Тафаккури теран, билими мустаҳкам ёшларни тарбиялайлик
21.04.2025 936
Мамлакатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифлари давомида қай бир объектга бормасин ёш ва салоҳиятли кадрлар, тадбиркорлар билан суҳбатлашиш жараёнида айни соҳа ва йўналишлар доирасида ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар. Айниқса, Бобур шаҳарчасида кўзлари ёниб турган йигит-қизлар билан мулоқот қилар эканлар, уларнинг Янги Ўзбекистон бунёдкорлари эканлигини алоҳида эътироф этдилар. Бу ишонч ёшлар зиммасига катта масъулият юклаши шубҳасиз.
Ташриф жараёнларини кузата туриб, келажак авлодга билим ва тарбия берадиган устоз сифатида ўзимга бир қанча вазифаларни белгилаб олдим. Айниқса, бугунги геосиёсий таҳдидлар ва глобал тармоқдаги турли ёт ғояларга қарши ёшларнинг ўз сўзи, мустаҳкам иродаси ва албатта, теран тафаккури бўлиши зарур.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 февралдаги“Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги Қонуни билан тасдиқланган Концепция дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур концепция Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принципларини ва устувор йўналишларини ва давлатчилигимиз ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган. Шунингдек, кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакатимизда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Конституциямизнинг 35-моддаси билан виждон эркинлиги, хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи кафолатланади ва диний қарашларни мажбуран сингдириш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқ дунёвий давлатдагина тўлақонли амалга оширилиши мумкин. Концепцияда қайд этилганидек, дунёвий давлат диний қадриятларнинг, эътиқодларнинг ҳурмат ва ҳимоя қилиниши, изчил ривожланиши учун зарур ижтимоий муҳит яратади.
Мазкур ҳужжатда виждон эркинлиги, дунёвийлик, дунёвий давлатва дунёвий қадриятлар, умумжамият манфаатларитушунчаларига кенг изоҳ берилган. Шунингдек, алоҳида бобларда Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш жараёнининг ҳозирги ҳолати; дин соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари ва принциплари; фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари; дунёвий давлатда умумий манфаатлар уйғунлиги ва виждон эркинлигини таъминлаш; дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва механизмлари тавсифланган.
Концепцияда «қонунлар билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этишга бўлган уринишлар, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, ижтимоий ахлоқ нормаларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан, товарлар ва хизматлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклаш, айрим давлат хизматчиларининг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги ҳамда жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи қонунга хилоф ғоялар ва қарашлар тарқалиши» ачинарли ҳоллар учраётгани келтирилган.
Ҳозирги кунда жамиятимизда барқарорлик таъминлаб келинмоқда, давлат томонидан фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқлари қонун устуворлиги асосида ишончли ҳимоя қилинмоқда.
Кўплаб маданий мерос объектлари, шу жумладан масжидлар, черковлар бинолари диний ташкилотларга фойдаланиш учун берилган бўлиб, у ерда фуқаролар диний маросимларни эмин-эркин адо этиб келмоқда.
Турли диний конфессиялар вакиллари диний байрамларни эркин ўтказмоқда. Шунингдек, зиёрат туризмини сифатли ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Буни кўпмиллатли вилоятимиз аҳлининг аҳил-иноқлигида, ўзбек, қирғиз, уйғур, тожик, рус, арман ва бошқа миллатга мансуб фуқароларнинг эмин-эркин яшашида, ўз урф-одат ва анъаналарини очиқ-ойдин нишонлашида яққол кўрамиз.
Расулжон ЮСУПОВ,
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар
институти доценти тарих фанлар номзоди.
