайтириш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги барчамизга яхши маълум.

Жумладан, Президентимиз томонидан 2023 йил 11 сентябрда имзоланган ҳамда тараққиётга эришиш йўлидаги 100 та муҳим мақсадни илгари сурувчи “Ўзбекистон - 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонда назарда тутилган муҳим йўналишлардан бири ҳам “қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланганлиги бежиз эмас.

Мазкур ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун, аввало, Конституция ва қонунлар устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш каби қатор вазифаларни босқичма-босқич рўёбга чиқариш белгилаб қўйилган.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июнь куни қабул қилинган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони “Ўзбекистон-2030” стратегиясида илгари сурилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, “Инсон қадри учун” тамойили асосида шахс ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилади.

Шундан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.

Фармонга биноан, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.

Тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Фармонга мувофиқ, тергов судьясига санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ҳамда фақат қонунга бўйсунади.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз. Бу масала Конституциямизда алоҳида қайд этилган. Жумладан, Бош қомусимизнинг 27-моддасида “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга” эканлиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши белгилаб қўйилган. Ушбу муҳим жиҳатлар, умуман, шахс ҳуқуқ ва эркинлигининг ишончли ҳимоя қилиниши эса қонун устуворлигининг таъминланиши демакдир.

Шу боис ҳам қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш каби масалалар тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фаррух Абдураимов,

Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари