Андижонда

Таҳлил кўзгусида: ЧЎМИЧ СУВДАН КЎТАРИЛГАН ПАЛЛА


02.12.2022   191

Мана, миришкорлар тили билан айтганда, қиш оёқлагандан то кеч кузгача қилинган меҳнатлар ҳосили йиғиштириб олинди. Астойдилҳаракатларнинг натижаси чўмич сувдан кўтарилган паллада кўринади. Андижонни бежизга жаннатмонанд ўлка дея таърифлашмайди. Ҳудудимиз бошқа вилоятларга солиштирганда анчагина кичик бўлса-да, ишбилармон андижонликлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олишган.

Вилоятдаги мавжуд18,7 минг гектар майдондаги боғларда жорий йилнинг ўтган даврида 634 минг 923 тонна мева, 77 минг 125 тонна узум етиштирилди. Қарийб 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева ва узум, шунингдек, 2 миллион 500 минг доллардан зиёд қуритилган мева ва сабзавот 20 га яқин хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Якунланаётган йилнинг ўзида 802 гектар самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар бузилиб, ўрнига янги боғлар ташкил этилди. Яъни 611 гектар майдонда мевали боғ, 191 гектар майдонда узумзор барпо этилди.

Боғдорчилик борасида илғор технология ва тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётганлиги, турли касалликларга қарши белгиланган тартибда ишлов берилаётгани ҳосилдорликка самарали таъсир кўрсатмоқда. Қатор ораларига сабзавот ва полиз экинлари экиш бозорларнинг мўл-кўллигини таъминлаяпти.

Биргина Хўжаобод туманидаги “Навигул” қўшма корхонаси тасарруфида 500 гектар боғ мавжуд. Жорий йилда 6 минг 430 тонна ҳосил олинди ва унинг асосий қисми экспорт қилинди.

Қўрғонтепа туманидаги "Интерагростар" масъулияти чекланган жамиятининг40 гектарлик боғида гилоснинг бир неча тури етиштирилади. Маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган. Ютуқларда, албатта, қўли гул боғбонлар ҳиссаси катта. Улар барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириб келмоқдалар.

Бундай намунали фаолиятни “Боғи Фурқат”, Жалақудуқ туманидаги “Умиджон даласи” сингари илғор боғдорчилик хўжаликлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ер билан тиллашган боғбонлар вилоят иқтисодини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, бозорлар тўкинлигини таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқдалар.