Андижонда

Сўзга бағшида умр


18.07.2026   17

Серқирра ва сермаҳсул ижодкорлардан бири, шеърият ва наср, драматургия ва публицистика майдонларида ўзининг овози ва ўзига хос услубини ярата олган адиб Фарид Усмон бугун муборак саксон ёш қаршисида турибди. Бу сана оддий тақвим рақами эмас, балки халқ маънавиятига бағишланган бир умрнинг, сўз ва санъатга фидо этилган ҳаётнинг, эзгулик ва гўзалликка хизмат қилган қалбнинг юксак сарҳисобидир.

Фарид Усмон 1946 йил 1 август санасида қадимий ва навқирон Андижон шаҳрида таваллуд топган. Тақдир унинг пешонасига қалам ва сўз билан яшаш, инсон қалбига шеър орқали йўл топиш қисматини битиб қўйган эди.

1970–1980 йиллар Фарид Усмон ижодий камолотининг муҳим босқичи бўлди. У Андижон педагогика институтларида дарс берди, «Шонли меҳнат» газетасида фаолият юритди, билим юртларида ёшларга сабоқ берди. Бир қўлида китоб, бир қўлида қалам билан кечган бу йиллар унинг ижодий тақдирини белгилаб берди.

1985–1987 йилларда Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олиши Фарид Усмон ижодида янги саҳифа очди. Бу даргоҳ унинг учун нафақат таълим муассасаси, балки жаҳон адабиёти ва бадиий тафаккур оламига очилган кенг дарвоза бўлди.

Фарид Усмоннинг ижодий ва меҳнат фаолиятида матбуот ва адабиёт соҳаси алоҳида ўрин тутади. У нафақат шеър ва наср майдонида, балки таҳририят минбари орқали ҳам халқ маънавиятига хизмат қилди. 1988–1998 йилларда республика болалар адабиётининг нуфузли нашрларидан бири бўлган «Гулхан» журналида катта муҳаррир вазифасида фаолият юритди.

Фарид Усмонни мен бундан қарийб йигирма беш йил муқаддам, лицейда таҳсил олиб юрган кезларимда танигандим. Ижод намуналаримни қўлтиқлаб, "Келажак" газетаси таҳририятига келгандим. Таниқли шоир ва муҳаррир Фарид Усмон билан учрашиш олдидан ҳаяжон ҳам, қўрқув ҳам бор эди. Самимий суҳбат давомида у киши менинг ёзганларимдан кўра, қалбимдаги ижодга бўлган ишончни асраб қолишга ҳаракат қилдилар. Ёш қаламкаш учун эса ана шу ишонч ҳар қандай мақтовдан ҳам қимматли эди.

Бугун устознинг муборак 80 ёшлик юбилейи муносабати билан ана шу самимий хотиралар яна бир бор ёдимга тушади. Ҳаётда баъзи учрашувлар инсон тақдирида из қолдиради. Мен учун Фарид Усмон билан бўлган ўша илк учрашув ана шундай унутилмас учрашувлардан бири бўлиб қолган.

Фарид Усмоннинг ижод олами кенг ва ранг-барангдир. Унинг қаламида шеър ҳам, ғазал ҳам, достон ҳам, наср ҳам, драматургия ҳам бирдек самимий ва табиий жаранглайди. Шоирнинг илк китоби — «Ёшлик баёзи» 1976 йилда китобхонлар қўлига етиб борган бўлса, кейинги йилларда унинг қаламидан бирин-кетин ўнлаб шеърий ва насрий тўпламлар дунё юзини кўрди.

«Водий ғазаллари», «Бойчечак», «Ёшлик ғазаллари», «Учқур тойчоғим», «Умид гулзори», «Ул қаро кўз бўлмаса», «Қадр кечаси», «Навосиз наво», «Мен кичикмас каттаман», «Оқ олтинга кўк чироқ», «Қуёш расми», «Жон қуши», «Ҳусн девони», «Муҳаббат, о муҳаббат», «Руҳ булбули», «Қайларга қочай, Лайло», «Мени сев», «Янги ой», «Шакллар қўшиғи», «Шоҳ Бобур юлдузи», «Ўшал дамлар», «Шаршара», «Қайтиш», «Парвозга шайланган қалб», «Ҳаёт ва ҳаё», «Андижон юртида тўлган ой», «Бобур подшоҳ», «Бобур салтанат», «Сени севганим рост», «Тунда чопган оқ тулпор», «Хонлар тарихи», «Манзара» каби асарлари унинг сермаҳсул ва изланувчан ижодкор эканини яққол намоён этади.

Унинг ўн томлик сайланма асарларининг нашр этилиши ҳам шоир ижодий меросининг салмоғи ва кўламини яққол кўрсатади. Бу сайланмаларда Фарид Усмоннинг кўп йиллик ижодий изланишлари, ҳаёт ва инсон ҳақидаги мушоҳадалари, қалб кечинмалари мужассам.

Унинг «Рўмолчадаги қиз» ва «Ҳовлидаги ҳангома» номли саҳна асарлари Марказий Осиё давлатлари қўғирчоқ театрлари ўртасида ўтказилган халқаро танловларда бир неча бор совринли ўринларни қўлга киритди.

Адабиёт ва маданият ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик самарали ижодий ва жамоатчилик фаолияти давлатимиз томонидан ҳам юксак қадрланди. 2018 йилда у юксак давлат мукофоти — «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу мукофот, аввало, сўзга садоқат билан хизмат қилган, адабиётни умрининг мазмунига айлантирган, халқ меҳри ва эътирофига сазовор бўлган ижодкорга кўрсатилган юксак эҳтиром ва эътирофнинг ёрқин ифодаси эди.

Мана шундай. Ҳақиқий шоирлар вақт билан эмас, сўз билан яшайдилар.

Сардор Сирожиддин
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
.